03:03 / 15.05.2019
5722

Германия Ўзбекистонга инфратузилмани ривожлантириш ва атроф-муҳит муҳофазасига оид масалаларни кўриб чиқишни таклиф қилди

Германия ҳукумати Ўзбекистонга атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга доир лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Kun.uz мухбири Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлигининг Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими директори, доктор Юрген Кайнхорстнинг Берлиндаги учрашув доирасида айтган сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси мавзусида халқаро алоқаларни тўғри йўлга қўйиш жуда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Сўнгги 10 йилда иқлим шароитлари ва атроф-муҳит муҳофазаси мавзусига катта эътибор қаратилмоқда. Бундай юқори эътиборга барчамиз гувоҳи бўлаётган иқлимнинг сезиларли даражада ўзгариши сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, электр энергия манбаларидан фойдаланиш ва уларнинг оқибатлари масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди", - деди у Берлинда ОАВ, ННТ ва давлат идоралари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан кечган учрашувда.

Юрген Кайнхорстнинг сўзларига кўра, бугунга келиб Марказий Осиё аҳолиси ҳам иқлим ўзгариши оқибатларини сезмоқда. Бу энг аввало мисли кўрилмаган ҳарорат ўзгариши мисолида намоён бўлмоқда. Ҳароратнинг бундай юқорилаши қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкин.

"Сизнинг минтақангиз ўз тоғлари билан машҳур ва сиз, эҳтимол, тоғ чўққиларидаги музликлар ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ва эришини кузатаётган бўлсангиз керак. Иқлимнинг бундай ўзгаришларининг олдини олиш ва бу борада қайғуриш биз ва бошқа мамлакатларнинг бурчига киради. Германия томон бунинг учун масъулиятни ҳис қилиб, бу йўлда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини маълум қилади. Мазкур масалалар ечимини топишга оид таклифлар киритиш идорамизнинг вазифасига киради. Биз имкон қадар ушбу дастурларни амалга оширишга ёрдам берамиз ва шу боис икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратамиз", - деди Кайнхорст.

Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, президент Штайнмайер яқин орада Ўзбекистонга ташриф буюради ва икки томонлама учрашувлар доирасида атроф-муҳит муҳофазасига оид масалалар муҳокама қилинади.

Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги Ўзбекистон раҳбарияти билан доим яхши муносабатларда бўлган ва томонлар турли қўшма лойиҳаларни амалга оширишган.

  1. Тупроқни эрозиядан ҳимоялашга доир лойиҳа. Унча катта бўлмаган бюджетга эга лойиҳа тоғли ҳудудларда амалга оширилган ва тупроқни эрозиядан ҳимоялашга йўналтирилган. "Қишлоқ хўжалиги секторига ёрдам кўрсатиш биз учун муҳим аҳамиятга эга ва бу атроф-муҳит муҳофазаси учун катта ҳисса демакдир. Ҳатто кичик лойиҳаларни амалга ошириш ҳам катта таъсирга эга бўлиши мумкин", - деди Кайнхорст.
     
  2. Оазисларда биохилма-хилликни сақлаб қолишга доир лойиҳа. Бу лойиҳа дарахт ва буталарни сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади, зеро Ўзбекистонда дарахт ва буталарнинг муайян навлари мавжуд. "Гап маълум бир оазислар ҳақида бормоқда, чунки совуқ чўллар билан бир қаторда жазирама чўллар ҳам бор. Ўзбекистондаги чўллар етарлича иссиқ ва бу мазкур масалалар бўйича пилот лойиҳани йўлга қўйиш учун айни муддаодир", - дея изоҳлайди у. 
     
  3. Ўрмонларни сақлаб қолишга доир лойиҳа. Бу лойиҳа Амударё билан боғлиқ. "Нафақат дарё сувларининг камайиши, балки сув ресурсларидан тобора кўпроқ фойдаланишнинг оқибатлари ҳам ўрмонларингизнинг йўқолиш хавфини келтириб чиқариши мумкин. Биз сизга ҳозирча сақлаб қолиш мумкин бўлган ресурсларни сақлашда ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Германия президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида ушбу масаланинг ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда", - дейди у.
     
  4. Ўзбекистон инфратузилмасини ривожлантиришга доир лойиҳа. Германия Ўзбекистонга инфратузилмани ривожлантириш имкониятлари бўйича маслаҳатлар беришни йўлга қўйишни таклиф қилмоқчи. "Шаҳарлар, жумладан, йўллар инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудий дастурларни йўлга қўйиш ҳам бизнинг вазифамизга киради. Германия ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди, чунки бу ҳар қандай мамлакат ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Биз, ўз томонимиздан сизларга инфратузилмани ривожлантириш имкониятлари бўйича маслаҳатларимизни таклиф қилмоқчимиз. Бу маслаҳатлар келгусида нафақат экологик нуқтаи назардан, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам фойда келтириши шубҳасиз", - қўшимча қилди Кайнхорст.

Юрген Кайнхорстнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбариятининг очиқ сиёсати натижасида мазкур йўналишлардаги ишларда ижобий тенденция кузатилмоқда.

"Якуний қарорни қабул қилиш ҳукуматингиз диққатига ҳавола, албатта, биз эса, ўз томонимиздан ҳамкорликка тайёр эканлигимизни маълум қилиб, сизларга ушбу масалалар бўйича лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқишни таклиф қиламиз, бу борада ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдормиз", - деди у.

Таъкидлаш жоизки, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат идоралари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Германияга амалга оширган study-tour'и "UzWaterAware" лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Лойиҳа Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ - CAREC) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг миллий ҳамкори - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги.

Top