Ўзбекистон | 18:30 / 05.05.2019
54100
7 дақиқада ўқилади

«Иснод»: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари дўстона муҳитга рахна солишаётгани ҳақида

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ бемаъни ташаббус билан чиққан айрим зиёлилар халқимизнинг қитиқ патига тегиб, мамлакатимиздаги дўстона муҳитга рахна солишаётгани ҳақида мулоҳаза юритди.

«Бир гуруҳ ўзбек зиёлиларининг рус тилига расмий мақом бериш ҳақидаги кутилмаган таклифи чинакам зиёлиларимизнинг ғурурига тегди, жаҳлини чиқарди, довдиратди. Мен эса, аввало, чуқур қайғуга чўмдим. Дардим минг чандон бўлди. Сабаби, шу пайтгача бу мантиқсиз ва ноўрин таклиф остига имзо чеккан зиёлилар ёзган, чизган, куйлаган асарларда ўзбекнинг кўнгли, руҳияти акс этган, деган хаёлда юрардим. Дафъатан ана шу тоза ишончим дарз кетди. Кўнглим оғриди.

Президентимиз 2017 йил 23 декабрь куни Ўзбек тили ва адабиёти университетига ташриф буюрган чоғида биз, зиёлиларга қарата: «Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак», деган эди. Назаримда, бу – барчамизга, жумладан, ғайритабиий таклифни илгари сурган зиёлиларга ҳам тегишли сўзлар эди. Хўш, она тилимизни қачон дунёга тараннум эта оламиз? Қачонки, зиёлиларимизнинг ўзида она тилимиздан фахрланиш, расмий ва норасмий доираларда бошига кўтариш туйғуси шакллансагина бунга эришиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари яна муҳтарам элчиларимиз иштирокидаги йиғилишда ҳам «Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?!» деган ҳақли мулоҳазани ўртага ташлаган эди. Бу фақат расмий элчиларимизга эмас, ҳаммамизга, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқарога дахлдор талабдир. Боиси, ҳар биримиз Ватан остонасини ҳатлаб ташқарига чиқарканмиз, беихтиёр элимизнинг кўнгилли элчисига айланамиз: бизнинг сўзимизга қараб ўзимизга баҳо беришади.

Бугун сўз эркинлиги таъминланган, халқ фикрига қулоқ тутилаётган жамиятда яшаяпмиз. Аммо, бу – ҳар қандай тутуриқсиз таклифни илгари суриб жамиятимизни ларзага келтириш, саросимага солиш мумкин, дегани эмас. Айниқса, эътиқод, тил каби нозик, ҳассос мавзуларда етмиш марта ўйлаб сўнг гапирган, кўп ҳолларда эса умуман сўз айтмаган, тилни тийган маъқул. Халқимизнинг донишмандларга хос табиати, соғлом мантиқ шуни талаб қилади.

Шу ўринда дунёга донғи кетган доғистонлик адиб Расул Ҳамзатовнинг ушбу битикларини келтириш ўринли деб ўйлайман: «Шаҳарда яшаётган айрим ўртоқларим бошқа тилда гаплашаётганига, ёзаётганига нима дейсиз? Албатта, бу уларнинг ўз иши, лекин мен уларга тушунтиргим келади. Назаримда, улар битта қўлтиғида иккита тарвузни ушламоқчи бўлган одамларга ўхшайди. Мен бу бечоралар ҳолига қараб сездимки, улар авар тилида ҳам ёзишмайди, лекин бу рус тили ҳам эмас... Ҳа, улар ўз она тилининг қашшоқ ва қамрови торлигидан нолиб, ўзларига бой ва қамрови кенг тил излаб йўлга чиқишган. Худди авар эртагидаги эчкига ўхшайди. Эртакда эчки бўрига ўхшаб дум ўстириш учун ўрмонга кетади ва ўрмонда иккала шохи синиб, тўқол бўлиб қайтади...»

