“Ҳар қандай ижтимоий ёрдам бевосита фуқаронинг қўлига берилиши керак” — Отабек Бакиров билан суҳбат
Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервюсида келаси йил Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида кутилаётган янгиликларга муносабат билдирди.
– Президент эркин энергетика бозорига ўтиш шарт эканини таъкидлади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами юқори тарифлардан субсидиялар орқали ҳимоя қилиниши айтилди. Сиз энергетика ислоҳоти ҳақида кўп ёзасиз. Сизнингча, субсидиялар масаласида қандай йўл тутилиши керак?
– Давлат ўзининг ижтимоий ҳимоя реестри орқали кимга ёрдам бериш кераклигини аниқлаштириб олди. Яъни ўтган давр мобайнида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” шакллантирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва давлат ўртасида контакт шаклланганига умид қиламан. Давлат энергетика ислоҳотига ўтгач, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдамлар тўғридан тўғри берилиши керак.
Реестрдаги аҳолининг электр, газ, сувга оид истеъмолчи сифатида маълумотлари ҳукуматда бор деган умиддаман. 2022 йилнинг ёз ойида юридик шахсларга эълон қилинган тарифларга ўтиш 1 январдан бошланиши мақсадга мувофиқ, бу нархлар ошиши тўғридан тўғри ҳали аҳолига таъсир қилмайди. Аҳолига доир ижтимоий нормалар баҳор ёки ёз арафасида юз берса керак. Улар шунда чўнтагида ўзгариш сезиши мумкин.
Ҳар қандай субсидия манзилли бўлиши керак. Ўртамчилар бўлганда субсидиядан манфаатдор фақат бойлар бўлади. Биз автомобилсозлик, коммунал соҳани субсидиялаяпмиз, аммо ўртада воситачи бўлса, бу субсидиялардан наф бўлмайди.
Агар биз маълумотлар омборхонасини шакллантириб олган бўлсак, ҳар қандай ёрдамни тўғридан тўғри ёрдамга муҳтожларнинг қўлига етказиб беришимиз керак. Агар субсидияларни энергетика етказиб берадиганларга, масалан, Андижон шаҳридаги 1200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг электр токига тўловлари учун деб берадиган бўлсак, бундан манфаатдорлар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бўлмайди. Пул тўғридан тўғри аҳолининг чўнтагига тушиши керак. Шунда самарадорлик бўлади.
Давлат раҳбари тезисларни маълум қилди, механизмлар қандай бўлади – ҳали билмаймиз. Кўряпмиз, Вазирлар Маҳкамаси кейинги пайтлар жуда кўп режаларни охирги лаҳзаларда эълон қиляпти; маслаҳатлашмаяпти, фикрлашмаяпти ва хатолар ҳам кўп бўляпти. Хатоларни камайтириш йўли сифатида ёпиқликни кўришяпти.
– Келгуси йилдан мол-мулк солиғининг бир қисми маҳаллада қолиши режа қилинмоқда...
– Маҳалла бизда қонун бўйича ўзини ўзи бошқариш институти ҳисобланади. Давлат бошқарув органларининг давоми эмас. Лекин охирги 3 йилда, айниқса 2022 йилда, маҳалла давлат сиёсатини юритишнинг бир ричагига айланди. Бунинг салбий натижаларини кўп вақт ўтмаган бўлса-да кўряпмиз. Кутилган юқори даражадаги натижани бермади. Биринчи навбатда биз қонунийликка қайтишимиз керак: маҳалла – ўзини ўзи бошқарадиган мустақил институт. У ўзининг даромадларига, харажатларига эга бўлиши мумкин, бунга ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Аммо бунинг учун маҳалла бошқарув органи раиси маҳалла аъзолари томонидан мустақил сайланган бўлиши керак. Ўтган йили охирги сайловларда ҳокимликларнинг роли ҳаддан зиёд юқори бўлди. Аввал тайинланадиган одамларнинг рўйхати берилиб, ўша одамлар тайинланди.
Иккинчидан, ҳозир аёллар, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, маҳаллалар ҳокимият вертикаллари орқали бошқариляпти. Кичик маҳаллаларда 2та, катталарида 5та раёсат бўладиган бўлса, ҳаммаси ҳокимиятга боғлиқ одамлар. Айтмоқчи бўлганим, ҳоким бўладими, маҳалла раисими, унга пул беришдан олдин шу пулга нисбатан унда масъулият бўлиши керак. Ҳокимият олдида эмас, шу пуллар ишлатиладиган маҳалла одамларининг олдида масъулияти бўлиши керак. Халқдан мандат олмаган одам, халқнинг эмас, ҳокимият олдида масъулият сезади. Бу масалага йўл қўйишдан олдин маҳалланинг мустақиллигини қайтаришимиз керак.
