22:10 / 04.04.2019
12333

Президент иккинчи чоракда экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш ва уларга фаолиятини тиклашга кўмак бериш графигини тасдиқлаб, ижросини таъминлаш топширилди.

«Кўриниб турибдики, жойларда ҳали ҳам мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш чоралари кўрилмаяпти», деган президент.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида таъкидлаб ўтилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин.

Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд.

Шу билан бирга йиғилишда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.

Бу борада иккинчи чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 миллиард долларга кўп экспортни амалга ошириш вазифаси турганлиги таъкидланди.

«Апрель-июнь ойларида ҳокимликлар биринчи чоракка нисбатан 3 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаши зарур», дея таъкидлаган президент.

Давлат раҳбари бу борада айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилар ва ҳудуд раҳбарларини мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди. 

Экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устунлик жиҳатларимиз мавжуд, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш бўйича қисқа муддатларда амалий таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Экспорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштириш, товарлар учун назорат идораларидан рухсат олишни соддалаштириш бўйича қатор вазифалар турибди. Мисол учун, мамлакатимизда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соату 20 дақиқа кетади, холос.

Экспорт учун рухсатномалар беришда «Ягона дарча» тизими тўлиқ ишга тушмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат олиш учун камида 10та идорага бориши лозим.

Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига рухсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи «Ягона дарча» тизимини жорий этиш топширилди.

Давлат божхона қўмитасига ялпи пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Президент экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Бу борада экспорт бозорларида мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек, «Ўздавкарантин» инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларни хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида, чет эл карантин хизматлари билан ўзаро муҳокамалар ўтказиб, экспортчилар учун қулай шароитларни яратиш чораларини кўриш топширилди.

Транспорт-логистика харажатларининг юқорилиги мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ушбу масалани ечими йўлида биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойида мамлакатга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди.

Бу борада Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, «ягона дарча» тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш юкланди.

Бундан ташқари, юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берилди. 

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбарининг экспорт тушумлари барқарор ва ўз вақтида келиб тушиши учун шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

Top