10:40 / 24.04.2019
16906

Имомали Раҳмон интернет учун оширилган нархларни бекор қилди. Ташаббускорларга чора кўрилди

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Монополияга қаршилик хизматининг мобил алоқа ва мобил интернет учун нархларни ошириш бўйича қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берган.

Президент қарорига кўра, нархлар аввалги ҳолатига қайтарилган. 

«Бугун Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси президенти, ҳурматли Имомали Раҳмон интернетдан фойдаланиш ва мобил алоқа хизматлари учун нархларни аввалги ҳолатига қайтарди», дейилади хабарда.

Шу билан биргаликда масъул шахсларга тегишли чоралар кўрилган.

Хусусан, 23 апрель куни интернет учун нархларни ошириш ташаббускори - Тожикистон ҳукумати қошидаги Монополияга қаршилик хизмати бошлиғи Саъдий Қодирзода ишдан олиниб, унинг ўрнини ҳукумат қошидаги Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва савдо инспекцияси раҳбари ўринбосари Икромиддин Вализода эгаллаган.

Тожикистонда бир ярим ой олдин интернет нархларини 2,5-3 баравар ошириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганди. Бу лойиҳа март ойи бошида эълон қилинганди, мобил алоқа ва интернет учун янги тарифлар 18 апрелдан жорий қилинди. Нархлар деярли икки баравар ошганди: аввал 1 гигабайт учун фойдаланувчилар 30-35 сомоний (3,5 доллар) тўлашган бўлса, энди бу 63 сомонийга (6,7 доллар) кўтарилганди.

Тожикистон Алоқа хизмати раиси Илҳом Атоев эса бу ўзгаришни маъқуллаб, «Фуқаролар соғлигини ўйлаган ҳолда мобил алоқа ва мобил интернет нархи икки баравар оширилгани»ни қайд этиб ўтганди.

Бу ўзгариш интернет фойдаланувчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлган ва жамоатчилик ташкилотлари эътирозлар билдирганди. Хусусан, Тожикистон демократик партияси раҳбари, парламентнинг қуйи палатаси депутати Саиджаъфар Усмонзода эса «Точикистон» радиоси эфирида интернет учун тарифларнинг оширилиши фуқароларни ҳукуматга қарши кайфиятга келтиришини айтиб ўтганди. Осиё тараққиёт банки эса Тожикистон ҳукуматига нархларни тушириб, интернет сифатини оширишни тавсия қилди. 

Top