Жаҳон | 20:07 / 09.05.2024
12660
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти Путин билан учрашувда «Крокус»даги терактни мамлакат обрўсига «жиддий зарар» деб атади

Раҳмон Тожикистон 30 йилдан ортиқ вақт давомида терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу «глобал муаммо».

Фото: «РИА Новости»

Терроризмнинг миллати ва дини йўқ, Тожикистон унга қарши курашда икки томонлама стандартларга қарши. Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб ёзди ТАСС.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар «савдо-иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар соҳаларда юксалиб бормоқда».

«Терроризм ва экстремизмга қарши курашга келсак, сиз бизнинг позициямизни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери биласиз. Бизнинг позициямиз қуйидагича: биз терроризм ва экстремизмга қарши курашда икки томонлама стандартларга қаршимиз. Терроризмнинг миллати ҳам, дини ҳам йўқ», деди Раҳмон.

Унинг қўшимча қилишича, Россия ва Тожикистон махсус хизматлари аввал биргаликда яхши ишлаган, аммо «афсуски, Крокус Сити Холлда фожиа юз берган». Раҳмон Тожикистон 30 йилдан ортиқ вақт давомида терроризм ва экстремизмга қарши курашиб келаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу «глобал муаммо».

«Тожиклар қадимий тарих, маданият ва цивилизацияга эга халқдир. Бўлиб ўтган воқеа, албатта, биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бу эса халқимизнинг қиёфасига, тарихига, маданиятига, урф-одатларига жиддий зарар етказади. Биз бу борада сиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этамиз», деб хулоса қилди у.

22 март куни кечқурун Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залига террорчилар бостириб кириб, одамларни ўққа тутди. Кейин залга ўт қўйилди. Оқибатда 144 киши ҳалок бўлди, 500 нафардан ортиғи жароҳатланди. Терактга алоқадорликда гумон қилинган 12 киши ҳибсга олинди, уларнинг деярли барчаси Тожикистон фуқаролари.

Терактдан кейин Россияда меҳнат мигрантларига қарши оммавий рейдлар бошланди. 27 апрел куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги шошилинч тавсиянома чиқариб, ўз фуқароларига Россияга сафар қилишдан «вақтинча тийилиш»ни тавсия қилди.

Мавзуга оид