Жамият | 12:35 / 30.04.2019
5376
2 дақиқада ўқилади

Коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш таклиф этилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ҳақида петиция эълон қилинган.

Қайд этилишича, жисмоний шахслар газ, сув, электр токи, иссиқлик таъминоти тизими учун тўловларни амалга оширишда шахсий ҳисоб рақами (лицевой счёт)даги пуллари кўринмай қолиши ёки бошқа ҳисоб рақамига ўтиб қолиши каби ҳолатларга тез-тез дуч келишади.

“Бу тизимни электрон ахборот тизимига интеграциялаш зарур. Истеъмолчи ҳисоблагич кўрсаткичи, қарзи, қанча олдиндан тўланганлиги ҳақида маълумотларни билиши ҳамда тизимдан масофадан фойдалана олиши лозим”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, бу тизим автоматлаштирилса, юзага келаётган тушунмовчилик ва муаммоларнинг олди олинади. Шунингдек, коммунал хизмат таъминотчиларига кучли ва замонавий серверларни харид қилиш керак. Кўп ҳолларда “база қотиб қолди”, “ишламаяпти” деган сўзлар билан истеъмолчиларнинг узоқ вақт кутиб қолишига сабаб бўлмоқда.

“Ҳозирда мавжуд газ, электр токи, сув ва иссиқлик таъминоти каби коммунал хизматларнинг шахсий кабинет, иловаларини ягона id рақам ёки иловага интеграциялаш, бирлаштириш зарур. Шунда фуқароларда коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш имконияти ортар эди”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид