19:24 / 01.03.2019
20700

Катта навбатлар ва кам сонли ходимлар – Хоразм вилояти Давлат хизматлари марказлари фаолиятига назар

Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг дастлабки қадамлари ташланганига 15 йилдан ошди. 2003 йили тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун «ягона дарча» тамойили бўйича Инспекциялар ташкил қилинган эди. 2016 йил 1 январдан бошлаб уларнинг негизида «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан улар Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) айлантирилди.

Бугунги кунда аҳоли ва ишбилармонлар ўзларига зарур бўлган турли маълумотномалар, рухсатномалар, лицензияларни олиш ва бошқа кўплаб хизматлардан фойдаланиш учун ДХМга мурожаат қилишлари мумкин. Энди сиз турли идора ва ташкилотлар эшигини тақиллатиб юришингиз, раҳбарларининг имзоси, муҳрини кутиб ҳалак бўлишингиз шартмас. Бу хизматлар ДХМ томонидан, душанбадан жумагача, соат 9-00дан 20-00гача, танаффуссиз кўрсатилмоқда. Албатта бу тизим аҳолининг оғирини енгил қилмоқда, унинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит яратмоқда.

ДХМни ташкил қилишдан кўзланган мақсад – жисмоний ва юридик шахсларга юқори сифатли, тезкор, шаффоф хизмат кўрсатиш, бу соҳада бюрократия, сансалорлик ва энг асосийси коррупцияга йўл қўймаслик эди.

Давлат хизматлари рўйхатидан экология ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хизматлар, архитектура ва қурилиш, ФҲДЁ ва нотариат хизматлари, ҳуқуқий хизматлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, кадастр, ижтимоий хизматлар, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги хизматлар жой олган. Уларнинг сони ой, йил сайин ошиб бормоқда ва яқин келажакда 700га етиши кутилмоқда.

Хўш, бугунги кунда ДХМ қандай ишлаяпти, улар бу хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатишга тайёрми, уларнинг камчилиги ва муаммолари нималардан иборат? – шу саволларга Хоразм вилоятининг баъзи туманларидаги ДХМ фаолиятини ўрганган ҳолда жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Урганч шаҳридаги ДХМ, янги қурилган замонавий бинода жойлашган. Мурожаатчилар учун барча қулайликлар мавжуд: кутиш зали, юмшоқ ўриндиқлар, махсус касса ишлаб турибди. Одам гавжум бўлса-да, узундан-узун навбатлар йўқ.

Давлат хизматларини олис жойларга бориб кўрсатиш учун махсус жиҳозланган Isuzu автобуси бор. Туманларга бу мақсад учун Damas автомобиллари ажратилган.

Қайд этиш жоиз, давлат хизматларининг баъзилари пуллик асосда кўрсатилади. Уларнинг қиймати аниқ белгиланган. Хизмат пулини шу ернинг ўзида, махсус кассада тўлаш мумкин. Бундан ташқари, пластик карта орқали, Click ёки Payme тўлов тизимлари ёрдамида тўлаш имконияти ҳам мавжуд, бу жуда қулай.

Урганч туманидаги ДХМ, мурожаатчилар сони кўп, навбатлар узун. Бу ерда 9 нафар ходим ишламоқда, бир кунда 1000га яқин фуқарога хизмат кўрсатиляпти. Ҳар бир ходимга ўртача 100дан ортиқ мурожаатчи тўғри келмоқда, демак бир ходимга бўлаётган юклама жуда катта. Шу йилнинг май ойида ДХМ янги биноси ишга туширилиши режалаштириляпти. Ходимлар сони ҳам оширилиши кутилмоқда.

Хива тумани ДХМ, одам жуда кўп, навбатлар узун. 4 нафар ходим ҳар куни 300-400 мурожаатчига хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда ҳам ҳар бир ходим зиммасига ўртача 100 мурожаатчи тўғри келяпти. Шу йили ДХМ янги биноси ишга туширилиши режалаштириляпти. Ходимлар сони ҳам оширилиши кутилмоқда.

Хива шаҳар ДХМ, мурожаатчилар сони кўп эмас, навбатлар миқдори ўртача. 4 нафар ходим кунига 250-300 одамга хизмат кўрсатмоқда. Шу йили ёзда ДХМ янги биноси ишга туширилиши режалаштириляпти. Ходимлар сони ҳам 8 нафарга етказилиши кутилмоқда.

Хонқа тумани ДХМ, одам гавжум, навбатлар узун. 11 нафар ходим кунига 1000дан зиёд мурожаатчига хизмат кўрсатмоқда. Натижада, ходимларга бўлган юклама оғир. Май ойида янги бино ишга туширилиши режалаштирилган. Ходимлар сони эса 23 нафарга етиши кутиляпти.

Қўшкўпир тумани ДХМ, одам гавжум, навбатлар ўртача. 8 нафар ходим кунига 300-400 мурожаатчига хизмат кўрсатяпти. Янги замонавий бино апрель ойида ишга тушиши режалаштирилган.

