14:30 / 17.04.2019
7414

Ўзбекистон облигациялари учун буюртмалар ҳажми 8,7 миллиард долларга тенг бўлганди — Одилбек Исоқов

Жаҳон молия бозорида Ўзбекистоннинг илк суверен облигациялари учун буюртмалар ҳажми 8,7 миллиард долларга тенг бўлганди. Ҳукумат буюртманинг фақат 1 миллиард долларга яқин қисмини инобатга олишга қарор қилган. Бу ҳақда 17 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий майдонга илк қадами» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«300га яқин хорижий инвесторлар 8,7 миллиард долларга тенг кредит линияларини Ўзбекистон учун очиқлаган. Биз фақат 1 миллиард доллардан жуда ҳам қулай нарх ва фоиз ставкасида фойдаландик. Шунга қарамай, келгусида таклиф этилган пулларни ишлатмасак-да, кредит линияларининг юқори бўлишини таъминлаб боришимиз зарур», — дейди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.

2019 йил февраль ойида Ўзбекистоннинг 1 миллиард долларга тенг 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорига жойлаштирилганди.

Ўзбекистон ҳукумати, аввал, облигациялар даромадлилигини 5,3-6 фоиз миқдорда белгилади. Шунга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш ва молия бозорида талаб юқори бўлгани туфайли фоиз ставкалари қайта кўриб чиқилди ва 4,75-5,3 фоиз этиб белгиланди.

«Бизга 8,7 миллиард доллар керак эмасди, ҳукумат аввалдан 1 миллиард доллар зарурлигини эълон қилганди. Нархни шакллантириш жараёнида ҳам ставка 0,625га камайтирилди. Шундан кейин таклифдаги инвестициялар ҳажми 3,8 миллиард долларга тушди», — дея қайд этди вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон облигациялари иккиламчи бозорда котировка қилиниши катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Облигациялар нархи 98,75 дан 105га қадар котировка қилиниши кузатилди. Бундай ўзгаришга асосан АҚШнинг давлат облигациялари нархини ўзгартириши ва глобал бозордаги ўзгаришлар сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Top