13:14 / 25.03.2019
53069

Тошкентдаги топилмалар бўйича суҳбат. Олимлар баҳоси ва Бош прокуратура маълумотига муносабат

Жорий йил аввалида Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрида қадимий хазина топилгани ҳақида хабар қилинганди. XIX асрда қурилган иморатлардан бирининг яширин ертўласида қидирув ишлари давомида топилган хазина 80 йиллар муқаддам йўқолгани, унинг ҳозирги қиймати 1 миллион доллардан ортиқлиги айтилганди.

Кейинроқ, хазина топилгани ҳақида биринчи бўлиб маълумот берган ЎзМУнинг кимё факультети 4-курс талабаси Муҳаммадбобур Юсупов хазинанинг топилиши тарихи ва изланишлар давомида яна қадимги буюмлар топилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Муҳаммадбобур Юсупов

Бош прокуратура эса бу хазина бўйича берган маълумотида аслида ҳеч қандай хазина топилмаганини маълум қилди. Унга кўра, келтирилган топилмаларнинг аксарияти XIX асрга мансуб бўлиб, уларнинг деярли барчаси Ўзбекистон Миллий университетининг музейи ходими Муҳаммадбобур Юсупов томонидан сўнгги 2-3 йил давомида университетдаги профессор олимлардан музей учун олинган, ушбу ашёларда уларнинг университетга тегишлилигини тасдиқловчи муҳрлар мавжудлиги, хабарларда айтилган 8 кг олтин эса аслида мавжуд эмаслиги аниқланган.

Kun.uz мухбири шундай топилмалар бўйича маълумотга эга малакали мутахассислар билан суҳбат уюштирди. Қатағон қурбонлари музейи ва Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейидаги тажрибали олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сирожиддин Аҳмад саволларга жавоб қайтарди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Топилган буюмларнинг асллик даражаси ва тарихий аҳамияти ҳақида нима дея оласиз?

─ Муҳаммадбобур Юсупов олиб бораётган ишлар илмий жиҳатдан ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Ўз изланишларида шу кунгача ўрганилмай қолиб кетган ёки давр тақазоси билан тарих саҳифасидан номлари унутилган шахслар фаолиятини ўрганиш масаласида ҳам катта ишлар амалга оширилди.

Сирожиддин Аҳмад

Булардан ҳаммага маълум ва машҳури Александр Эдуардович Шмидт, Семёнов ёки биринчи ўзбек агроном олими Абдуваҳҳоб Муродийнинг фаолиятига бир назар ташласак етарли. Бажарилган ишлар қанчалик муҳим ва тарихий-илмий нуқтаи-назардан қанчалик катта аҳамиятга эгалигини ҳис этамиз. Ҳозир кўп тафсилотлар ҳақида айтмай, биргина фактга эътиборни тортаман. Миллий университетнинг Биология факультетида дарс берган миллий кадрлардан бири Абдуваҳҳоб Муродий ҳисобланади. У 1927 йилда Германиядаги қишлоқ хўжалиги академиясини битириб келган. Бу инсон академик Шрейдер қўл остида ишлаган. Пахта селекцияси билан шуғулланган. Нафақат, пахта селекцияси билан, балки ўша даврдаги мавжуд сиёсий тузумнинг тазйиқи билан амалга оширилган жамоа хўжалигини ташкил қилишда ўзига хос усул қўллаган. Кимсасиз, миллий кадрлар йўқ, қурол-аслаҳа йўқ, жуда ҳам қолоқ шароитда жамоа хўжалигини ташкил қила олган.

Қатағон қурбонлари музейига топширилган микроскоп атоқли олим Абдураҳмон Муродийнинг ўз қўли билан фойдаланган микроскопидир. Бу микроскопда у пахта селекциясига оид бўлган кимёвий таҳлилларни ва тупроқшунослик бўйича таҳлилларни ўрганган. Мана шу кичкина мисолнинг ўзи ҳам қилинган ишлар тарихий, илмий ва сиёсий жиҳатидан катта аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Бу буюмларни инкор қилганлар келиб, кўриб тушуна олсалар эди, ўзларини ўзлари инкор қилган бўлар эди. Бундай ишлар учун покиза қалб, кенг юрак, катта билим ва мардлик керак, холос. Бу топилмалар илмнинг қадрига етадиган, заршунос одамлар фойдаланадиган тарихий ашёлардир. Бу топилмаларни бирор ўлчов билан ўлчаб бўлмайди.

