Жамият | 18:37 / 09.03.2019
45071
6 дақиқада ўқилади

Энг машҳур ўғри аёллар

Ўғрилик бир қарашда эркакларнинг одатидек туюлади. Лекин тарихда шундай ўғри аёллар, фирибгарлик билан шуғулланган хонимлар ўтганки, улар заифалар бўлсалар-да, кучли жинс вакилларининг анча-мунчасини ортда қолдирганлар.

Сонька «Золотая Ручка»

Фото: Корреспондент

Россия империяси тарихидаги энг машҳур ўғри аёл – Сонька «Золотая Ручка» (Шейндля-Сура Лейбовна Соломониак) 1846 йилда яҳудий оиласида туғилди. Отасининг қонунбузар дўстлари кўп бўлиб, бу ҳолат унинг тарбиясига таъсир қилмай қолмайди.

Сонька империянинг чексиз ҳудудларида сочилиб кетган йирик шаҳарларни айланиб юраркан, юзлаб одамларни шип-шийдам қилиб кетган. Унинг домига илинганлар орасида савдогарлар, банкирлар, ҳарбийлар, судхўрлар, турли-туман амалдорлар, қўйингки пули бўлган барча соҳа вакиллари бўлган.

Энг машҳур ва самарали усулини у поездларда ва меҳмонхоналарда қўлларди. Поездда бойваччанинг чойига уйқу дори бериб бор-будини ўмарса, меҳмонхонада бадавлат одам ётган хонага тонг саҳар  кириб борар, агар у уйғонмаса, борини супуриб кетар, уйғониб қолса дарҳол ечинишни бошлар ва кейин хонани адаштириб юборганини баҳона қиларди. Шу усул билан у биргина генерал Фроловнинг хобгоҳидан 240 минг рублни ўғирлаб кетади. Бу 5-10 сўмга қўй, 30-50 сўмга қорамол сотиб олиш мумкин бўлган даврлардаги ўғирлик эди.

Кўплаб марта қамалишига қарамай ўз одатидан воз кечмаган бу аёл ҳақида пьесалар саҳналаштирилган, фильмлар ишланган, китоблар ёзилган.

Кэсси Чедвик

Фото: Википедия

XIX асрда яшаб ўтган бу аёл 14 ёшидаёқ чекларни қалбакилаштириб қўлга тушган. Кейинчалик у фолбинликни одат қилиб, Америка шаҳарлари бўйлаб кезганича мижозларини чув туширишга киришади ва ақл бовар қилмас бойликни ўмаради.

1897 йилда у ўз даврининг энг бадавлат ишбилармонларидан бири бўлган Эндрю Карнегининг уйи ёнига боради ва ўзини худди уйга кириб чиққандай тутиб, атрофдагиларга Карнеги имзоси бўлган 2 миллион долларлик вексель кўрсатади ва ўзини Карнегининг никоҳдан ташқари қизи деб таништиради. Қиёслаш учун оддий ишчининг бир кунлик маоши ўша пайтларда 1 доллар атрофида бўлган.  

Шаҳар бўйлаб магнатнинг қизи бўйича хабарлар тарқалади ва дарҳол аёл атрофида гумашталар пайдо бўлади. Кейинги 8 йил давомида «магнат қизи» ҳашамат ичида яшайди. Банклар унга истаганича қарз беришар, ҳеч ким Карнегидан бир оғиз сўрашга ботинмасди. Кэсси Чедвик бир қарзини ёпиш учун иккинчисини олар, ўзи ҳам истаганича пул совурарди. 1904 йилга келибгина унинг фириби ошкор бўлди ва 14 йилга қамалди.

Княгинья Тараканова

Фото: Pikabu

XVIII асрнинг етмишинчи йилларида Парижда ўзини рус маликаси деб атаган хоним пайдо бўлади ва назокати билан ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб олади. Банкирлар, зодагонлар орасида таниш-билишлар орттиргач, катта-катта ссудалар олишни бошлайди ва сулоласининг шарқдаги бойликлари билан узишни ваъда қилиб, ҳаммани ишонтиради. Ўзини рус империяси вориси Елизавета Петровнанинг қизи деб таништирган Тараканова хоним ҳатто Англия банкларини ҳам чув тушира бошлайди.

Тез орада унинг қилмишлари ҳақида Екатерина II хабардор бўлади ва граф Алексей Орлов унинг буйруғига кўра хонимни қўлга олишга киришади. Режа жуда осон ва самарали эди. Орлов хонимга турмушга чиқишни таклиф қилади ва тўйни ўз кемасида ўтказишини билдиради. Албатта уни дарҳол қўл-оёғини боғлаб Россияга қайтаришади ҳамда Тараканова хоним тергов ҳибсхонасида вафот этади. Сир очилган бўлса-да, энди у бойликларни қайтаришнинг иложи йўқ эди.

Дорис Пэйн

Фото: Medialeaks

XX асрнинг энг машҳур олмос ўғриси Ғарбий Виргиниядаги камбағал оилада дунёга келади. Қора танлилар ҳуқуқларига ҳавас қилиб бўлмайдиган ўша йилларда у дастлаб кийим ўғирлаш билан ўғрилик оламига қадам қўйган.

Аммо бу жуда майда ишлар бўлиб, катта даромад қилиб бўлмасди. Шундан кейин у заргарлик дўконларини ўмара бошлайди. Дориснинг иш услубидаги ўзига хослик шундаки, у доим сотувчининг кўз ўнгида ўғирлаган, талончилик қилмаган, ҳеч кимга қурол ўқталмаган ва ҳамиша хушмуомала бўлган. Ўғирлик ҳақида одатда анча вақт ўтгандан кейин билишарди.

Ўғирлик санъатини кучайтирган сари бриллиантлар салмоғи ҳам оша бошлайди. У Америка бўйлаб сафарлари давомида юзлаб заргарларни шилиб олади ва зерикканидан Европага жўнайди. Кўҳна қитъада ҳам кўплаб қимматбаҳо буюмларни ўғирлаганига қарамай қочиб қутулишга муваффақ бўлади.

Фақат 1984 йилга келибгина полиция унинг изига тушади ва уйига келган изқуварлар ҳайратда қолишади – миллионлаб долларлик тақинчоқларни ўмариб пуллаган аёл қашшоқликда кун кечирарди. Бунинг сабаби тез орада маълум бўлди – Дорис гиёҳвандликка чалинган ўғли ва саратондан азоб чекаётган онасини даволатиш учун катта маблағ сарфлаган экан. Шунингдек, у қолган пулларни онкологик госпиталь ва маҳаллий черковга хайр қилиб юборгани маълум бўлди.

Бу ҳолнинг ўзига хос жиҳати шундаки, аёлга хайрихоҳлар ҳам пайдо бўлди ва Дорис енгил жазо билан қутулиб қолди. Лекин хоним кексайиб қолганда ҳам ўз қилиғидан воз кечмайди ва 2015 йилда 84 ёшли Дорис Пэйн яна 5 йилга кесилиб кетди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади