12:19 / 15.04.2019
8921

Жанубий Корея президенти КХДР етакчиси билан музокараларга тайёргарлик ҳақида маълум қилди

Фото: AP Photo / Pyongyang Press Corps Pool

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан музокараларнинг тўртинчи раундига тайёргарлик кўрмоқда, бу ҳақда у душанба куни ўз маъмуриятидаги йиғилишда маълум қилди. «Рёнхап» маҳаллий ахборот агентлиги шу ҳақда хабар тарқатди.

«Ҳозир Жануб ва Шимол ўртасида олий даражадаги музокараларга тўлақонли тайёргарлик кўриш вақти келди», - дея президентнинг сўзларини келтиради агентлик. Унинг баҳолашича, КХДР ҳам «мулоқотни давом эттириш истагини кўрсатди».

Бундан олдин, КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ президенти Дональд Трамп билан учинчи саммитни ўтказишга тайёр экани ҳақида маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Трамп билан муносабатлар Ханойдаги охирги учрашув муваффақиятсиз бўлганига қарамасдан, яхши даражада сақланиб қолмоқда.

Ким Чен Иннинг қўшимча қилишича, учинчи саммитни ўтказиш учун АҚШ ҳукумати Корея ярим оролини ядросизлантириш юзасидан музокараларга ўз ёндашувини ўзгартириши керак. Унинг қайд этишича, жорий йил охиригача Вашингтон бундай «жасур» қарор қабул қилишини кутишга тайёр.

«Раис Ким Чен Иннинг бундай хоҳишини юқори баҳолайман ва мамнуният билан қабул қиламан», - деди Мун Чжэ Ин.

Top