Январда Ўзбекистон корхоналари 22,1 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарди
2019 йилнинг январь ойида республика корхоналари томонидан 22,1 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан саноат ишлаб чиқариш индекси 6,9 %ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишининг асосий омили бўлиб, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш – 5,3%га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат - 7,5%га, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш - 4,2%га ва сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилиш – 13,5%га ўсиши ҳисобланади.
Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан 2019 йилнинг январь ойида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 4,1 трлн. сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 18,7%ни ташкил этди.
2019 йилнинг январь ойида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 15,8 трлн. сўмни ёки жами саноат маҳсулотларининг 71,2%ини ташкил этди.
Электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондитциялаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 2,0 трлн. сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 9,2%ни) ташкил этди.
Сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 197,6 млрд. сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 0,9%ни) ташкил этди.
Тайёр маҳсулотлар турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 6,1 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг январь ойига нисбатан 18,4%га ўсишни таъминлади, жами саноатдаги улуши эса 27,6%ни ташкил этди.
Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан 7,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 35,1%ни ташкил этди.
Республика саноат ишлаб чиқариш ҳажми таркибида энг кўп Тошкент вилояти (республика саноат ишлаб чиқариш ҳажмнинг 15,8%), Тошкент шаҳри (14,3%), Навоий (14,3%), Андижон (10,2%), Қашқадарё (7,1%) ва Фарғона (5,8%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг табақаланиши таҳлили Навоий вилоятида (3267,4 минг сўм), Тошкент шаҳрида (1273,8 минг сўм), Тошкент (1216,1 минг сўм) ва Андижон (740,0 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражаси кўрсаткичидан (671,8 минг сўм) анча юқорилигини кўрсатмоқда. Республика бўйича аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши 185,2 минг сўм бўлгани ҳолда Андижон вилоятида 567,3 минг сўмни, Тошкент шаҳрида 491,6 минг сўмни, Навоий вилоятида 173,4 минг сўмни, Тошкент вилоятида 165,6 минг сўмни ва Сирдарё вилоятида 164,6 минг сўмни ташкил этди.
Ҳисобот даврида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 5,9 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисобот даврида кичик корхоналарнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 26,5%ни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида кичик бизнеснинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги энг юқори улуши Тошкент шаҳрида (жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 73,0%), Наманган (58,7%), Жиззах (50,1%), Самарқанд (43,3%), Сурхондарё (36,4%), Сирдарё (34,4%) ва Фарғона (27,6%) вилоятларида кузатилди.
Бугунги кунда республикада 59,0 мингта саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, шундан 13,7 мингтаси (мавжуд корхоналар умумий сонининг 23,2%) Тошкент шаҳрига, 6,5 мингтаси (11,0%) Фарғона вилоятига, 6,2 мингтаси (10,5%) - Тошкент вилоятига тўғри келмоқда.
2019 йил январь ойида Республикада 2424 та янги саноат корхоналари ташкил этилди, уларнинг 55,1 фоизи Тошкент шаҳри, Бухоро, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.
Мавзуга оид
13:58 / 31.10.2024
Ўзбекистонда кўпроқ қайси давлат фуқаролари таҳсил олаётгани маълум қилинди
10:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлатлар маълум қилинди
08:10 / 29.10.2024
Ўзбекистонда ўртача неча ёшда никоҳ қурилаётгани айтилди
11:19 / 25.10.2024