Учар голланд
Уни тотал футбол асосчиларидан бири сифатида тилга олишади.
Унга таъриф берган бир спорт журналисти шундай деганди:
- Уни Пеле билан кўп қиёслашади. Пеле ўз замонаси учун идеал футболни намойиш қилиб берганди, Кройф эса замонасига бутунлай янги ва яхшироқ футбол олиб кирди.
Ундан Роналдо ҳақида ва замонавий футболда олдинги авлодлар даражасидаги афсоналар чиқмаётгани сабабини сўрашганда шундай жавоб берганди:
- Роналдо – яхши футболчи, аммо бизнинг пайтимизда бундай футболчилар ўнлаб топиларди. Агар кенгроқ фикр юритадиган бўлсак, ҳозирги муҳитда афсонани тарбиялаш мушкул. Ҳаёт ўта қулайлашиб кетгани ҳақиқий юлдузларни вояга етказиш учун тўсиқ деб ўйлайман. Чўққига чиқиш учун ва у ерда узоқ вақт қолиш учун эса, энг пастдан бошлаш лозим, ҳаёт учун курашнинг нақадар оғир ва зарурлигини англаб етиш керак бўлади.
У курашганди. Пеле ва Гарринча каби, Пушкаш ёки Ди Стефано каби. Роналдони ҳар қанча мақтасак оз, унинг ёшлигиданоқ фотомоделлар ва автомашиналарни коллекция қилиб юрганига қувонсак арзийди, аммо у буюк бўла олмасди. Бўлиши жуда қийин эди. Ҳозирги давр энг кучли футболчиларни дунёга келтира олади, лекин афсоналарни эмас.
1947 йилда Амстердамда туғилган Йоҳаннинг отаси оддий сотувчи, онаси эса кир ювувчи эди. Айнан онасининг касби унга футбол оламига йўлни очиб берганди. Онаси уйга яқин бўлган «Аякс» футбол клубида ишларди. Табиатан ўта нозик ва умуман спортчига хос келажак кутиш қийин бўлган ўн икки ёшли Йоҳанни онаси клубга етаклаб боради ва клуб мураббийларга илтимос қилади. Узоқ иккиланишлардан сўнг уни мактабга қабул қилишади ва Кройф атиги беш йил ўтиб комил футболчига айланади, клуб билан профессионал шартнома тузади. Дебют матчидаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилади.
Йоҳаннинг бор имкониятларини очиши ва унинг футболга ва футболни унга максимал даражада хизмат қилиши учун буюк мураббий керак эди. Унинг энг катта бахти шунда эдики, фаолияти буюк мураббий билан кесишди. 1965 йилнинг 24 январида клубга Ринус Миҳелс бош мураббий этиб тайинланди ва айнан шу кундан бошлаб икки «маэстро»нинг ҳамкорлиги бошланди.
Ўша пайтларгача Голландия футболи Европада анча орқада эди. 1957 йилга келибгина клублар профессионаллаштирилган бўлса-да, 60-70 йилларга келиб «Аякс» Европани забт эта бошлади.
Тотал футболнинг отаси сифати тилга олинадиган Ринус Миҳелс футболга баскетбол ўйини тамойилларини олиб кирди - тўпга эгалик қилинган пайтда барча ҳужумга ўтади, тўп йўқотилгач эса барча ҳимояланади. Миҳелснинг «Аякс»и юқори тезлик ва тўпсиз ҳаракат билан барчани лол қолдирганди, футболчилар осонлик билан таъқибдан қутулишар, ҳимояда бир-бирларини ажойиб тарзда қувватлашарди. Айниқса, ўша пайтларда урф бўлган «ўйинчига ўйинчи» ҳимояланиш усулида ҳаракат қилувчи жамоаларга қийинчилик туғиларди. Ҳужумчига елим мисоли ёпишиб олиши керак бўлган ҳимоячилар уларга эргашиб «Аякс» майдонига келишга мажбур бўлишарди, рақиб ҳимоясида пайдо бўлган бўшлиқдан эса «Аякс» ҳимоячилари усталик билан фойдаланиб ҳужумга ўтишарди. Шунинг учун «Аякс» ҳужумлари ҳар қандай нуқтадан бошланиши ва ҳар қандай тарзда давом этиши мумкин эди.
Бундай футбол учун албатта Миҳелсга жисмоний жиҳатдан кучли ва универсал бўлган футболчилар керак бўларди ва у четдан сотиб олишни ўйламай, ўзи тарбиялаб қўя қолади. Айнан мана шу қарашлар асосида буюк Йоҳан Кройф футбол оламида чарақлади.