Олтин-кумуш тангалар намуналари

Музейларга қўйишга арзирли буюмлар борми?

─ Албатта. Музейда ҳозир сақланаётган оссуарийлар, яъни суякдонларни олайлик. Ниҳоятда қадимги топилма бу. Тахминан V асрларга тўғри келади. Бу ўтган асрнинг 20-йилларида университет музейига ёки илмий-тадқиқот марказига бекордан-бекорга бориб қоладиган нарса эмас. Шмидт, Семёнов ва бошқа олимлар онгсиз, енгил тушунчага эга инсонлар эмас. Улар дунё миқёсидаги олимлар бўлишган. Улар дунё миқёсида аҳамиятга эга бўлган буюмлар билан шуғулланишган. Буни ҳеч қачон унутмаслик, инкор этмаслик лозим. Шу сабабли, бу нарсалар тарихий нуқтаи назардан бебаҳо ҳисобланади.

Танга ва китоблар ҳақида нима дейсиз?

─ Бу буюмларни бир сўз билан тушунтириш мумкин. Зар қадрини заргар билади. Агар инсон ўз соҳасининг заргари бўлмаса, унинг қадрига етмайди. Унинг учун оддий нарса бўлиб қолаверади. Ўша буюм бўладими ёки ашё бўладими, ҳужжат бўладими ёки бир оддий муҳр бўладими бунинг фарқига бориш керак. Бунинг учун катта билим керак. Агарда форс ва араб тилидан бехабар бўлса, у муҳрга босилган сўзларни ўқий олмайди. Масалан, Худоёрхоннинг муҳри ўзгача кўринишда, бодомнусха бўлган. Муҳаммадалихоннинг (Нодирабегимнинг ўғли) муҳри ҳам ўзига хос бўлган. Булар илмий жиҳатидан жуда катта аҳамиятга эга. Уларнинг муҳри босилган ҳужжатларчи?! Буларни дунёнинг исталган шарқшунос олимларининг олдига олиб боринг, кўзига суртиб қабул қилиб олади. Муҳаммадалихоннинг кичкина бир ёрлиғини олайлик. Бу тарихий жиҳатидан жуда қимматли топилма. Бу ишларга Ўзбекистондаги ҳақиқий бағрикенг, ҳақиқий илмий инсонлар кўмак бериши керак. Илмли одам илмни ҳаётбахш воситага айлантиради.

ХVIII-XIX асрларда Россия императорининг саройидан келтирилган, олтин билан безатилган китоблар

Бу ким учундир қимматли, ким учундир оддий буюм бўлиб қолаверадими?

─ Мен сизга яна айтаман. Бу топилмалар мамлакатимиз тарихи учун, миллатимиз ҳаёти учун ниҳоятда қимматбаҳо даражадаги ашёлардир. Буни инкор қилиб бўлмайди.

Ашёлар ичида қимматбаҳолиги бўйича даражаси қайсиларида баландроқ?

─ Ҳамма нарсада даражада бўлади. Масалан, ўша оссуарийларни оладиган бўлсак, бирор жойдан топа оласизми ўшанинг битта парчасини? Ўшандаги ёзувнинг бир парчасини қанча одам ўқий олар экан? Уни тор мутахассислар ўқийди. Етакчи мутахассислар ўқий олади. Оддий одамга у оддий чизиқ бўлиб кўринаверади. Зар қадрини заргар билади. У аввало заршунос қўлига тушиши керак. Шунинг учун, буни кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлаши керак. Айниқса, илмий жамоатчилик. Миллий университет раҳбарияти бу нарсага жуда катта эътибор билан қараши керак. Ўшанда бу умумхалқ мулкига айланади. Университетнинг обрўсини дунё миқёсида кўтарадиган масканга айланади. Миллий маданиятнинг тараққиётини хоҳламайдиган, миллий маданиятга нигилистик қараш билан қарайдиган одамларга ҳеч нарсанинг қадри йўқ.

