Жаҳон | 01:03 / 30.04.2019
10586
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi асосчиси Gree Electric раҳбарига миллиард юанлик баҳсни бой бериб қўйди 

Фото: Jason Lee / REUTERS

Xiaomi бош директори ва ҳамасосчиси Лэй Цзюнь 2013 йил Хитой телевидениеси эфирида Хитойда кондиционерлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания Gree Electric раҳбари Дун Минчжу билан баҳс бойлаган. Bloomberg ахборот агентлигининг хабар беришича, улар 5 йилдан кейин кимнинг компанияси тушуми кўпроқ бўлишига баҳс бойлашган. Лэй Цзюнь ўшанда унинг компанияси даромадлари 5 йилдан кейин Gree’никидан ошиб кетишини айтган.

“Бутун мамлакат бизга гувоҳ бўлсин. Агар 5 йилдан кейин даромадимиз Gree’никидан кўпроқ бўлса, раис Дун менга 1 юань берасиз”, деб айтган ўшанда Лэй. Дун эса ўз навбатида ставкани бир миллиард юангача (ҳозирда 149 млн долларни ташкил қилади) кўтаришни таклиф қилган. 

Ўтган ҳафта Gree 2018 йил учун тушуми 198 млрд юанни ташкил қилгани ҳақида ҳисобот берган. Xiaomi’нинг шу вақт ичидаги тушуми эса камроқни – 178 млрд юанни ташкил қилган. 

Лэй Цзюнь баҳсда ютқазилган пулларни тўлаб бериши-бермаслиги номаълум. Компаниялар ҳам вазиятга изоҳ беришдан бош тортишган. Таъкидланишича, 2013 йилда ушбу баҳс янги компанияни ўшанда тушумдан бошлаб фабрикалар ва ходимлар сонигача бўлган барча кўрсаткичлар бўйича ортда қолдирган улкан компанияга дадил чақириқдек қабул қилинган. Унинг устига, Хитойнинг қитъадаги қисмида қимор ўйнаш тақиқланган.

Лэй Цзюнь ҳозирда 9,6 млрд доллар бойлик билан Forbes нашри рўйхатида 143-ўринни эгалламоқда.

Мавзуга оид