Ўзбекистон | 09:14 / 04.05.2019
16924
3 дақиқада ўқилади

Туризм қўмитасининг Жамоатчилик кенгаши «Чор-Чинор»да чинорларни кесишни тўхтатишга чақирди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жамоатчилик кенгаши Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган «Чор-Чинор» тарихий объектида чинорларни кесишни тўхтатишга чақирди.

Фото: Дмитрий Костюшкин

Кенгаш «Правда Востока» нашрида эълон қилинган очиқ хатда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга мурожаат қилган.

«Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши cизлардан «Чор-Чинор» (Самарқанд вилояти Ургут шаҳри)даги асрлик чинорлар кесилиши ҳолати бўйича зудликдаги аралашувингизни ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган чораларни кўришингизни сўрайди.

Фото: Дмитрий Костюшкин

2019 йилнинг 30 апрель куни «Чор-Чинор» мажмуаси ҳудудида меҳмонхонани реконструкция қилиш ва қурилиш бошланиши тўғрисида маълумот келиб тушди.

Бугун биз реконструкция ишлари вайрон қилишга айланиб кетгани, бир нечта ёши асрларга тенг чинорлар кесилгани, чашмага бетон плита қўйилгани, ушбу эъзозланадиган ҳамда тарихий жой оёқости қилингани ва бузилгани тўғрисидаги маълумотга эгамиз. Инвесторларга ғамхўрлик билан асосланган ва асрлар давомида аждодларимиз томонидан яратилган ва бунёд этилган нарсалар бугун Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокимлигининг кўра-била туриб бунга йўл қўйиши натижасида бузилмоқда.

Фото: Дмитрий Костюшкин

Кўз ўнгимизда чинакамига ажойиб жой ўз маъносини йўқотди.

Шу муносабат билан сизлардан ўз ваколатларингиздан фойдаланиб асрлик чинорларни кесишни, вайронкор реконструкция ишларини тўхтатиш, аждодларимизнинг маънавий ва тарихий меросини бузишдаги айбдорларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, юзага келган вазиятда қўлланилган чора-тадбирлар тўғрисида жамоатчиликни хабардор этишингизни сўраймиз», - дейилади хатда.

Фото: Дмитрий Костюшкин
Фото: Дмитрий Костюшкин

Жамоатчилик кенгаши нашрга депутатлик расмий талабини жўнатишни режалаштираётганини маълум қилди.

Шунингдек, «Правда Востока» хабарига кўра, ушбу масалани Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, Экологик партия раҳбари Борий Алихонов ўз назоратига олган. «Чор-Чинор»га тезкор гуруҳ йўл олган. Ҳолатлар бўйича текширув бошланган. Яқин кунлар ичида ушбу текширув натижалари маълум қилинади.

Фото: Дмитрий Костюшкин
Фото: Дмитрий Костюшкин

 

Мавзуга оид