Тер Стеген голга сабабчи бўлди, Мамардашвили биринчи бўлимдаёқ қизил олди

Ла лига. 33-тур
«Барселона» — «Валенсия» 4:2
Голлар: Лопес (22), Левандовски (49, 82, 90+3) — Дуро (27), Пепелу (38, пеналти).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси (Мартинес, 46), Жоау Канселу (Ферран Торрес, 80), Кристенсен (Серхи Роберто, 46), Гундўған, Лопес (Педри, 73), Рафиня (Жоау Феликс, 66), Ямал, Левандовски.
«Валенсия» – Мамардашвили, Терри Коррейя, Москера, Гасоровски, Хесус Васкес, Пепелу, Герра (Гилямон, 71), Алмейда (Доменек, 51), Петер Федерико (Ўзкажар, 79), Дуро (Мари, 70), Диего Лопес (Канос, 79). 
Огоҳлантириш: Кубарси (42).
Четлатиш: Мамардашвили (45+4).

«Барселона» Фермин Лопеснинг бош билан урган голидан кейин ҳисобни очганди, аммо беш дақиқа ўтиб Уго Дуро мувозанатни тиклади.

Вазият хавфли эди, аммо критик даражада эмасди: тўп жарима майдонини тарк этиб чиқиб келган Марк-Андре тер Стегеннинг оёқларига юмалаб бораётганди, аммо Дуро уни прессинг қилди.

Германиялик посбон техник йўл билан ҳимоячига пас бермоқчи бўлди – аммо тўпни олдириб қўйди. Дуро ҳаводаги тўпни кўкраги билан ўзига мослаб олди ва бўш қолган дарвозани ишғол этди.

Кўп ўтмай «Валенсия» олдинга чиқиб олди – Пепелу Роналд Араухо томонидан Петер Федерикога ишлатилган фол учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. Аммо меҳмонлар учун биринчи бўлим охирида барчаси ўзгариб кетди.

Георгий Мамардашвили ҳам жарима майдони ташқарисида муваффақиятсиз ҳаракат қилди: у ортга узатилган пасдан кейин тўпни қабул қила олмади ва Ламин Ямалнинг прессинги остида қўл билан ўйнади.

Ҳакам қоида бўйича тўғри қарор қабул қилди – дарвозабон жарима майдони ташқарисида тўпни қўл билан тўхтатиши учун қизил карточка берилади.