21:30 / 03.03.2019
26288

«Мукаммаллик даври» — Эл-Класико ҳақида

“Испания класикоси тугади”, деб ёзяпти кўпгина нашрлар. Ҳа, кимлар учундир тугаган бўлса, ажаб эмас. Дунё аҳли учун маъқул келадиган класико тугагандир балки. “Реал” таркибида афсонага айланган Роналду йўқ, шу боис ўн йилдан буён давом этиб келаётган супертўқнашувга якун ясалгандек манзара. Кимга керак бунақа қаҳрамонларсиз жанг, дейишмоқда. Қўшиламан, аммо...

Гвардиолага қарши мосланган Маур ҳам йўқ, жуда бўлмаса жанжал кўтариб ҳамманинг эътиборини ўзига тортадиган. Мадрид дарвозаси олдида уюштирилган ҳужум борки, “Барса”нинг голлари билан тугамоқда. Ла-лига жадвалида ҳам очколар фарқи 12тагача ошиб кетди. Шу ҳам класикоми? Ҳа, зоҳиран шунақа. Бироқ, уч кун ичида ўтказилган икки учрашув масаланинг бошқа томонларини очиб бермоқда. Ҳозир шу ҳақда ёзмоқчиман.

Санъатда азалий савол бор: “спектакль, фильм, бадиий асар, айниқса, тасвирий санъат асари халқбоп бўлиши керакми ё мухлислар савиясидан юқорими?” деган. Бу тортишув поёнига етмайди. “Мухлисларбоп бўлиши керак”, дейдиганлар тушунарсиз асарларни танқид қиладилар. “Халқ тушунмайдиган бўлса, у асар нима учун керак?” дейдилар. Иккинчи тараф эса, “юқори дидли асарлар халқ савияси даражасига тушмаслиги керак, қайтанга омманинг дидини ошириш учун хизмат қилиши лозим”, дейишади.

Мен охирги икки класикони футболдаги санъат асарига — мухлисларга у қадар тушуникли бўлмаган асарга менгзаган бўлардим. Олдинги класиколардан фарқли равишда унда очиқ интрига кузатилмайди, икки даҳо тўқнашувини кўрмаймиз, мураббийлар номи юлдуз даражасига чиқиб улгурмаган, турнир жадвалидаги ҳолат ҳам мухлисларнинг эътиборини бошқа томонга қаратмоқда. Лекин яхшилаб 180 дақиқалик ўйинни таҳлил қиладиган бўлсак, унда олдинги класиколардан кўра ажиброқ жиҳатларни илғаймиз. Ишонаверинг, шу икки ўйин менга 2010 йилдан бошланган класиколардан анча дидлироқ кечди. Ҳа!

Биласизми, Вальверде бошқа мураббийлардан кўра инсофли ва ростгўй мутахассис. Сира алдаганини эшитмаганман. Каталонияга келиб, илк класикода қақшатқич зарба қабул қилганида ҳам, Мадридга келиб иккита ғалабани қўлга киритганида ҳам ўзгармагани мени қойил қолдирган. Ана шу мутахассис кубок ўйинидаги ғалабасидан сўнг жамоасини ёмон ўйнади деб танқид қилди. “Хулосалар чиқаришимиз керак”, деди.

Тасаввур қиляпсизми, Моуриньо худди шу ҳолатда асл муаммоларни юзага олиб чиқармиди? Йўқ, бутунлай сўз ўйини қилиб, ичида ўйлаб турган гапларини ташқарига чиқармай, йигитларнинг суперўйинини чиройли таърифлаб қўя қоларди.

Хуллас, Вальверде йирик ҳисобли ғалабадан сўнг ҳам ўйинида муаммолар борлигини айтди ва уч кун ичида анча ишлаганини кейинги баҳсда кўрсатиб берди. Ва қизиғи, 1:0га ютган учрашувидан мамнун бўлмоқда: “Олдинги ўйинда кўп муаммога дуч келгандик. Баъзи ўйинлардаги ҳисоб алдамчи бўлади. Мисол учун, биз Чемпионлар лигасида “Лион” дарвозаси олдида 20дан зиёд голли вазият яратдик, гол ура олмадик. Ўйин тугагач, ҳамма бизни танқид қилди, аслида мен ўйиндан рози эдим. Кубокдаги ўйинимиз биздан кўра “Реал”нинг мазмунли ўйини билан ёдда қолди. Биз тўпни кўп ушлаб тура олмадик. Зоналарни яхши ёполмадик. Мадрид вазиятларидан фойдалана олмаслиги ҳисобига енгиб кетдик. Лекин лига учрашувида биз барча жабҳада устунлик қилдик. Демак, ишларни тўғри олиб боряпмиз!”

