Жаҳон | 09:22 / 28.02.2019
22539
2 дақиқада ўқилади

Порошенко ташрифларидан бири вақтида аёлнинг бошидан шапкасини юлиб олди (видео) 

Фото: Str/ZUMAPRESS.com

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Украина президенти Пётр Порошенко бир аёлнинг бошидан шапкасини юлиб олгани видеосини муҳокама қилишмоқда.

Маълум қилинишича, роликни биринчи бўлиб журналист Татьяна Висоцкая эълон қилган. Унинг таъкидлашича, видео Порошенконинг 27 февралда Запорожьега ташрифи вақтида суратга олинган.

Видеодан Порошенко халқ билан учрашув вақтида бир аёл унга нимадир демоқчилигини, бироқ Украина президенти унинг бошидаги шапкасини юлиб олганини кўриш мумкин. Фойдаланувчилар буни шахсан Порошенко қилганини таъкидлашмоқда, бироқ видеода аёлнинг шапкасини айнан Порошенко ёки унинг тансоқчиси юлиб олганини илғаш қийин.

“Аёл ундан “Жаноб президент, менга шапка ота олмайсизми?” деб сўраган. У эса ҳақиқий президент сифатида халққа йўқ дея олмаган. Бунинг бошқа сабабини кўрмаяпман”, деб киноя қилган бир фойдаланувчи. 

“Пётр иримчи. Украинада агар одамнинг бошидан бош кийимини юлиб олсанг, президент бўласан, деган удум бор”, деб кесатиб олган бошқа бир фойдаланувчи.

“Шапкасини ечиб олганмиш. Калласини шашка [қилич тури – таҳр.] билан узиб олиши ҳам мумкин эди”, деган бошқаси.

“Петя, нимага шапкани ечиб олдинг? Марьиванна биласизми, унинг ўзи биринчи бошлади”, деб киноя қилишда давом этган яна бир фойдаланувчи.

Бундан аввалроқ Порошенко Червоноградга ташрифи вақтида унга “Львовуголь” компаниясидаги қарзлар ҳақида савол берган маҳаллий фуқарони “ўз услубида чақиб олган”. “Мен қандай балерина бўлсам, сиз шундай кончи экансиз”, деб танбеҳ берган Порошенко.

Мавзуга оид