Атоқли адибнинг мулоҳазалари мағзини чақарканмиз, кўнгилимизда бошқа ўхшатиш юз очади: зиёфат чоғи мезбон меҳмонларни ёши, обрўси, нуфузидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириши мумкин, лекин тўрни эгаллаган меҳмон, у ҳар қанча мавқейи баланд бўлмасин, уйга эгалик ҳуқуқини даъво қилолмайди.

Мамлакатимизда бугун рус тилига, рус адабиётига кўрсатилаётган юксак эътиборни ҳамма кўриб-билиб турибди. Собиқ СССРдан чиққан мамлакатлар ичида бу тилга энг кўп эҳтиром кўрсатилаётган юрт, эҳтимол, Ўзбекистон бўлса ажаб эмас. Барча миллат вакиллари каби русийзабон халқ вакиллари билан ҳам аҳил-иноқ яшаб келяпмиз. Энг ёмони, бемаъни ташаббус билан чиққан зиёлилар халқимизнинг қитиқ патига тегиб, мамлакатимиздаги ана шу дўстона муҳитга рахна соляптилар, ҳамюртларимизни катта-кичик қутбларга бўлинишга сабаб бўляптилар. Чунки, мўъмин, вазмин халқ кўп нарсага бағрикенглик қилиши мумкиндир, аммо ор-номуси тимсоли бўлган она тилини хўрлатиб қўймайди. Бу ҳолат, таъбир жоиз бўлса, онаси устига иккинчи она келишини истамаган фарзандларнинг изтиробли исёнига ўхшайди.

Ўз туққан онасини қўйиб, бошқа мартабалироқ онага талпинган фарзандни ким деб аташ мумкин?! Бундай фарзанд ҳарқанча билимдон, истеъдодли бўлмасин, ўз онасидан юз ўгирган кимса сифатида маломат гирдобида қолади. Худо ҳар бир бандани шундай кўргуликдан, исноддан асрасин!

Хулосага қўшимча сифатида, ўтган йили «Ёшлик» журналининг 10-сонида эълон қилинган «Сўз» номли достонимдан бир парчани эътиборингизга қайта ҳавола қилишни жоиз топдим...

ЖИНОЯТ

У қишлоқда юрган Сўз эди,

Яшар эди элнинг оғзида.

Бахши билан яқин дўст эди,

Яшнар эди унинг созида.

 

Бир кун қўққис юраги сиқди,

Гўё унга етмасди нафас:

«Бу ерларда жуда зерикдим,

Шаҳар сари йўл оламан, бас!»

 

Хешлар билан хайр-хўш қилиб,

Йўлга чиқди эрта саҳарда.

Мардикорлар билан қўшилиб,

Етиб келди азим шаҳарга.

 

О, очилди содда оғзи ланг,

(Унга ҳайрон тикилди кўзлар)

Гангиб қолди – қилди ҳангу манг

Посон сўзлар, олифта сўзлар.

 

Ва ниҳоят, йиғиб эс-ҳушин,

Излаб кетди бирор қўним жой.

Машҳур ҳофиз эсига тушди:

«У бағрига олгай, ҳойнаҳой».

 

Катта кентда тентираб, айни

Шом маҳали манзилин топди.

«Танимайман сени, оғайни» —

Ҳофиз шартта эшигин ёпди.

 

Ранжимади, қилмади таъна,

Тақиллатди олим эшигин:

«Бизга керак илмий атама –

Сен-чи, фанга ётсан, кечиргин».

 

Сўнгги илинж — шоир…

Танти феъл,

Ҳотам дея қозонган у ном:

«Майли, фақат, эрта-индин кел,

Ҳозир эса йўқ сира илҳом…»

 

Сўз изғиди, ҳасратда тўзди,

Таскини йўқ — овозсиз бўзлар...

...Бехос унинг йўлини тўсди

Жин кўчада ажнабий сўзлар.

 

Бири кескин сермади пичоқ,

Биқинига бири мушт солди.

Чўнтакларин қилишди-ку қоқ,

Сўз йиқилди — чўзилиб қолди.

 

Нобуд бўлди.

Одамлар лоқайд,

Ётар бирор дайди маст, дея.

Қишлоқда-чи, куйлайди шу пайт

Бахши жуда ғамгин марсия...»

Мавзуга оид