18:54 / 17.05.2019
16586

Ичимлик суви ва канализация муаммолари, янги концепция. Вазир ўринбосари билан суҳбат

Ўзбекистон жаҳонга юз тутишни мақсад қилган бир вақтда аҳоли яшаш тарзи, ҳудудлар инфратузилмасининг ривожи бу йўлда бирламчи мақсаддир. Ичимлик суви ва оқова (канализация) хизматларисиз эса инфратузилма ва тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатда бу соҳада қатор муаммолар мавжуд. Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ва бошқа минтақалардаги масалалар бот-бот матбуотда ёритилади. Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хизматлари вазирлиги Ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматлари масалалари бўйича вазир ўринбосари Тоҳиржон Ҳайдаров билан шу масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Видео: YouTube

Видео: Mover (tas-ix)

Аҳоли орасида кўпинча ушбу янги ташкил этилган вазирлик бўйича саволлар берилади. Бу вазирликнинг ваколатлари нималардан иборат?

— Вазирлик 2017 йилда ташкил қилинган вақтда бир қатор вазифалар юклатилган. Булар: ичимлик суви ва оқова сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ва уй-жой фондларини эксплуатация қилиш саналади.

Ёз яқинлашгани сари аҳоли томонидан ичимлик суви билан боғлиқ кўплаб ҳақли эътирозлар келиши бошланди. Бу масалада ишлар қай даражада олиб борилмоқда?

— Вазирлик ташкил этилганидан буён ҳозирги кунда асосий қилинган иш – ичимлик суви ва оқова сув бўйича республика бўйлаб хатлов ўтказилди. Ҳозир ҳолат бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлдик. 59 минг км. ичимлик сув тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан 35-40 фоизи таъмирталаб бўлгани сабабли реконструкция қилиниши лозим. Оқова сув бўйича ҳам якунланган хатлов натижаларига кўра, республикада 79та шаҳар оқова сув (канализация) тизимларига эга. Бу шаҳарлардан 58тасида оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд. Ҳозир халқаро молия институтлари томонидан реконструкция ишлари олиб борилмоқда, 47таси таъмирталаб ҳолатда. Асосий оқова сув тизимлари ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилгани сабабли темир-бетон ва металлоконструкциялари чириб тамом бўлган. Совет вақтида электр энергияси арзон бўлгани сабабли катта қувватдаги насос ускуналари ўрнатилган. Ҳозирги кунда буларни алмаштириш керак ёки модернизация қилиниши лозим. Бу масалада 2018 йил ҳисобида республиканинг 12та ҳудудида 38 миллиард сўм ўзлаштирилган. Мисол учун, Ургут эркин иқтисодий зонасида, Самарқандда, Тошкент вилоятида ишлар олиб борилмоқда. 2019 йилда ҳам бу йўналишда ишлар кўзда тутилган ва 200 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ажратилган. Бизда 26та лойиҳа мўлжалланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида қуввати 1000 кубдан ошиқ оқова сув тизимлари тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, 100 км.га яқин оқова сув тизими қуриш режалаштирилган.

Ичимлик суви ва оқова сув тизими бўйича оғир ҳудудлар қаерлар?

— Ичимлик суви таъминоти республика бўйича 67 фоизни ташкил этади. Асосий муаммолар қишлоқ аҳоли пунктларида ҳисобланади. Энг оғир ҳудудлардан мисол қилиб Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманини олиш мумкин. Президент кўрсатмаси билан Оқсув-Деҳқонобод магистрали қурилиши кетмоқда. Сурхондарё вилоятида Бойсун энг оғир нуқта. Шу ҳудудда ҳам марказлашган ичимлик суви таъминоти бўлмаган. Бу бўйича ҳам давлат раҳбарининг кўрсатмаси билан 58 миллиард сўм маблағ ажратилди. 56 км.дан ошиқ магистрал суви қурилди ва ўтган йили 4та қишлоққа сув бердик. 2019 йилда Бойсуннинг бошқа қишлоқларига Хожимайхона сув булоғидан сув беришни мақсад қилганмиз.

Сирдарё вилоятига аҳоли мурожаатлари билан борган вақтимизда аксар эътирозлар ичимлик сувидан бўлади. Фарғона водийсида ҳам муаммоли жойлар кўп, масалан Косонсой каби туманларни олиш мумкин. Ушбу ҳудудлар бўйича режалар қандай?

— Дарҳақиқат, Сирдарё вилоятидан аҳоли томонидан шикоятлар кўп бўлади. Бу вилоятда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 5та туманда Тўрттом-Сирғали ва Бешбулоқ сув манбаидан ичимлик суви таъминоти ҳал этилади. Шунингдек, ҳар йилги инвестиция дастурлари билан ҳам ишлар бажарилади. Фарғона вилоятида асосий ичимлик манбалари локал сув иншоотлари ҳисобланади. Наманган вилояти Косонсой туманидаги муаммолар бўйича ҳам ўзимиз учун режа қилиб олганмиз.