Анча енгил ҳаракатланадиган Йоҳан тотал футболнинг ҳақиқий дирижёри эди. Унинг ўйин услуби ва ноодатий ҳаракатлари рақибни саросимага солмай қўймасди ва айнан шунинг эвазига унга «Учар голланд» лақабини беришганди.
Унинг тезлиги ўта юқори эди, 30 метр масофани 3,8 секундда босиб ўтарди. У исталган дақиқада тезлик олиши ва сонияда тўхташи мумкин эди, ўз танасини ва ҳаракатларини кутилмаганда ўзгартира оларди.
Унинг асосий жиҳатларидан бири оёғининг ташқи тарафида ҳам ажойиб тарзда бурама зарбалар бера оларди. Кўпинча у бурчак тўпларини ҳам шу шаклда амалга оширарди ва бу рақиб жарима майдонида катта хавф вужудга келтирарди.
- Замонавий футбол рақибни ортда қолдириш ва ҳаяжонга солишга асосланган, - деганди Йоҳан, - турли йўналишлардаги алдамчи ҳаракатлар билан рақибни саросимага солинг, қарорларни ҳаракат пайтида қабул қилишга ўрганинг, ҳаракатларингиз билан дарвозабонни ва ҳимояни чалғитинг. Хуллас, сизнинг ўйинингиз учрашув жараёнига руҳий таъсир ўтказсин.
Кройф тўпсиз ҳам беназир ҳаракат қиларди, тўп билан эса ҳақиқий сеҳргар эди. Енгил вазнига қарамасдан унга майдонда қаршилик қилиш қийин, тўпни осонликча олдирмасди.
У ҳақиқий универсал эди, тотал футбол айнан унинг учун яралгандек тасаввур уйғонарди баъзан. Исталган пайтда Кройф Роналдунинг шиддатини ва тезлигини, Каканинг рақибни саросимага солишини, Роналдиньонинг бутун майдонни назорат қилишини, Раулнинг нафис ҳаракатини намойиш қила оларди. У Ибраҳимовичга ўхшаб акробат ҳам бўла оларди.
Унинг «Барселона» таркибида «Атлетико» дарвозасига киритган голи ҳозиргача эсланади. Унинг шериги ўнг қанотдан дарвозанинг узоқ бурчаги тўпни юқорилатиб оширганди. Тўп дарвозага жуда яқин йўналганди, тўпга етиб олиш ҳам жуда қийин ва ноқулай эди. Йохан «шпагат» очиб тўпга сакраб, ҳавода айланиб товони билан тўпга текканди (Ван Даммни эсланг) ва тўп дарвозага кирганди.
1969 йилда Чемпионлар кубоги ярим финали «Ливерпуль» майдонида ажойиб натижа (5:1) қайд этган «Аякс» финалда «Милан»дан мағлубиятга учрайди (1:4).
Бу мағлубият голландларга дарс бўлди ва Миҳелс ўйин услубини янада такомиллаштиради, итальянларга қарши ўзига хос «иммунитет» ишлаб чиқади. Натижа эса ажойиб бўлади, «Аякс» кетма-кет уч маротаба Европада энг кучли деб эътироф этилади. Йоҳан эса кетма-кет икки марта Европанинг энг яхши футболчиси бўлади.
Йоҳаннинг 1973 йилда «Барселона»га кетиши эса «Аякс»нинг юлдузли даврига хотима ясайди ва усиз биринчи босқичдаёқ ЦСКА (София)га мағлуб бўладилар.
Испанияда пастки ўринларнинг бирини эгаллаб турган Каталония клубига Кройф янги об-ҳаво олиб киради ва ўша мавсумдаёқ клуб мамлакат чемпионига айланади. Йоҳан «Барселона»да олдинги клубидагидек совринларни юта олмайди ва Испания ички чемпионатидаги ютуқлар билангина кифояланади. Йоҳанга учинчи «Олтин тўп»ни эса терма жамоадаги ўйинлари, яъни ЖЧ-74 олиб беради.
Олдинги жаҳон чемпионатларининг финал босқичига чиқа олмаган голландлар Германияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳаммани ўзига қайтаришганди. Ринус Миҳелс «Аякс»даги тамойилларини терма жамоада қўллайди ва тотал футбол яна бир бор дунёни забт этади.
