21:14 / 21.02.2019
94125

Жамшид Кенжаев суд ишида навбатдаги гувоҳ кўрсатмалари эътирозларга сабаб бўлди

21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошланган Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Суд жараёнининг олдинги мажлисларида экспертлар ва гувоҳлар сўроқ қилиниб тингланган эди.

Бугун, 21 февраль куни суд жараёнининг бошланганига бир ой бўлди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, бугунги мажлисда Иброҳим Синдаров гувоҳ сифатида чақирилган. Гувоҳга суд ҳайъати, давлат айбловчиси, айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари саволлар бериб ўтишган.

Иброҳим Синдаров

«Ўша куни «Chinatown» кафесида туғилган кун нишонлагандик. У ердан чиқиб «Aurum-898»га бордик. Ўйин-кулги учун 10-15 дақиқага кириш ниятида эдик. Ким биландир уришишни хаёлимизга келтирмагандик. У ерга 5 киши бўлиб боргандик. Очиғи, ҳаммаси тез вақт ичида бўлиб кетди. Кўп нарсани билмай ҳам қолдим. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин шок ҳолатига тушгандим. Анча вақтгача ўзимга келолмай юрдим. «Тўхтанглар» дейилса ҳам қўлларидаги таёқлар, стуллар билан келаверишди. Мен ҳаммасини кўришга улгурмадим. Тўлиқ ҳолатни кейинроқ видеони кўриб билдим. Шодали Жамшид акам билан нималарнидир гаплашди. Кейин Жамшид акам шапалоқ қўйиб юборди. Мендан тахминан 2 метрлар нарида тургани учун нималарни гаплашишгани менга қоронғи. Кўп нарсани илғамай ҳам қолдим. Ўша жойда қотиб қолдим. Ундан уёғини ақл илғамай қолди», дейди гувоҳ Синдаров.

Иброҳим Синдаров

Гувоҳнинг кўрсатмалари давомида унга нисбатан кўплаб эътирозлар бўлиб турди. Айбланувчиларнинг ҳимоячилари у терговдагига нисбатан бошқача кўрсатма берганини айтишди ва бу ҳақида суд раисига шикоят билдиришди. 

Адвокат ва прокурорнинг саволларидан сўнг, жабрланувчи (марҳумнинг беваси) ўз саволларини берди.

Суд мажлиси якунида жабрланувчи суд мажлисига бир неча саволлар мавжудлиги туфайли тергов ўтказган шахсларни ҳам чақиришни сўраб илтимоснома тақдим этди. Бундай саволлардан бири нега айбдорлар курсисида атиги 4 киши ўтиргани бўйича эди.

Суд ҳайъати прокурор ва айбланувчилардан илтимоснома бўйича фикрларни тинглади. Илтимоснома барвақт топширилган деб ҳисобланиб, рад этиш сўралди ва раислик қилувчи илтимосномани қаноатлантиришни рад этди.

Бошқа гувоҳлар келтирилмагани сабабли суд мажлиси 28 февраль кейинги пайшанба кунига қадар қолдирилди.

Мавзу
Тунги клубдаги фожиа
9 август куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клубида (собиқ «Ниагара») келиб чиққан пичоқбозлик оқибатида эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаевнинг вафот этиши билан боғлиқ воқеа шов-шувга айланди.
Барчаси
Top