Мен ҳали бу механизм қандай ишлашини тасаввур қила олмаяпман. Айтайлик, Тошкентдаги 1000та одам яшайдиган маҳаллада мол-мулк ёки ер солиғидан йилига 200 млн сўм, кичик ёки камбағал маҳаллаларда эса 5 млн сўм йиғилади. Унда бой маҳаллалар ўзининг пулидан янада ўзини яхшироқ ҳис этади, камбағал маҳаллалар яна ҳам ўзининг камбағаллигини ҳис этаверади.
Умумий қозоннинг нисбий афзаллиги шундаки, бойлардан кўпроқ, камбағаллардан камроқ солиқ олиш ва уни қайта тақсимлаш орқали мувозанатни таъминлашдир. Агар бой маҳаллаларда солиқнинг 0,1 коэффициентини қолдириб, камбағал маҳаллаларга йиғган солиғидан ташқари бошқа жойлардан олиб берсак, бу бошқа масала.
– Аммо шу пайтгача камбағал маҳаллаларда ўзи тўлаган солиқнинг бир қисми, сиз айтгандек 5 млн сўм ҳам бўлмаган-да.
– Биринчидан, бўлмагани рост. Айтайлик, 5 млн сўм солиқ йиғилса, бу солиқ билан у маҳалла нима иш қила олади? Асосий моҳиятни иқтисодчи сифатида тушунмаяпман. Солиқнинг мақсади юқори қатламдан олиб пастки қатламга бериш. Агар ҳамма маҳаллада ўзининг солиғини ўзига қолдирсак, солиқнинг асосий функциясини йўқотиб қўямиз.
Назаримда, энди солиқ инспекцияси ҳам маҳаллага кириб келади. Маҳаллага давлатнинг милицияси, ҳоким вакили, аёллар, ёшлар вакили кирарди, энди солиқ вакили ҳам кириб келади. Ўзини ўзи бошқариш – ўзининг муаммоларини ўзи ечишдир. Ёрдамга муҳтож одам маҳаллага эмас, давлатга мурожаат қилиши керак, ёрдам манзилли бўлиши керак.
Маҳалланинг функцияси бутунлай бошқа. Кўп “ручной” ишларни вақтинча қилдик дейишди: ижтимоий реестрни шакллантиришда давлат маҳалладан фойдаланди. Энди ёрдамга муҳтож қатламнинг маълумотлари давлатда бор-ку – маҳалла канали орқали ишлашнинг нима зарурияти бор?
– Ҳукуматнинг 2023 йилги режасида давлат инвестиция дастурлари энди маҳалла даражасига туширилиши кутиляпти. Бу ҳақда нима дея оласиз?
– Ҳозир тўлиқ бу режани тасаввур қила олмадим. Тасаввурларим нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Илгари давлат инвестиция дастурлари туманлар кесимида амалга ошириларди. Яъни туманлар, кейин вилоятлар, кейин тармоқлар кесимида бўларди. Энди назаримда шунинг дастлабки қирқими маҳаллалар кесимида бўлади. 10 мингта маҳалла бўлса, шу 10 минг маҳалла кесимида лойиҳалар амалга оширилади. Ўзим шунақа тушундим. Бунда лойиҳалар бўйича ташаббускорлар топиш, унинг реализацияси каби маҳаллага қандайдир вазифалар юкланади. Олдин ҳар бир ҳокимдан инвестицион лойиҳа топиш вазифаси қўйилган бўлса, энди маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиларига шу вазифа тиркалади.
– Бу нарса қанчалик иқтисодий самара беради?
– Менимча, бу билан иқтисодий самарадорлик ошиб қолмайди. Чунки иқтисодий самарадорлик бозор, рағбат, талаб-таклиф асосида шаклланадиган нарса. Нодавлат-нотижорат институтлар натижасида шаклланадиган нарса эмас.
Биз ҳар сафар хато қиламиз-да, шунинг оқибатларини янги хатолар билан юмшатмоқчи бўламиз. Инвестиция дастурларининг давлат иштирокида шакллантирилиши – хато. Бизнес субъектлари ўзи шакллантириши керак. Давлатнинг инвестиция дастурларидаги роли – таълим, тиббиёт ва инфратузилмадагина бўлиши керак.
