Ўзбекистон | 17:15 / 24.06.2023
15752
4 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси ходимлари лотин ёзувида иш юритиш бўйича ўқитила бошланди

ВМ ижро аппарати ходимлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга ўқитилмоқда. Айни пайтда, ҳукумат бу алифбода иш юритишга қачондан ўтиши ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси ижро аппарати ходимлари 2023 йил июн-июл ойлари давомида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, имлоси ҳамда давлат тилида иш юритиш асослари бўйича ўқитилмоқда. Бу ҳақда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов ўз Facebook саҳифасида хабар берди.

“Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2023 йилдан ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий этиш топшириғи қўйилган эди. Қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича кўплаб вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимиятлар 2023 йилни кутиб ўтирмасдан ўз ташаббуслари билан лотин ёзувига ўтиб кетди, лекин ҳалигача ўйланиб юрган давлат ташкилотлари ҳам йўқ эмас. Бу муаммо хусусида кўп ва хўп ёзилди.

Лекин яна кўпчиликда ҳукуматнинг ўзи қачон лотин ёзувига ўтар экан, қарор чиқарувчи бош тузилма ўрнак бўлмайдими, каби саволлар ҳам бор эди. Афсуски, бу каби саволлар доим очиқ қоларди. Энди бундай саволларга аниқ жавоб олинадиган кунларга етиб келдик”, – деб ёзди у.

Азимовга кўра, бош вазир Абдулла Ариповнинг бу борада берган қатъий топшириғи билан, Вазирлар Маҳкамасида иш юритишни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказиш ва шу муносабат билан юзага келадиган масалаларни ҳал этиб бориш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Шунингдек, 2023 йил июн-июл ойларида Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмаси ходимлари Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан биргаликда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси ҳамда давлат тилида иш юритиш асослари бўйича ўқитилмоқда.

“Ниҳоят, икки ёзувлиликка барҳам бериладиган кунларга ҳам яқинлашиб келяпмиз. Бугун шундай кунларни орзу қилган, жонини фидо қилган жадид боболаримиз руҳи шод бўлди. Қадри баланд она тилим, нуфузинг ва мавқейинг бундан ҳам улуғ бўлсин!” – дея постини якунлаган Иномжон Азимов.

Ходимлари лотин ёзувида ишлашга ўқитиларкан, Вазирлар Маҳкамасида иш юритиш қачондан тўлиқ лотин ёзувига ўтиши борасидаги савол билан Kun.uz мухбири бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовга мурожаат қилди. Ҳидоятов ҳукумат ходимлари лотин ёзувида иш юритишга ўқитилаётганини тасдиқлаб, шундан кейин босқичма-босқич лотин ёзувига ўтилишини айтди. Лекин аниқ муддати ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.

«Йўл харитаси» билан 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилиниши белгиланган эди.

Аммо 2023 йил июн ойи якунланяптики ҳамки, Ўзбекистонда кўплаб давлат идоралари ҳамон кирилл ёзувида иш юритаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, “Йўл харитаси”да белгиланган бошқа қатор вазифалар ижроси ҳам таъминланмаган.

Мавзуга оид