Мамлакат миқёсида аҳолининг барча қисми ичимлик суви ва оқова сув хизматлари бўйича қамраб олиниши кўзда тутилган?

— Ҳозир ўзимиз учун режа қилишимиз лозим. Бу масалада Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрида 4040-сонли қарори чиқарилди. Бу қарорга асосан, шу йилнинг сентябрь ойига қадар Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича концепция ишлаб чиқиб уни тасдиқлашга киритишимиз лозим. 12 мингдан ортиқ аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти, 31та йирик шаҳарларда оқова сув хизматлари, 158та туман марказларида оқова сув хизматлари мавжуд жойларда реконструкция ишларини амалга оширамиз, мавжуд бўлмаган жойларда янги тизимлар қурилиши режалаштирилмоқда. Аҳолини уй билан таъминлаш қаторида ичимлик суви ва локал оқова сув тизимларини қуриш бу йилдан бошланади.

Марказлашган оқова сув билан локал оқова сув хизмати ўртасида фарқ қандай?

— Урганчнинг Туркманли маҳалласи аҳоли тураржойларини мисол қилсак. Бу жойда 60 тага яқин намунали уй-жойлар қурилган. Бу жойга биз локал оқова сув иншооти қурганмиз. Ўша ҳудудга битта насос ўрнатилади ва унга аҳолидан чиқаётган оқова сувлар ҳайдаб берилади. Иншоот бу сувларни тозалаб беради. Локал оқова сув марказлашган тизим эмас, фақатгина ўша ҳудуддаги уй-жойларга хизмат кўрсатувчи кичик кўринишидир.

Халқаро молия институтлари маблағлари жалб қилган ҳолда қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Бундай ташкилотлардан Осиё тараққиёти банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёти банки, Европа тикланиш ва тараққиёти банклари билан биргаликда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, шу кунгача Андижон вилоятида Осиё тараққиёти банки иштирокида 36 миллион долларга тенг бўлган оқова сув иншоотлари (қуввати 100 минг кубометр) реконструкция қилинди. 10 километрдан ортиқ оқова сув тизимлари қурилди ва реконструкция қилинди. Ушбу ишлар амалга оширилиш натижасида 160 минг нафар шаҳар аҳолиси таъминланди. Фарғона вилоятидаги лойиҳаларимиз ҳам Осиё тараққиёти банки томонидан молиялаштирилмоқда. Фарғона-Марғилон оқова сув иншоотининг қувватини 300 минг кубометрга етказилган. Ушбу ишлар амалга ошириш натижасида 300 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, Фарғона-Марғилон ҳудудларида 3 та оқова сув ҳайдаш насоси станциялари қурилган. 10 километрга яқин оқова сув тизими қурилди.

Жаҳон банки томонидан 2-босқич амалга оширилмоқда. Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида 500 мингга яқин аҳолини оқова сув хизматларига уланиши таъминланади. Концепция бўйича 31 та йирик шаҳарларда, 158 та туман марказларида сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш таклифи берилган. Бундан ташқари, 3 та босқичли тарзда 12 минг километрли суткасига 3 минг қувватига эга оқова сув хизматларини қуришни назарда тутганмиз. 

Республика бўйича ичимлик суви бўйича ҳолат қандай?

— 67 фоиз марказлашган ичимлик сувидан истеъмол қилса, қолган жойларда муқобил манбалардан сув ичишади. Қаердадир булоқлардан ичса, баъзи минтақалар масалан, Бухоро, Самарқанд ҳудудларида ташиб ичилади. Сувдан муаммо чиқиб қолмасмикин деб доим сергак турамиз. Муаммо жуда ҳам кўп. Тизим йўқолиб кетган. Яқин 2 йилдирки, тизимни тиклаш ҳаракатидамиз. 1993 йилгача соҳа битта одамнинг қўлида бўлган. Кейин маҳаллий ҳокимиятларга берилганидан сўнг, эгасиз қолиб кетган. Вазирлик тузилишидан мақсад ўша тизимни тиклашдир. Советлар даврида кўплаб қишлоқ аҳоли пунктларида 100 фоиз ичимлик суви билан таъминланган. Вақт ўтиши билан қаралмай қўйилган ва шу ҳолга келган. Японияга 2011 йилда хизмат ташрифи билан борган вақтимизда 1936 йилдаги насос ишлаб турибди. Чунки, вақтида жиҳозлари ечилиб, мойланган, эътибор берилган. Бизда эса йиллар давомида бундай ишлар билан шуғулланилмади.

Мазкур суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди 

Top