17:10 / 03.03.2019
58697

Шавкат Мирзиёев Мудофаа ва ички ишлар тизими ходимларидан ортиқча вазндан халос бўлишни талаб қилди

AP Photo / Anvar Ilyasov

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида ўтказилган йиғилиш вақтида Мудофаа ва ички ишлар тизимидаги ортиқча вазнга эга ходимлар вазн ташлаши кераклиги ҳақида гапирган.

«Бизга ортиқча вазнга эга зобитлар ва ички ишлар ходимлари керак эмас. Улар бу ҳолатда қандай қилиб жиноятчини тутишади? Спорт билан шуғулланишсин. Бу менга эмас, уларнинг ўзи учун фойда», деган давлат раҳбари.

Президент улар маълум бир муддат ичида керакли даражада вазн ташлашлари кераклигини қўшимча қилган.

Президент жисмоний тарбия ва спортга эътибор нафақат ушбу тизимларда, балки барча даражада кучайтирилиши, ичкиликбозликка қарши кураш кучайтирилиши лозимлигини таъкидлаган.

2016 йил декабрда Тожикистон ички ишлар вазири ортиқча вазн сабабли бўшатилиши мумкин бўлган ходимларга ортиқча вазнни ташлаш учун бир ойлик муддат берилиши ҳақидаги буйруқни қабул қилганди. Буйруққа кўра, милиция ходимларининг бўй ва вазн нисбати халқаро меъёрларга тўғри келиши лозимлиги белгиланганди (мисол учун, агар милиция ходимининг бўйи 168-170 см бўлса, унда унинг вазни 75 кг дан ошмаслиги лозим эди).

2017 йилда Тожикистон ички ишлар вазирлигининг 20 ходими ортиқча вазн сабабли ишдан бўшатилганди.

Top