12:55 / 18.05.2019
29900

Транспорт вазирлиги Ўзбекистондан Туркманистонга ўтолмаётган юк ташувчилар бўйича маълумот берди

Туркиянинг 100 га яқин юк машиналари қарийб бир ойдан буён Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида тўхтаб тургани ҳақида хабар эълон қилинганди.

Транспорт вазирлиги ушбу ҳолат бўйича баёнот берди. вазирлик маълумотларига кўра, Тожикистон Республикасидан юк ортган автотранспорт воситалари Ўзбекистон ҳудудидан ҳеч қандай муаммосиз транзит ҳаракатланиб келган. 

Туркманистон чегара постидан ўтказилмаётганлиги сабабли, чегарада ҳозирда 50-55 тага яқин юк машинаси йиғилиб қолган. Ушбу масала юзасидан Туркманистон Республикаси “Туркманавтоуловлари” агентлиги билан боғланганда, масъул ходим агентлик томонидан ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаганлигини таъкидлаган. Ўз навбатида, масала чегара қўшинлари ёки божхона хизмати билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган. 

Жорий йилнинг 20 май куни Туркманистон Республикаси “Туркманавтоуловлари” агентлиги вакиллари билан музокаралар олиб бориш режалаштирилган бўлиб, юқоридаги масала бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Top