Ҳоким ёрдамчилари институти аввалги хатони тузатиш учун қилинган. Маҳалла орқали ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинди. Бу иш бермагандан кейин ҳар бир маҳаллада ўзимизнинг одамларимиз бўлиши керак деган хулосага келинди ва ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилди. Энди унга қўшимча кейинги ҳаракатлар бошланди.
– Ҳукумат режалари қаторида тадбиркорлик учун туманлар 5 та тоифага ажратилиши, тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар, компенсациялар ва солиқлар тоифалардан келиб чиқиб белгиланиши ҳам бор. Иқтисодчи сифатида, бундан кутилаётган самарадорлик қанақа бўлади деб ўйлайсиз?
– Бир ярим йил бўляпти, Қорақалпоғистоннинг барча туманларига мана шу имтиёзлар берилган. Агар адашмасам, айланма солиқ 1 фоиз, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган. Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидаги 2тадан ижтимоий аҳволи оғир туманларига ҳам шундай имтиёзлар берилган. Сўх тумани шу жумладан. Лекин эффект бераётгани йўқ-ку. Тошкентдаги бизнес кўчиб бораётгани йўқ-ку. Самарқанддаги бизнес ўзининг хизматини имтиёзга эга ҳудудларга кўчирмаяпти-ку. Ҳозир бу билан бюджет даромадлари пасаяди холос.
Айтайлик, Тошкент вилоятининг Бўка тумани ёрдамга муҳтож ҳудуд, шу ердаги ҳамма солиқларни 1 фоизга туширайлик десак, бизнес Бўкага кўчиб қолмайди. Чунки унда инфратузилма, логистика ва транспорт билан боғлиқ муаммолар бор. Соғлом бизнес учун солиқ имтиёзи керак эмас, унга инфратузилма, мулк ҳуқуқи, рақобат муҳити керак. Минг солиқ имтиёзи берганингиз билан у ерда соғлом муҳит яратилиб қолмайди.
Оддий IT соҳасини олайлик: ҳар битта компанияда ўзининг алоқа марказлари бор. Нимага улар бизнесини Қорақалпоғистонга кўчирмаяпти. Чунки бугун Қорақалпоғистонга учаман деса, авиачипта йўқ, эртага ҳам, индинга ҳам йўқ. Интернет яхши эмас, инфратузилма яхши эмас, ундан кўра бизнес қиммат бўлса ҳам Тошкентда ўтиришни афзал билади. Табақаланган ҳолда солиқлар пасайиши, кредит ва субсидиялар табақаланиши бюджет даромадларини камайтиради холос.
– Компаниялар ва тижорат банкларининг акциялари аҳоли учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади. Бу борада нима дея оласиз?
– IPO'га чиқариладиган компаниялар ва банклар орасида бутун фаолияти давомида зарарга ишлаб келган “Микрокредитбанк” ҳам бор. Давлатнинг ижтимоий сиёсатини юритишда қурбон бўлаётган банклардан бири ва имтиёзли кредит деган энг ёмон мундарижани яратган банклардан бири. Бу банклар қаторида “Қишлоққурилишбанк”, “Агробанк” ҳам саналган, буларнинг бирортасининг рентабеллиги инфляциядан юқори эмас. Ким инфляциядан паст бўлган компаниянинг акциясини сотиб олади?
Масалан, Қозоғистонда энг рентабеллиги яхши компаниялар таклиф этилган. Ўзимиздагига қиёс қиладиган бўлсак, НКМК, ОКМК, цемент заводлари даражасидаги корхоналарнинг акциялари таклиф этилган. Бизда эса энг даромадли компаниялар эмас, инвесторларнинг пул тикишга истаги кам бўлган компаниялар халқ IPO'сига чиқариляпти.
Узоққа бормайлик, UzAuto Motors халқ IPO'сини қиляпти. Аввалига компанияга субсидия бериб, солиқлардан озод қилиб, кўрсаткичларни шиширишди. Компаниянинг тўламаётган солиқлари ва субсидияларини чегириб ташласак, у – зарарга ишлаётган компания.
– 2023 йилда сув таъминоти яхши 1000 гектар экин майдонларининг аҳолига берилиши қайси жиҳатларига кўра муҳим?