Гурлан тумани ДХМ, одам гавжум, навбатлар узун. 8 нафар ходим кунига 150-200 мурожаатчига хизмат кўрсатмоқда. Ёзда марказнинг янги биноси ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, туманлардаги ДХМларда кўзга ташланадиган асосий муаммо – навбатларнинг жуда катталигидир. Бу ходимларнинг секин ишлаши ёки техник муаммолар билан эмас, балки мурожаатчилар сонининг кундан-кунга ошиб бораётгани билан боғлиқ. 2016 йилда хизматлар сони 15-16тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 100га яқинлашди. Деярли ҳар ойда ДХМга янги хизмат турлари қўшилмоқда, бироқ хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ўзгармаяпти, шароитлар яхшиланмаяпти.

Қайд қилиш жоизки, ДХМга мурожаат қилиш учун, шу ерга келиб, катта навбатларда туриш шартмас, унга davxizmat.uz веб-сайти орқали онлайн тарзда мурожаат юбориш ҳам мумкин. Бироқ, бунинг ҳам ўзига яраша мушкули бор: тизимдан фойдаланиш учун компьютер саводхонлиги бўйича пухта билим ва кўникмаларга эга бўлиш, OneID аутентификация тизимида тасдиқланган аккаунтга эга бўлиш, электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитидан фойдаланган ҳолда мурожаатни юборишни билиш керак. Бу сиз учун осонми? Унда сиз навбатда туриб, ҳалак бўлмайсиз, қимматли вақтингизни ва маблағингизни тежайсиз. 2019 йил 1 июлдан бошлаб ДХМ хизматларидан онлайн фойдаланганда унинг қийматини 10 фоиз арзон тўлаш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Аслида идеал тарздаги ДХМ шундай бўлиши лозим: мурожаатчи деярли барча хизмат турларидан масофадан туриб, марказга келмасдан, онлайн тарзда фойдаланиши лозим. Аммо одамларнинг компьютер саводхонлиги паст экани, тезкор ва барқарор интернет йўқлиги ва бошқа кўплаб сабаблар туфайли ҳозирча буни таъминлаш қийин.

Агар сиз компьютердан фойдаланишни билсангиз, аммо уйингизда компьютер бўлмаса-чи? Бунинг ҳам ечими таклиф қилинган. ДХМларнинг барчасида махсус инфокиосклар ўрнатилган бўлиб, ундан ЭРИ калити орқали бемалол фойдаланиш, керакли маълумотномани эса шу инфокиоскнинг ўзида чоп қилиб олиш имконияти мавжуд.

Қайд қилиш жоизки, қисқа муддатли кузатув давомида инфокиоскдан фойдаланаётган бирорта одамни учратмадик. Балки бунга тизимдан фойдаланишнинг бирмунча мураккаблиги ёки баъзи носозликлар сабаб бўлаётгандир? Чунки, инфокиоскларда my.gov.uz портали орқали энг оддий хизмат турларидан бири – солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) аниқлаб олишнинг имкони бўлмади. Бу эса тизимдаги хатолик билан изоҳланди.

СТИРни аниқлаш учун давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz сайтидан ҳам фойдаланиш мумкин. Шахсан мен буни биламан, аммо билмайдиган одамларчи? Улар яна ДХМда навбат кутиб туришларига, ходимларнинг иш юкламасини оширишига тўғри келади.

Шу йилнинг апрель ойидан бошлаб, Тошкент шаҳрида автомототранспорт воситаларини рўйхатга олишни ДХМ амалга ошириши эълон қилинди. Агар тажриба ўзини оқласа, бу тартиб барча вилоятларга жорий қилинади. Бундан ташқари, Олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топшириш ҳам ДХМ қошида ташкил қилиниши реажалаштирилмоқда. Шубҳасиз, бу ДХМларга мурожаатчилар оқимининг каррасига кўпайишига, навбатларнинг янада узунлашишига сабаб бўлади.

Ҳозирги кунда Хоразм вилояти туманларида ДХМнинг янги замонавий бинолари қурилиши бошлаб юборилган. 2020 йилга қадар улар фойдаланишга тоширилиши, ходимлари сони оширилиши, натижада мурожаатчилар учун янада қулай ва тез хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлиши, узундан-узун навбатларга барҳам берилиши кутилмоқда.

Хонқа тумани ДХМ янги биноси лойиҳаси

Ўзбекистонда ДХМ фаолиятининг йўлга қўйилиши шубҳасиз, фуқаролик жамиятини шакллантиришда олдинга ташланган жуда катта қадамлардан бири бўлди. «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида хизмат кўрсатилиши фуқароларнинг, ишбилармонларнинг вақтини, маблағини тежамоқда, оғирини енгил қилмоқда. Ҳозирги кунда ДХМларга юклатилаётган хизмат турлари миқдори ошириляпти, аммо фикримча, бунга монанд равишда хизмат кўрсатиш шароитларининг ҳам яхшиланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top