13:36 / 16.03.2019
31342

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилган инспекциянинг асосий вазифалари белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5690-сон фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси марказий аппарати тузилмаси;

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туманлар (шаҳар) бўлимларининг тузилмалари тасдиқланди.

Инспекция бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони 1 739 нафар этиб белгиланди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК ташкил этилади.

Инспекция бошлиғига, зарур ҳолларда, Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штат бирликлари доирасида ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилди.

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

а) қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати;

пахта ва дон экинлари уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши;

дон экинлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурсларининг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши;

сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан назоратни амалга ошириш;

б) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш;

в) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Белгилаб қўйилишича:

Инспекцияни Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ бошқаради;

Инспекция бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир;

Инспекция бошлиғи меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, Инспекция бошлиғи ўринбосарлари - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Бундан олдин, Бош прокуратура ҳузуридаги инспекция Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилгани хабар берилганди.

Top