22:28 / 12.03.2019
13042

Саакашвили Порошенко ЕИга кириш учун Қримдан воз кечишга тайёр бўлганлигини айтди

Фото: РИА Новости

Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенко 2014 йилда Қрим устидан суверенитетни Украинанинг Европа иттифоқи ва НАТОга киришига «алмаштиришни» мўлжаллаган. Бу ҳақда Грузиянинг собиқ президенти ва Одесса областининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида айтди.

«Ўша воқеалар юз берганида (2014 йил февраль-мартидаги воқеалар) мен Пётр Порошенко билан гаплашдим. У менга: "Биласанми, Миша, сен Жанубий Осетия ва Абхазия ҳеч қачон Грузияга қайтмаслиги ҳақидаги фикрга кўникдинг — биз ҳам худди шу сингари Қрим энди Украинаники бўлмаслиги, аммо уни Евроиттифоқ ва НАТОга аъзоликка алмаштиришга кўникишимиз керак бўлади", деди», — деди Саакашвили.

«Мен унга: “Петя, Петро, биринчидан, бизнинг ҳудудларимиз Грузияники бўлмаслиги ҳақидаги фикрга кўникканлигимни ким айтди? Улар тез орада бизники бўлади. Биз уларсиз Грузияни тасаввур қилолмаймиз, бунинг учун охиригача курашамиз”, дедим», — деб хотирлаган собиқ президент.

Шунингдек Саакашвили Порошенко нима учун Киев Қримни қайтариб олишга ҳаракат қилмаса Украинани Евроиттифоқ ва НАТОга қабул қилишади деб ўйлаётганига қизиққан.

«Бу сизларни қабул қилмаслик учун сабаб бўлади», — деган у.

Сўнгра, деб хотирлаган Саакашвили, Порошенко Қримга йўл олди, аммо «анча кеч бўлганди». 

«Бу унчалик яхши сафар бўлмади. Аммо унга қойил қолиш керак – у ерга боришдан қўрқмади. Аммо унинг якуний хулосаси шундай эди — нима фарқи бор, Қрим барибир кетади. Бунинг устига, аксарият украин аслзодаларидан Қрим барибир кетади, Қрим барибир бизники бўлмайди деган сўзларни кўп марта эшитгандим », — деб қўшиб қўйган у.

Қрим 2014 йил мартда ўтказилган референдумдан сўнг Россия таркибига кирган. Киев яриморолни ўз ҳудуди деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Top