11:05 / 01.05.2019
7407

Самарқандда «Дамас» фуқарони уриб кетди. ЙТҲни Сурхондарёда яшовчи шахс содир қилгани аниқланди

Иллюстратив фото

2019 йил 23 апрель куни Самарқанд тумани ИИБга келиб тушган ҳужжатларга кўра, 2019 йил 20 апрель куни Самарқанд тумани Андижони маҳалласида яшовчи М.М. Шўрбои маҳалласи ҳудудида жойлашган “Аъзам бобо” номли тўйхонаси рўпарасида тан жароҳати олган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Тайлоқ тумани тез тиббий ёрдам бўлимининг 2019 йил 20 апрель кунидаги маълумотномасида айтилишича, М.М.нинг танасида яъни ўнг оёқ болдир суяги ўрта учлигидан синиши ва чап қош усти соҳаси урилиб йиртилган жароҳати ташхиси қўйилган. 

М.М.дан тан жароҳатларини қандай ҳолатда олгани сўралганида, руҳий носоғломлиги ва муомалага лаёқатсизлиги сабабли тан жароҳати олганини аниқлашнинг имкони бўлмаган. 

2019 йил 19 апрель кунидан 20 апрель кунига қадар М.М.нинг ҳаракатланган жойлари кузатув камераларидан олиниб кўздан кечирилганда, 2019 йил 19 апрель кунидан 20 апрель кунига ўтар кечаси Самарқанд тумани Шўрбои маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Олмаота-Тошкент-Термиз” М-39 автомобиль йўлининг “Тошкент-Термиз” йўналиши 94-км.да номаълум давлат рақамли “Дамас” русумли автомашина уриб юборгани аниқланган. 

Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари ҳамда ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ва тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини Сурхондарё вилояти, Ангор тумани Хамкон маҳалласида яшовчи, якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Н.Р. ўз бошқарувидаги “Дамас” автомашинасида содир қилганлиги аниқланган.

Top