– 2021 йилда 100 минг, 2022 йилда 100 минг, келаси йилда яна 100 минг гектар ер тарқатилиши айтиляпти. Ғоялар эзгу, аммо биз аввал 100 минг гектар ер эгаси – фермер, кооператив, фарқи йўқ, кимдандир олиб, бошқаларга берамиз. Минг гектар ери бор фермерга 10 гектарини топширасан, деяпти. Топширмаса, қолганини ҳам ҳоким олиб қўяди. Ихтиёрий 10 гектар ерини топширишига тўғри келяпти. Бунинг қонунийлиги йўқ.
Туманлар қирқимида вазифа бериляпти – қайсидир фермер 2000, қайсидири 500 гектар ерини захира олиши керак. Кимдан қандай қилиб олади, бу ҳокимнинг иши. Фермерлар орасида ҳам топшириладиган ерлар ҳажми бир хил эмас, қайсидир фермернинг 20 фоиз, қайсидирининг бутун ери олинган бўлса, қайсидирининг умуман ерларига тегилмаган. Бу – ҳуқуқий тарафи.
Тасаввур қилинг, сизнинг уйингиз бор – аввал коридор, кейин ошхонангиз олиб қўйилди. Сиз бу уйга нисбатан дахлдорлик сезасизми, уни таъмирлаш, жўмракларини алмаштириш ҳақида ўйлайсизми? Тўловларини ўйлайсизми? Сиз ўз ҳолига ташлайсиз ва тозалашни ҳам тўхтатасиз. Амалда бу ҳолат мулкдорларнинг ўзининг мулкига нисбатан бутунлай бефарқлик эффектини кучайтиради.
Тортиб олинаётган ер майдонларининг солиқ, сув тўловлари масаласи охирига етмади. Сув таъминоти насослар билан боғлиқ масала. Бу масъулият ер эгаларининг зиммасида қолиб кетяпти. Масалан, сизнинг 100 гектарлик ерингиз бор, 10 гектари олиб қўйилди. Энди сиз ҳар йили ариқ ва зовурларни тозалаш ишларини улар учун ҳам қиласиз. Чунки улар айтади: бизга ҳоким берган, ер бизники, қолгани бизники эмас. Ажратиб берилаётган ер масалалари бўйича сув, дренаж масалалари кимнинг зиммасида?
Яна 3-масала бор: ажратиб берилаётган ер 30 сотихдан бошланяпти. 10 гектардан ерни 30 сотихдан бўлиб берилса, битта контурда 34 майдон эгаси бўлади, бу ерга 34 хил экин экилиши мумкин. Ернинг структураси қандай бўлади кейин? Битта контурда 2 хил экин экиладиган бўлса, келаси йил ҳашаротлар билан боғлиқ масала пайдо бўлади. Чунки битта ўсимликнинг агротехникаси иккинчисиникига тўғри келмайди. Бу қандай бўлади? Бу жиҳатларини чуқур ўйлаш керак.
Концентрация нуқтайи назаридан ерга нисбатан самарадорлик ер майдонлари катталашган сари ошади, кичиклашгани сари камаяди. Кичик ерлардаги маҳсулотларнинг бир бирлиги катта участкалардагига қараганда доим қимматроқ юради. 30 сотих ер учун алоҳида транспорт сотиб олмайсиз, ўз-ўзидан маҳсулотингиз нархи қиммат бўлади. Сиз фақат натурал хўжаликда фаолиятингизни юритишга мажбур бўласиз. Аграр соҳанинг консенсусига кўра, ер майдонлари кичрайса, самарадорлик пасаяди.
Яна бир масала: устуворлик дафтарларда қайд этилганларга нисбатан бўляпти. Мен ҳали бирор бир давлат кредит, ер ажратиш орқали ижтимоий сиёсатни таъминлаб муваффақиятга эришганини кўрмадим. Давлат ер ажратиш ёки имтиёзли кредит ажратиш орқали ижтимоий сиёсатининг натижасини кўрмоқчи бўляпти. Аммо бутун дунёда ҳали бунақа тажриба йўқ. Ижтимоий ёрдам каналлар орқали, пенсия, нафақа, аёллар оладиган нафақалари, бола пули, таълим, тиббиётга имкониятини ошириш орқали қилинади.
Ҳар хил дафтарга кирган 30-40 ёшга кирган одамларни ўртаҳол қатламга айлантириб бўлмайди, лекин уларнинг фарзандлари бу қатламдан чиқиб кетишига имконият бор.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:59
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024