Ўша чемпионат олдингилардан фарқли тизимда ўтган, яъни гуруҳ босқичидан сўнг чорак финаллар ўрнига жамоалар яна қайтадан икки гуруҳга ажратилар ва гуруҳ ғолиблари финалда куч синашлари лозим эди. Дастлабки гуруҳ босқичини муаммосиз тугатган Голландия иккинчи босқичда Бразилия, ГДР ва Аргентинага қарши баҳс олиб боришлари маълум бўлади.
Ўйиндан ўйинга кучайиб бораётган Голландия терма жамоаси Аргентина дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритади, немислар ҳам тиз чўктирилади (2:0).
Бразилияга қарши ўйин эса барчанинг хотирасида узоқ қолганди. Деярли 20 йил футболда етакчилик қилган услуб, янги ва кўпчиликка манзур бўлаётган услубга қарши тура олиш-олмаслиги маълум бўлиши керак эди ўша оқшом. Узоқ йиллардан буён Пеле каби юлдузларсиз ўйнаб кўрмаган Бразилия бу сафар ҳар жабҳада мағлуб бўлади. Кройф ва Неескенс биттадан гол киритишади. Бразилияликларнинг асаблари дош бера олмайди ва жуда кўп вазиятларда Кройфга нисбатан ўта қўпол тарзда ўйнай бошлайдилар. Учрашувдан эртасига маҳаллий газеталардан бири ўйин ҳақида аниқ хулоса ясаганди: «Голландияликлар майдонда порлаш билан, бразилияликлар эса фақат йиқитиш билан машғул бўлдилар».
Финалдан олдин деярли бутун мутахассислар ва мухлислар Кройф жамоаси ғалабасини тахмин қилгандилар. Дунёнинг турли бурчакларида терма жамоа мухлислари пайдо бўлганди, Миҳелсни эса «буюк» деб атай бошлагандилар.
Аммо яна бир мактаб бор эдики, бу мактаб ҳар қандай вазиятда йўқолиб қолмасди. Яхши ташкилланган ва бир маромда ишлайдиган машинани эслатувчи немис жамоаси финалда ғалаба қозонди. 1-дақиқадаёқ Кройфга қарши ишлатилган қўполликдан сўнг пенальтини аниқ амалга оширган голландлар учрашув эндигина бошлангани ва ғалаба қозониш учун яна 90 дақиқа ўйнаш лозимлигини бироз унутиб қўйдилар. Ҳар доимгидек хотиржам немислар дастлаб пенальтидан жавоб қайтаришади. Учрашувнинг 43-дақиқасида эса ўша чемпионатнинг бомбардири Герд Мюллер керакли пайтда, керакли жойда пайдо бўлди ва ғалаба тўпини киритади.
Кейинги жаҳон чемпионатида ҳам голландлар финалгача боришди, аммо у турнирда Кройф қатнашмади. У ўттиз бир ёшида ҳам терма жамоани, ҳам «Барселона»ни тарк этди, унинг кейинги фаолияти АҚШда давом этди.
Атиги бир марта жаҳон чемпионатида қатнашган Кройф жаҳон футболида ўзининг ўчмас ўрнига эга бўлди. Йоҳан Кройфни мухлислар «учинчи қирол» деб аташади. Футбол тарихи ва статистикаси халқаро ферерацияси (IFFHS) эса уни 20 асрнинг энг яхши футболчилари ўнлигида Пеледан кейинги иккинчи ўринга лойиқ кўрганди.
Унинг ютуғи шунда эдики, у доимо ўйинини мукаммаллаштиришга интиларди, доим ўсишни хоҳларди. Ҳар икки оёғида ақл бовар қилмас даражада аниқ ва кучли зарба бера олар, майдоннинг ҳар қандай бурчагидан дарвозани ишғол қила оларди. Йоҳан тўпга эгалик қилганда ҳеч ким олдиндан нима қилмоқчи эканлигини била олмасди ва бу ҳимоячиларни баттар саросимага соларди.
Франц Баккенбауэр у ҳақида шундай деганди:
- Унга қараб туриб футболчи эканлигига ишониш қийин эди. Аммо бу фақатгина 1-2 дақиқага чўзиларди, холос. Йоҳан тўпни эгаллаши биланоқ, беихтиёр унинг мухлисига айланиб қолардингиз.
Кейинчалик, Йоҳан Кройф мураббийлик соҳасида ҳам улкан из қолдирди. Унинг 90-йиллар бошидаги Барселонада қурган «Орзулар жамоаси» ва унинг андозалари асосида Гвардиола томонидан ривожлантирилган «Барселона» футбол тарихидаги энг кучли жамоалар сирасига киритилди. Бу энди бошқа ҳикоя...
Қаҳрамон Асланов