Спорт | 19:30 / 23.03.2019
16256
3 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Ғоипов навбатдаги жангида мағлуб бўлди

23 март куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида RCC Boxing Promotions промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган профессионал бокс кечасида ўзбекистонлик Маҳмуд Ғоипов россиялик Вазир Тимоянга қарши рингга чиқди.

6 раундга мўлжалланган жангда ўзбекистонлик спортчи бўйдор рақибига қарши яқин масофада жанг олиб боришга ҳаракат қилди. Унинг фаоллиги ва зарбалари иш берди ва рақиб очила бошлади, жанг қисқа масофаларда кеча бошлади. Аммо Ғоипов клинч вазиятида Тимояннинг бошига зарба бериб юборди, натижада ҳакамлар ундан очко олиб ташлашди.

Жангнинг қолган қисмида йўқотилган очко ўрнини қоплашга уринган Ғоипов олдинга борди, аммо икки боксчининг ҳам зарбалари бу кечада нокдаун ёки нокаутга олиб келмади. Олтинчи раундда эса ўзбекистонлик боксчининг зарбаси рақибнинг белдан пастки қисмига тегди ва у яна жазоланди.

Якунда ҳакамлар бир овоздан Вазир Тамоянни ғолиб деб эълон қилишди. Жангдан кейин берган интервьюсида россиялик боксчи бу жанг ўзи учун жуда оғир кечганини тан олди.

«Жанг қийин кечди. Жанг ҳақида 4 кун олдин билгандим, охирги 4 кунда вазн ташлаш жараёни оғир кечди. Уни нокаут қила олмаслигимни билардим, шу сабабли 6 раундлик жангга тайёрландим. Маҳмуд яхши прессинг қилди, бундай рақибларни ҳурмат қиламан. Тўғрисини айтсам, ҳакамлар ғолибни эълон қилишидан аввал ютқаздим деб ўйлаётгандим. Ташкилотчиларга ҳалол ҳакамлик учун раҳмат», дейди боксчи.

Ҳаваскор боксда 69 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Маҳмуд Ғоипов 2016 йилнинг февралида Болгариядаги халқаро турнирда ғолиб бўлган, 2016-2018 йилларда «Uzbek Tigers» жамоаси сафида мусобақаларда қатнашган.

Маҳмуд Ғоипов профессионал боксдаги фаолиятини 2018 йилнинг ноябрида бошлаганди ва шу вақтгача икки жанг ўтказиб, иккисида ҳам ғалаба қозонганди.

Қайд этиш керакки, Маҳмуд Ғоипов аввалига 23 март куни Зураб Чаниев (4-2-1) билан жанг қилиши маълум қилинганди, аммо 19 март куни рақиб ўзгарганди.

Мавзуга оид