Спорт | 08:43 / 05.05.2024
9748
5 дақиқада ўқилади

«Реал» – чемпион. Мадридга Испанияда рақобатчи топилмади

Карло Анчелотти мавсумда фақат бир бор мағлуб бўлди ва фаолиятидаги 27-совринни қўлга киритди.

«Реал» Испания чемпионатида муддатидан олдин ғолиб бўлди. Аввалига жамоа уйда «Кадис»ни йирик ҳисобда мағлуб этди (3:0), кейин эса «Барселона» «Жирона»га ютқазди (2:4) ва мавсум якунига тўрт тур қолганида Карло Анчелотти жамоасини қувиб етадиган рақиб қолмади.

«Реал»нинг бу муваффақияти рақамларда.

Бу мадридликларнинг 36-чемпионлиги бўлди. Таъқибчилар анча ортда қолиб кетишган: «Барселона»да 27, «Атлетико»да 11, бошқаларда – ўнтадан камроқ. «Реал» сўнгги 12 мавсумда чемпионатда тўрт бор ғолиб чиқди. Аммо 2007 ва 2008 йиллар мавсумидан буён ҳозирча қаторасига икки чемпионликка эришилмаган – келгуси мавсумда бунинг учун навбатдаги уриниш амалга оширилади.

«Реал» ўтказиб юборилган голлар сони бўйича ажойиб мавсум ўтказди – 34 ўйинда атиги 22 бор. Қуруқ ўйинлар сони – 18 та, бу жами ўйинларнинг ярмидан кўпроқ. Жамоа сўнгги бор бундан камроқ гол ўтказиши 1968/69 йиллар мавсумида кузатилган – 21 гол, аммо ўшанда ўйинлар сони ҳам атиги 30 та бўлган.

Урилган голлар сони бўйича (ҳозирча 74) у қадар юқори кўрсаткич қайд этилмаяпти (масалан, 2011/12 йиллар мавсумида 121 гол урилганди), лекин «Реал» мавсумдаги деярли барча ўйинларни голсиз тарк этмаган. Фақат «Райо Валекано» билан ўйин бундан мустасно (0:0). Жамоа яқин тарихда ҳам кўп гол урмасдан чемпионатда ғолиб бўла олганди – 2019/20 йиллар мавсумида 70 гол билан.

«Реал» – чемпионатнинг энг томошабоп ўйин кўрсатган жамоаси эмас. Унинг иштирокидаги ўйинларда ўртача 2,83 тадан гол урилган, бешта жамоада эса бу кўрсаткич учтадан юқори.

«Реал» фақат битта ўйинда ютқазди – ўтган йил сентябрида «Атлетико»га қарши ўйинда 1:3 ҳисобида. Шундан кейин 28 учрашувда мағлубиятга учралмади. «Реал» Ла Лигада мавсумни минимал миқдордаги мағлубият билан ўтказиши сўнгги бор 1989 йилда кузатилганди – ўшанда фақат «Селта» билан ўйин бой берилган.

«Реал» уй ўйинларини кучли ўтказди – уй учрашувларида ютқазмаган ягона жамоа 17 ўйиндан фақат иккитасида очко йўқотган («Райо Валекано» билан 0:0, «Атлетико» билан 1:1). Ҳолбуки ўтган мавсумдаги уй ўйинлари анча қийин кечганди – 19 ўйинда олти бор очко йўқотилган.

Қизиқарли кўрсаткичлардан бири «Реал» – биринчи бўлимлар бўйича энг яхши жамоа эмас. Бу борада «Атлетик» яққол устун. Аммо чемпионлар танаффусдан кейин ўйинини кучайтира олган: 34 та ўйиннинг 26 тасида иккинчи бўлимларда устунлик қилган.

Жамоанинг уч футболчиси ла лига мавсумидаги голлар сони бўйича ўнлик нуқтадан ўтган – Родригода 10, Винисиусда 13, Жуд Беллингҳемда 18. Гол+пас бўйича ҳам Жуд етакчи – у 18+4 кўрсаткичига эга.

«Реал» мухлислари «Барселона»га қарши принципиал учрашувлар натижасидан мамнун – уларда икки ғалабага эришилган (Суперкубокда эса йирик ҳисоб қайд этилган), аммо «Атлетико»га қарши ўйинлар ўхшамаган (олти имкониятдан фақат бир очко олинган, Суперкубокда 5:3 ҳисобида ғалаба – аммо Кубок ўйини эрта тарк этилган).

Лука Модрич «Реал» билан 25-совринини қўлга киритди, Дани Карвахал ва Начо – 24-, Тони Кроос – 21-совринни. Карло Анчелоттининг мураббийлик фаолиятидаги совринлари сони – 27 титул. Флорентино Перес 34 совринга эга. Ва бу «Реал» президентлари орасидаги рекорд.

Ла Лига, 34-тур
«Реал» — «Кадис» 3:0
Голлар: Диас (51), Беллингҳэм (68), Хоселу (90+4).
«Реал» – Куртуа, Карвахал, Начо, Милитао, Фран Гарсия, Модрич, Себаллос, Камавинга (Валверде, 80), Диас (Винисиус, 73), Гулер (Беллингҳэм, 66), Хоселу.
«Кадис» – Ледесма, Салдуа (Карселен, 66), Фали Хименес, Виктор Чуст, Хави, Наварро (Алехо, 84), Алекс Фернандес (Пирес, 66), Алкарас, Эскаланте, Рамос (Хуанми, 75), Собрино (Макси Гомес, 75).
Огоҳлантириш: Салдуа (38).

«Жирона» — «Барселона» 4:2
Голлар:
Довбик (4), Порту (65, 75), Гутиеррес (67) — Кристенсен (3), Левандовски (45+1, пеналти).
«Жирона» – Гассанига, Эрик Гарсия, Блинд, Давид Лопес (Порту, 65), Мигел Гутиеррес, Алеиш Гарсия, Эррера, Мартин, Циганков (Ян Коуто, 65), Савио (Фернандес, 86), Довбик.
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси, Канселу, Серхи Роберто (Ромеу, 79), Кристенсен (Педри, 69), Гундўған, Лопес (Рафиня, 69), Ямал (Жоау Феликс, 84), Левандовски (Ферран Торрес, 79).
Огоҳлантиришлар: Кунде (28), Араухо (39), Роберто (43).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид