11:13 / 13.04.2019
37422

Шерзод Шерматов Президент мактабларига ўқитувчилар кимлар томонидан танлаб олиниши ҳақида маълумот берди

Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан Президент мактаблари, ўқитувчи - ўқувчи - ота-она муносабатлари, ўқитувчиларнинг мақоми ва халқ таълими тизимига доир бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Шерзод Шерматов Президент мактаблари лойиҳасига ким раҳбар этиб тайинлангани ва ушбу мактабларга ўқитувчилар қай усулда танлаб олиниши тўғрисида маълумот берди.

“Халқаро мактабларга ўқитувчилар тайёрлаб берувчи компаниялар бор. Масалан, Англияда 1,5 миллион педагог кадрлар ҳақида маълумотларга эга Teach Away компанияси малакали ўқитувчилар танлашда ёрдам беради.

Масалан, Тошкентдаги халқаро мактаблар – Tashkent International School, British School ҳам директор, ўқитувчи танлаётганида юқоридаги каби халқаро рекрутинг компаниялари билан ишлашади.

Биз ҳам хорижий педагог кадрларни танлашда рекрутинг фаолияти билан шуғулланувчи турли халқаро компаниялар билан мулоқот қилдик.

Маҳаллий ўқитувчилар танловини очиқ ўтказиш учун веб-сайт ишга туширамиз. Қабул қилинган маълумотлар Президент мактаби лойиҳаси бўйича жамоа томонидан таҳлил қилиб, ўрганиб чиқилади.

Айни шу каби масалалар ечимини топиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети тайёрлов курсларини, Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабни бошқарган мутахассис Амрулло Абдуллаев Президент мактаблари лойиҳасига раҳбар қилиб тайинланган.

Ушбу мутахассис бошчилигидаги Инҳа университети тайёрлов курслари маҳсулдорлик ва шаффофлик бўйича сезиларли яхши натижаларга эришган.

Лойиҳа кенгайиб боради – биз ҳар бир хорижлик ўқитувчига маҳаллий педагогларни бириктирамиз. Занжир шаклида Республиканинг бошқа мактабларидаги ўқитувчи-мутахассислар ҳам ушбу тажрибадан ўз малакасини ошириш имконига эга бўлади”, - деди вазир.

Шерзод Шерматов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uzʼнинг YouTube ва Moverʼдаги саҳифаларида томоша қилиш мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Top