17:12 / 15.04.2019
3310

Ўзбекистон делегацияси Брюсселда бўлиб ўтган «Марказий Осиёда барқарор энергетика» халқаро конференциясида иштирок этди

12 апрель куни «Ўзбекэнерго» АЖ раиси ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Брюссел шаҳрида Европа Иттифоқи Комиссиясининг энергетика бўйича бош директорати томонидан ташкил қилинган «Марказий Осиёда барқарор энергетика» халқаро конференциясида иштирок этди. 

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси «Ўзбекистонда электр энергетикасини ривожлантириш Концепцияси” тақдимоти билан чиқиш қилди. Тақдимотда мамлакатда энергетика соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.

Конференцияда Европа ва халқаро тузилмаларнинг юқори лавозимдаги вакиллари Марказий Осиё нафақат энергетик лойиҳалар нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотаётганлигини, балки хорижий инвестицияларни жалб этиш марказига айланаётганлигини бир неча бор қайд этишди. 

Европа ташқи алоқалар хизматининг Россия, Шарқий ҳамкорлик ва Марказий Осиё бўйича департаменти директори Люк Девиннинг таъкидлашича, 2019 йил ўрталарида тасдиқланиши режалаштирилган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида барқарор ривожланиш алоҳида ўрин эгаллайди. Бундан ташқари, ЕИ минтақа мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон билан кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги икки томонлама келишувларнинг янги босқич устида иш олиб бормоқда.

Савол-жавоблар сессиясида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юзасидан тушунча берди.

Top