23:11 / 19.03.2019
18843

Самарқандда куппа-кундуз куни онасининг танишини пичоқлаб ўлдирган йигит 20 йилга қамалди

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 19 ёшли Т.А. ҳамшаҳри, 39 ёшли Ш.Р.га пичоқ воситасида куппа-кундуз куни оғир тан жароҳати етказгани, жароҳатлардан сўнг эркак ҳаётдан кўз юмгани ҳақида илгари хабар берган эдик.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судья И.Ҳамидов раислигида ўтган очиқ суд мажлисида ўз танишига 35 марта пичоқ уриб ўлдирган Т.А. га доир жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Т.А. 15 октябрь куни эрталаб Самарқанд шаҳридаги автомобиль эҳтиёт қисмлари савдо дўкони ичида ишлаётган таниши Ш.Р.нинг ёнига бориб, қисқача оғзаки мулоқотдан сўнг, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан бир неча марта зарба берган.

Судда ойдинлаштирилишича, онаси Р.К.га тегишли телефондаги Telegram мессенжеридан Ш.Р. билан бўлган ёзишларидан хабар топган Т.А. ана шундай машъум ишга қўл урган. Савдо дўконида Ш.Р. қатор тан жароҳатлари олганига қарамасдан, ўз жонини сақлашга ҳаракат қилиб қочган, аммо Т.А. ортидан етиб бориб, пичоқ билан яна кўплаб зарба берган. Шундан сўнг Ш.Р. воқеа жойида вафот этган.

ЖИБ Самарқанд судининг 2018 йил 5 мартдаги ҳукми билан 5 йилга озодликни чеклаш ҳақидаги ҳукмига қарамасдан, Т.А. ўзига нисбатан жорий этилган чекловларни бузиб, оғир жиноятга қўл уради.

Суд ҳукми билан судланувчи Т.А. Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2 қисми «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Озодликни чеклаш жазосининг 4 йилу 5 ой 9 кун ўталмай қолган қисми қўшилиб, у узил-кесил 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жазо умумий тартибдаги колонияларда ўталиши белгиланди.

Ўз мухбиримиз

Top