Олтин микроскоп. ХIХ аср. Австрия империяси

Расмий хабарда топилмалар баҳоси ўрганилмоқда дейилган. Балки, ҳақиқий баҳоси чиқиб қолар?

─ Мана масалан, ходимнинг қўлида тепловоз бор. Ўтган асрнинг 20-йилларида ишланган, адашмасам. Ҳозир шуни бирор заводга олиб борсангиз, шунақа нусхадан битта яратиб беринг десангиз. Шуни ясаб бера олишадими?

Демак, буларни ўрганадиган мутахассислар борлиги ҳам сўроқ остидами?

─ Албатта. Чунки, бизда кейинги даврларда мутахассисларимиз тарқалиб кетди. Кўп соҳалар бўйича камайиб кетди. Ёши катталар бу дунёдан ўтиб кетишди. Ёшларимиз келяпти, лекин ҳали у даражага чиқишга анча вақт бор. Бу ишлар шахсий обрў-эътибор учун, манфаат учун эмас. Миллий университетнинг бойлигини дунё миқёсида кўрсатиб, мамлакатимиз обрў-эътиборини кўтариш, холос. Тарихий асарларни ўз халқимизга етказиш. Бу масала яхши тарафга ўзгаришидан умидвормиз. Умид қиламизки, бир мутахассис сифатида республикамиз раҳбарияти, университет раҳбарияти қадрига етади ва яхши ишларга йўл очилади.

Таниқли маданият ходими билан суҳбатдан сўнг, топилмалар орасидаги китоблар ва бошқа ёзма ҳужжатларнинг баҳоси бўйича манбашунос олим билан учрашдик. Бу топилмалардан бир қисмини ўрганаётган адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Отабек Жўраев бизга қуйидагиларни маълум қилди.

Отабек Жўраев

─ Яқинда Тошкентдан топилган нодир топилмалар хазина сифатида баҳоланяпти. Мен бир матншунос, манбашунос сифатида ҳақиқатан ҳам ушбу нодир топилмаларни миллатимизнинг маънавияти, аждодларимизнинг меросини ўрганишда жуда муҳим ва қийматли эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Авваламбор, ушбу манбалар нимадан иборат? У ерда аниқланган жуда кўплаб моддий ашёлар бор. Мутахассислик нуқтаи-назаридан фақатгина у ердаги қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб ўтсам. Бу қўлёзмалар ХХ асрнинг 20-40-йиллари оралиғида профессор Шмидт ва Семёнов томонидан йиғилган. Улар ниҳоятда машҳур ва нуктадон олимлар бўлишган. Улар маълум бир тизим асосида, маълум илмий йўналиш асосида тадқиқотларнинг режаси асосида ишлашган. Бу ҳужжатлар ва китоблар нималардан иборат? Авваламбор, у ерда халқимизнинг тарихи, маънавияти ва илмий меросига оид жуда кўплаб нодир манбаларга гувоҳ бўламиз. Жумладан, у ерда Қуръони каримнинг нодир нусхалари, Саҳиҳ Бухорийнинг нодир нусхалари, тарихимизга оид бўлган манбалар, «Тарихи Роқимий»нинг энг мукаммал нодир нусхалари, Алишер Навоий Хамсасининг ҳали фанга киритилмаган ноёб нусхаси, шунингдек, ХVIII-XIX асрдаги ўзбек давлатчилик тарихига оид архив ҳужжатларга дуч келдик.

ХV-XVI асрлар атрофидаги қимматбаҳо китоб

Шмидт ва Семёнов хонлик ҳужжатларини йиғишга киришган. Масалан, қўлимизда айнан ўша коллекцияга мансуб ҳужжат бўлиб, менга ўрганиб чиқиш ва бу ҳақида хулоса қилиш учун берилган. Булар аслиятдир.

Қўлимиздаги яна бир ҳужжат Қўқон хони Муҳаммадалихоннинг (Мадалихон) вақф ҳужжати бўлиб, хон муҳри билан тасдиқлаган. Бу ерда ҳужжат имзоланган вақт ҳам кўрсатилган, ҳижрий 1228 йили деб ёзилган. Яна бир ҳужжат эса Шералихоннинг шундай бир мадрасани вақф қилиб бергани ҳақида.  

