16:44 / 29.03.2019
6484

Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди 

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, иқтидорли ўқувчиларни излаб топиш ҳамда муносиб рағбатлантириш, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларда тарбияланаётган ўқувчиларнинг узлуксиз таълим олишига кўмаклашиш, ушбу тоифадаги ёшларнинг тўғри касб танлаши ва келажакда ҳаётини тўғри қуришига ёрдамлашиш ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишнинг мақсади ҳисобланади.

Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёзма тавсияси асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларининг узлуксиз таълим олишини рағбатлантиришда қуйидаги асосий тамойилларга амал қилади:

ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиш;

ошкоралик ва очиқликни таъминлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини рағбатлантиришни манзилли тарзда амалга ошириш йўли билан шу мақсадларга ажратилган маблағлар, шунингдек бошқа воситалардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

оила аъзоларининг моддий фаровонлиги, болаларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама жисмоний, ақлий ва маънавий-ахлоқий камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, маълумоти ва касб даражасини ошириш борасида оиланинг масъулиятини кучайтириш.

Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳар йили 1 июнга қадар ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашларига ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандлари томонидан қўлга киритилган ютуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар (олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлигини тасдиқловчи дипломлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

ўқувчи ва унинг оила аъзоларининг паспорти ва/ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари;

ўқувчининг оила аъзолари биринчи ва/ёки иккинчи гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

ўқувчининг оиласи боқувчисини йўқотганлиги тўғрисида ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).

Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгаши томонидан рағбатлантириладиган ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини аниқлашда қуйидаги ижтимоий мезонларга эътибор қаратилади:

а) ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада уч ва ундан ортиқ бола мавжудлиги);

б) ўқувчининг оиласида биринчи ва/ёки иккинчи гуруҳ ногиронлигини бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

в) ўқувчининг ёлғиз она (ота) томонидан икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлар тарбиялаётган оиладан эканлиги;

г) ўқувчининг фан, санъат, таълим ва бошқа йўналишларда ютуқлари, турли олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлиги, аъло баҳоларга ўқиши.

Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан ҳужжатлар ҳар йили 10 июнга қадар кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро кенгашларига тақдим этилади.

Ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро кенгашлари  томонидан ҳар йили 30 июнга қадар ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгаши томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади ҳамда ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли қарорни қабул қилади.

Ҳар ўқув йили бошидан бошлаб ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш уларни ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан:

замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш;

асосий турдаги ўқув қуроллари билан таъминлаш;

бадиий китоблар билан таъминлаш;

болалар газета ва журналларига обуна қилиш;

республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш;

республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш харажатларини қоплаш йўли билан амалга оширилади.

Top