Жамият | 11:30 / 13.05.2019
23212
4 дақиқада ўқилади

Тарихчи ва «тарихчи»

Миллатимнинг оёққа туришини, дунё узра номи жаранглашини, ҳурматланишини мен ҳам истайман. Айнан шунинг учун ўсиб келаётган ёш авлод босиқ-вазмин, йўлидаги тўсиқларни онг кучи билан енга оладиган авлод бўлишини истайман. Зеро, айнан шундай бир авлод юзага келса... у ёғини ўзи эплаб кетади.

Аммо янги авлод қалби нафратга тўлган, фақат ҳиссиёт билан «қуролланган», сўконғич бўлса, ундай авлод ҳеч нарсага қодир бўлмайди, аутсайдер, «лузер» ва қарам авлод бўлади. Инсонни идишга қиёсласак, идиш нафрат билан лиқ тўлса, ичида тафаккурга ўрин қолмайди. Тафаккурсиз инсон эса пуч ёнғоқ кабидир. Шунинг учун ҳам ёшларнинг қалбига нафрат уруғини ўтқазишаётганини кўрсам — ачинаман.

Тафаккур уруғи секин униб чиқади, нафрат уруғи — тез.

Тафаккурли авлодни тарбиялаш вақт, ҳиммат, илм ва олижанобликни талаб этади, сўконғич люмпен оломонни «етиштириш» учун бир-иккита фитна-суиистеъмолнинг ўзи етади.

Тарихни суиистеъмол қилиш қўштирноқ ичидаги тарихчиларнинг асосий ва севимли машғулоти. Улар фақат битта гапни — «кеча фалонлар миллатимизни ундоқ қилишган эди, бундоқ қилишган эди»ни такрорлайверишади, такрорлайверишади, фақат шу маънодаги тафсилотларни топиб айтаверишади, бошқа маъноларни четлаб ўтишади. Натижада, тарих шундай бир нарсага айланадики, гўё уни қанча кўп билсангиз, қалбингиз шунча нафратга тўлиши керакдек бўлиб қолади.

Бундай «тарихчилик» ғолиб келса тарихнинг асосий фойдаси — ҳикматланиш — «ўтмишда нима хатолар қилинган-у, биз уларни такрорламаслигимиз керак?», деган саволларга жавоб изланмайди. Омма тарихнинг асосий фойдасидан — қимматли ички тадқиқотдан маҳрум қилинади. Тарих ўзининг асосий вазифасини, асосий маъносини йўқотади. Шахс ва миллат хатоларни қайта-қайта такрорлашга маҳкум этилади.

Тарихни ҳикматланиш, деб танитадиган ҳақиқий тарихчи билан суиистеъмолчиларни ажратиб олиш керак. Тарихчи тарихий ишоралар воситасида кишини ўз шахсига назар ташлашга ундайди, ўз ички дунёсига қаратади, суиистеъмолчи эса кишини ташқи дунёдан айбдор топишга одатлантиради ва бу ишни унга чиройли қилиб кўрсатади, «сен ҳақиқий ватанпарварсан!» деб уқтиради.

Тарихнинг бир санасида шундай ишлар иккинчи жаҳон урушини келтириб чиқарган эди...

Тарих суиистеъмолчисининг вазифаси осон. Зеро, тубан ҳиссиётлар юзада бўлади — қўзғатиш қийин эмас. У ҳақиқий тарихчиларнинг сусткашлигидан ёхуд бундай тарихчиларнинг мавжуд эмаслигидан фойдаланиб, одамларнинг тарихий чанқоқлигини суиистеъмол қилади. Тарихий воқеаларни истаганча саралайди, хоҳлаганча бўрттиради, нафсига мувофиқлаштиради. Мақсади эса — одамларнинг тубан ҳиссиётларини уйғотиб, ҳиссий қувватдан озуқа олиш ёхуд кимнингдир буюртмасини бажариб мукофот олиш — иккисидан бири. Тарихни оммага ҳикматланиш деб танитиш эса унинг вазифаси ҳам эмас, бунга у қодир ҳам эмас.

«Миллат», «миллат ғурури», «миллат шаъни» каби тушунчалар тарих суиистеъмолчисининг қўлида заҳри қотилга айланиб, руҳларни касал қилади. Чунки бу тушунчалар ўзни ислоҳ этиш эҳтиёжи билан эмас, балки атрофни «тузатиш», атрофга нафрат қилиш билан боғлиқ бўлади. У ёш қалбларга нафрат уруғини сочувчи золим деҳқон.       

Шокир ШАРИПОВ.

Мавзуга оид