Жаҳон | 16:16 / 09.04.2019
5912
2 дақиқада ўқилади

ЖАРнинг собиқ президенти Қаззофийнинг 30 млн доллар пулини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда

Фото: Phil Magakoe/Pool Photo via AP

ЖАРнинг собиқ президенти Жейкоб Зума Муаммар Қаззофийнинг пулларини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда, деб ёзади The Sunday Times. Нашрнинг таъкидлашича, Ливия етакчиси 2011 йилда ўлимидан сал илгари Зумага 30 млн доллар нақд пул берган.

Нашрда чоп этилган журналистик суриштирувга кўра, ЖАР президенти Қаззофий билан учрашган охирги давлат раҳбари бўлган. Бу учрашув фуқаролик уруши авжига чиққан пайтда, Қаззофий режими тақдири аниқ бўлган вазиятда бўлиб ўтган. Зума Қаззофийни Ливияни тарк этишга кўндириш ва ўз мамлакатидан бошпана бериш таклиф билан келган.

"Қаззофий кетишга кўнмаган. У ўз ватанида ўлишни афзал билган. У Зумага пулларни берган ва ундан мабодо қўлга олиниб, Халқаро жиноят судига топшириладиган бўлса яхши адвокат топиб беришни сўраган", - дея иқтибос келтиради газета ўз манбасига таяниб. Ливия етакчиси агарда ҳалок бўладиган бўлса, пулларни оиласига беришни сўраган.

Охир-оқибат, пуллар Зуманинг қароргоҳида қолиб кетган, деб ёзади The Sunday Times. Эндиликда унинг ўзи суд харажатларини тўлаш учун пулга муҳтож. Унга нисбатан коррупция, рэкет ва товламачилик айбловлари билан 783та ҳолат бўйича иш очилган.

Газетанинг таъкидлашича, Қаззофийнинг пуллари қўшни Эсватини давлатига олиб чиқиб кетилган ва Зума келгусида бемалол фойдаланиши учун ўша давлат Марказий банкига қўйилган.

Мавзуга оид