Навбатдаги ҳужжат эса Бухоро амири Насрулло томонидан тақдим этилган вақф ҳужжати бўлиб, тасдиқловчи муҳри ҳам бор. Бу ҳужжатлар ҳаммаси ҳам тарихий, ҳам ҳуқуқий тарихни ўрганиш, ҳам манбаларни ўрганиш нуқтаи-назаридан муҳим. Нега? Авваламбор, вақф ҳужжати дегани, аввалги асрларда мадрасаларда толибларни ўқитиш қай йўсинда бўлган, уларни моддий рағбатлантиришдан тортиб то ҳозирги тил билан айтганда стипендияси, мударрис ва мутаваллиларнинг моддий таъминоти манбаи нима бўлганини вақф ҳужжатлари исботлайди ва кўрсатиб туради.

XII асрдан XVIII асргача бўлган қўлёзма

Мадрасанинг фаолияти қай йўсинда бўлиши кераклиги ҳам кўпинча таъкидланади. Демак, шу ҳужжатларга кўра, биз миллатимиз тарихи, миллатимизнинг маънавияти, халқимизнинг ўтмишдаги зиёли қатлами даражасини ҳам, савиясини ҳам ўрганамиз. Ҳозирги кундаги ҳужжатларга кўра, биз миллатимиз тарихи, миллатимизнинг маънавияти, халқимизнинг ўтмишдаги зиёли қатламнинг даражаси, илмий савиясини ҳам ўрганамиз. Яъни, ҳозирги кундаги манбашунослик илми фақатгина қўлёзмаларни ўрганишнинг ўзи билангина чекланиб қолмайди. Манбашунослик жамики ижтимоий, ҳаттоки аниқ фанларнинг асосидир. Чунки, матннинг саҳиҳини ўрганмасдан, фанга тақдим этмасдан туриб биз ҳеч вақт аниқ илмий хулосаларга кела олмаймиз. Агар бу ҳужжатлар тарихчи олимлар, манбашуносларнинг диққат марказида бўлиб, ўзларининг тадқиқотларига бу ердаги масалаларни ҳам тортишса, фақат бойийди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон тарихи кўпжилдлигини тайёрлаш ҳақида кўрсатмалар бўляпти. Ҳаттоки, Ўзбекистон тарихи телеканали ташкил қилинмоқда.

Топилмалар ҳақида айтадиган бўлсак, мен ўзимдаги манбаларга таяниб бу топилмаларни ҳақиқатан хазина дейишим мумкин.

Топилмалар орасида Зангиотанинг шажараси келтирилган манбалар ҳам бор дейилди. Шу гап ростми?

─ Архив ҳужжатлари ва вақф ҳужжатлари орасида шажаралар бор. Шажаралар турли хил бўлади. Масалан, насаб шажара, авлод шажара, иршод шажара. Иршод шажараси бу тасаввуфга тааллуқли бўлиб, яъни қайси бир шайх қодирия тариқатими, нақшбандия тариқатидами кейинчалик ўзидан мурид етиштириш учун ўзидан аввалги шайх ёки пири, пешвосидан ҳужжат, ҳозирги тил билан айтганда диплом олади. Ўша пайт тили билан бу – иршод дейилади. Яъни, рашид – тўғри йўлга бошлаш учун нома ҳисобланади. Шу иршод шажара дейилади.

Авлод шажараси – маълум машҳур одамларнинг ўз насаби ҳақида бўлиб, узоқ ўтмишдаги шажараси кимлигини тасдиқловчи ҳужжатдир. Бунда қозиларнинг муҳри бўлади. Масалан, шундай шажарани кўрдик. Унда Зангиотанинг онаси, отаси, аждодлари ҳақида ҳам айрим қайдлар бор.

Бу топилмалар катта музейларни бойитиши мумкинми?

─ Ушбу материаллар аввало синчиклаб ўрганилиши керак. Яъни, буни мутахассисларга манбашунос олимларга, уламоларга, кенг олимлар муҳокамасига қўйиш керак. Муносиб баҳо берилиши керак. Шундагина масала ойдинлашади. Бундай иш учун ҳеч қайси олим ўз меҳнатини аямайди, аксинча ўз рағбати билан ёндашади.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top