Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда айтилишича, вилоят экспортининг 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Мингбулоқ ва Косонсойда бир гектардан олинадиган даромад вилоят кўрсаткичидан 2 баробар кам. Аҳолига берилган 16 минг гектардан 3,5 минг гектари бўш ётибди. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст.

Сайхунобод тажрибаси

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани мисолида Наманган вилояти Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди.

Бунда, маҳаллаларда жами 4 мингта хонадонни танлаб олиб, уларнинг даромадини ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади.

Шу тартибда, 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашилади. Бунга етарли миқдорда кредит ажратиш режалаштирилган.

Заргарлик

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қазиб олинаётган олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўляпти.

Президент кеча танишган заргарлик корхонасини мисол қилиб, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият борлигини таъкидлади.

Шу боис, тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилинади. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади.

Мутасаддиларга Туркия тажрибаси асосида Наманганда олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказни ишга тушириш топширилди.