18:50 / 16.04.2019
22641

“Номзод нотўғри кўрсатилган!” - Норин туманидаги маҳалла аҳолиси раисликка номзоддан нега норози?

Оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган тарғибот ва эълонлар, кўчаларда илинган баннерларни кўриб, хабар топгандирсиз? Шу йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади. Жойларда яна ўн беш кундан сўнг бошланувчи муҳим тадбирга тайёргарлик қизғин кечаётгани аниқ.

Айни пайтда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссиялар бошчилигида жойлардаги ишчи гуруҳлар томонидан номзодлар аниқланиб, уларнинг рўйхатлари шакллантирилмоқда.

Ўз номзоди сайловга қўйилган ва маҳалласига оқсоқол бўлишни ният қилган инсонлар ўртасида эса ўзига хос рақобат бошланган. Улар орасида, Ҳамза ўз замонасида ёзганидек: “Мени сайланг!” дея сифат бериш мумкин бўлган жараён кетмоқда.

Бизга айрим жойларда ишчи гуруҳлар томонидан номзодлар танлаш бўйича хатоларга йўл қўйилаётгани ҳақида мурожаатлар ҳам келяпти. Ана шундай арзлардан бирини ўрганиш учун Наманган вилояти, Норин туманига бордик.

Билдиришларича, Тегирмонбоши фуқаролар йиғини раислигига қўйилаётган номзодлардан бири туман сайловга кўмаклашувчи комиссиясига сайлов қонунчилигига зид равишда тавсия қилиниб, рўйхатдан ўтган. Мурожаатда, ишчи гуруҳининг рўйхатига олинган номзод мазкур ҳудудда яшамаслиги, раис бўлиш учун таниш-билишчиликдан фойдаланаётгани, бундан ташқари ўша фуқаро сайловга номзодини қўйиш мақсадида 20 кун олдин ўз укасининг уйига “прописка”га қўйилгани айтилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисидаги қонуннинг 17-моддасида, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши” белгилаб қўйилган.

Туман ҳокимининг ўринбосари Сайдали Сиддиқов билан биргаликда туман сайловга кўмаклашувчи комиссияси ишлари билан танишдик. Туман сайлов комиссияси раиси Ҳасанбой Муҳиддинов билан Тегирмонбоши маҳалласида фаолият олиб борган ишчи гуруҳининг номзодликка берган тавсияларни кўриб чиқилди.

“Айни пайтда фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла оқсоқоли бўлишга лойиқ деб топилган номзодлар устида иш олиб борилмоқда ва тавсия хатлари тақдим этиляпти. Комиссия томонидан фуқаролар йиғинларида сайлов ўтадиган кун, жой ва соати бўйича аниқ жадваллари тузилган”, -дейди комиссия раиси.

Мурожаатда айтилган Тегирмонбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан сайловга қўйилиши кўзда тутилаётган номзодлар бўйича тавсия хати билан танишдик.

Дарҳақиқат, Тегирмонбоши маҳалласида фаолият юритган Шерзод Усмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг туман комиссиясига юборган тавсия хатида тўрт номзод кўрсатилган. Улардан бири сифатида худди арзномада кўрсатилганидек Отабек Нишонов номзоди қайд этилган эди. 

Комиссия раиси мазкур тавсия ҳеч нарсани англатмаслиги ва раисликка номзодларнинг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги сайловга 10 кун қолганида туман ҳокими билан келишувдан сўнг аниқ бўлишини таъкидлади. “Айнан мана шу номзоднинг нотўғри қўйилганлиги ҳақида менга ҳам роса кўп мурожаатлар бўляпти. Айни пайтдаги тавсия хатлари ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Мен аниқ айтаманки, Отабек Нишонов номзоди сайлов бўладиган куни рўйхатда бўлмайди!” - дейди мутасадди.

Кўп йиллик тажрибага эга, савияси юқори эканлиги билиниб турган Ҳасанбой аканинг бу гапларига ишондик. Туман сайловга кўмаклашувчи комиссия раҳбарлиги ўта масъулиятли вазифа ва жамоатчилик асосида олиб борилади. Фидойилик талаб қиладиган юмуш. Балки, комиссия раисига мана шу номзодни қўшиш ҳақида кимдандир, юқоридан “таклиф” бўлгандир.. Бу бизга қоронғи эди.

Бироқ биз фуқаролар йиғинига сайланиши кўзда тутилган ва Республика ишчи гуруҳи билан 30 март куни суҳбатдан ўтганлик ҳақидаги яна бир рўйхатда - Тегирмонбоши фуқаролар йиғинидан иккита номзод ҳақидаги маълумотномани ҳам кўрдик. Унда ҳам Отабек Нишонов исми-шарифи қайд этилган эди.

Тортишувларга сабаб бўлаётган номзоднинг ҳужжатлари билан танишиш асносида унинг паспортидаги яшаш жойини қайд этиш варағида Тегирмонбоши маҳалласидаги 14 уйга шу йилнинг 25 март куни қўйилгани ҳақида муҳр босилган.

Мутасаддилар мазкур ҳолатларни тушуниб етгач, мурожаатни маҳалланинг ўзига бориб ўрганиш шарт эмаслигини айтишди. 

 Бизни бир нарса жиддий ўйга солди. Наҳотки, Тегирмонбоши маҳалласининг сайлов бўйича ишчи гуруҳи раҳбари, 7-мактаб директори Шерзод Усмонов, сайлов ҳақида Қонуннинг 17-моддасини ўқимаган бўлса? Ахир мана шундай жиддий хатолар оқибатида сайловларнинг шаффоф ўтишига аҳолида шубҳа уйғонмайдими?

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига эса оз вақт қолмоқда.

Ўйлаймизки, оқсоқолликка - ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган фуқароларнинг номзодлари қўйилиб, аҳоли вакиллари энг муносибларини сайлайдилар.

Сўзларимни баландпарвозликка йўйманг... Зеро, Ватан остонадан, оиладан, маҳалладан бошланади. Бизга юрт ривожига ҳисса қўшадиган, аҳолининг ишончига сазовор раислар зарур. Уларга берилаётган эътибор ва маҳалла оқсоқолларини қийнаётган муаммолар бўйича эса насиб қилса сайловдан сўнг алоҳида фикр юритамиз.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top