13:09 / 23.02.2019
10096

Ўзбекистонда мактабларга кириш ва чиқиш жойлари бўйича петиция пайдо бўлди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида мактабларга кириш ва чиқиш жойларида йўлнинг қатнов қисмидан тротуарни бетон тўсиқлар билан ажратиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, кўплаб мактаблар автомобиль йўлларининг четида жойлашган. Уларнинг кириш ва чиқиш қисми бевосита йўлнинг ҳаракат қисмига туташади. 

“Бу мактаб ўқувчилари учун хавфни юзага келтириши мумкин. Қолаверса, кўплаб автомобиль ҳайдовчилари транспорт воситаларини мактабларга яқин жойларга тўхтатишади”, - дейилади петицияда.

Билдирилишича, бу ҳолат мактаблар атрофида тирбандликни келтириб чиқариши билан бирга ўқувчиларга дарс-машғулотлари давомида ноқулайликларни юзага келтиради.

“Ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш, турли нохушликларнинг олдини олиш мақсадида мактаблар олдидаги тротуарларни йўлнинг қатнов қисмидан ажратиб турадиган бетон тўсиқларни ўрнатишни таклиф қиламан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Top