15:51 / 12.03.2019
14593

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар маълум қилинди

Фото: master-uz.com

Ўзбекистонда бизнес ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омил сифатида энергия манбалари нархлари юқорилигини маълум қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Иқтисодиёт реал сектори корхоналари билан ўтказилган сўров натижалари - 2018 йил IV чорак» ҳисоботида айтилган.

2018 йил IV чораги якуни бўйича ўтказилган сўровда жами 433 та корхона ва ташкилотлар қамраб олинган бўлиб, улар озиқ-овқат саноати, енгил саноат, савдо ва умумий овқатланиш, қурилиш материаллари саноати, тиббий хизмат соҳаси, туризм соҳаси, транспорт соҳаси, қурилиш ишлари соҳаси ва ҳоказоларда фаолият юритади.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омилларни ўрганиш натижалари бу борада энергия манбалари нархлари юқорилиги асосий омиллардан бири эканини кўрсатди. Бу ҳақда маълум қилган респондентларнинг улуши III чоракдаги 21 фоиздан IV чоракда 27 фоизгача ошган. 

Сўров давомида ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ хатарларнинг сақланиб қолаётганлигини маълум қилган респондентлар улуши III чоракдаги 49 фоиздан IV чоракда 59 фоизгача ошган.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш ҳолати нисбатан ёмонлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 80 фоиздан паст бўлган корхона ва ташкилотлар улуши III чоракдаги 61 фоиздан IV чоракда 64 фоизгача ошган. 

Ушбу кўрсаткичнинг ўтган чоракка нисбатан пасайиши асосан электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг III чоракка нисбатан кескинлашганлиги билан изоҳланган. 

Ўз навбатида, мазкур ҳолат иқтисодиётда энергия манбалари истеъмол ҳажмининг мавсумий ошиши ҳисобига шаклланган қўшимча талабнинг тўлиқ қондирилмаётганлиги билан ҳам боғлиқ. 

Хусусан, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналар улуши III чоракдаги 26 фоиздан IV чоракда 33 фоизгача, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини маълум қилган респондент корхона ва ташкилотлар улуши эса, III чоракдаги 32 фоиздан IV чоракда 41 фоизгача ошган. 

Шунингдек, сўров натижалари жорий йилнинг IV чорагида ўз маҳсулотлари (ишлар, хизматлар) нархларини оширган корхона ва ташкилотлар улуши III чоракдаги 54 фоиздан IV чоракда 58 фоизгача кўпайганлигини кўрсатди. Бунда, респондент корхона ва ташкилотлар томонидан нархлар ўсишининг асосий сабаби сифатида электр энергияси, табиий газ ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари нархларининг ошиши маълум қилинган. 

Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омиллар орасида хом-ашё материаллари нархлари юқорилиги, бозордаги носоғлом рақобат муҳити ва шароитлар, солиқ юкининг юқорилиги ҳамда солиқ маъмуриятчилиги мураккаблиги, айланма маблағлар етарли эмаслиги, корхона маҳсулотларига (иш, хизматларига) бўлган талабнинг етарли даражада эмаслиги, малакали ходимларнинг етишмаслиги ва ички бозорда корхона маҳсулотлари ўрнини босувчи импорт товарларининг кўплиги ҳам мавжуд.

Top