Кўряпсизми, икки ўйиндаги парадоксроқ ҳолатларни. 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа мураббийи уч кундан кейинги ўйинга кўпроқ меҳнат қилиши қачон кузатилган? Ҳеч эслай олмадим. Вальверде бу ерда ўзининг тактик ёрдамини кўрсата олди. Артурни тушириб, марказдаги схемасини ўзгартириб, хусусан Лукаснинг ўрнини эгаллаган Бэйлнинг бугунги ҳолатидан унумли фойдаланиб, Мадрид жамоасини қуролсизлантирди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак ҳам, кубок ўйинида рақибларини кўпроқ алдаган Винисиус бу сафар анча қаршиликка учради. Каземиронинг заиф томонлари кўзга ташланиб қолди. Бэйлнинг унумсиз ўйини туфайли Модрич ўз иши қолиб чап қанотда ҳам ҳаракатланишига тўғри келди, бу эса, “Барса”нинг марказидаги ишларини осонлаштирди.

Қарши ҳужумларда “Реал” бирор марта рақибдан сон жиҳатидан устун бўла олмади. Олдинги баҳсда тескариси бўлганди. Қироллик клубининг ҳар бир қарши ҳужуми қўрқинчли тус олганди. Вазиятни голга айлантириш масаласи эса, бошқа масала. Роналдунинг йўқлигини шу нуқтадагина эсга оламиз.

Вальверде биз билган “Барселона”ни ҳужумдан кўра ҳимояда мазмунлироқ ўйнашга ўргатди, деяпмиз. Тўғри, лекин бу мутахассис ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўриши билан-да олдинги барсачи мураббийлардан фарқ қилади. Таваккалчилиги йўқ, муаммоларини тўғри баҳолайди, хуллас, уни енгган жамоа кейинги тўқнашувда кўп эҳтимол юта олмайди.

Яна бир муҳим жиҳат: мана шу ажойиб тарзда ўтган икки класикода Месси гол уролмади. Ўзи у анчадан бери бош қаҳрамон бўлмаяпти. Класиконинг янги даври бошланганини кўрсатмайдими бу факт? Балким ўзининг асосий рақиби йўқлиги учун ҳам бор имконияти даражасида ўйнамаётгандир. Ўзи учун класико аҳамияти йўқолгандир балки. Хуллас, тахминлар кўп.

Эндиги класиколарни олдинги ўлчовлар билан томоша қилмаслигимиз керак. Истасак ҳам, истамасак ҳам, Роналду-Месси тўқнашуви энди бўлмайди. Ўз услубига эга бўлган, муқим услубини ушлаб олган мутахассислар тўқнашуви ҳам бўлмайди. Тактик усталарининг юришлари, жанжалсиз, ортиқча даҳмазаларсиз ўтажак ўйинларга тараддуд кўраверинг энди!

Месси ҳам бир куни кетади. Футбол шу кунни ҳам кўришга маҳкум. Ана шунда бу жамоалар ўртасидаги санъат асари янада мукаммалашса керак, деб ўйлаяпман. Баъзан мукаммаллик одамни ўзига кўндириб, унинг давомидан қўрқитади. Роналдусиз “Реал” анча қийналяпти, лекин ўйин сифати ўзгаргани яққол сезилмоқда, муҳими шу.

Олдинги класиколарнинг баъзиларида енгган бўлса ҳам “Реал” рақибидан нуқул заиф ўйнаган. Лекин ҳозир голсиз вазиятлар туфайлигина енгиляпти, ўйинни эмас, натижани ютқазяпти. Буни “Барса” мураббийи ҳам эътироф этаётганини айтиб ўтдик. Демак, мукаммаллик йўқолгач, жамоа бошқа йўлга тушиб олади. Бошқа мукаммалликни яратиш учун янги йўл очади ўзига.

Мадрид ҳозирча қийналар, аммо кейинчалик янги асрини бошлаши муқаррар. Худди шу нарса Каталонияда ҳам содир бўлади. Мессисиз даврида. Ҳозир эса, Лео яшил майдонда экан, жамоа камроқ меҳнат қилиб ҳам енга олади. Айтишадику, Месси бор жойда тактикалар ишламайди. Бу мукамаллик даври Каталония томонида ҳам вақтинча...

Хайрулла Ҳамидов.

Top