8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

16:42 / 17.05.2019 60276

Туркиялик юк ташувчилар қарийб бир ойдан буён Ўзбекистондан Туркманистонга ўтолмай чўлда яшашга мажбур бўлишмоқда

Туркиянинг 100га яқин юк машиналари қарийб бир ойдан буён Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида тўхтаб турибди.

Хабарларга кўра, Тожикистондан юк олиб ортга қайтаётган туркиялик ҳайдовчилар Туркманистон чегарасидан ўта олмаяпти. Бу ҳолат Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги дипломатик зиддият туфайли юзага келгани тахмин қилинмоқда.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон расмийлари ҳам, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам бу масалада ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини билдирган. Ҳайдовчиларидан бири Ҳейбет Алтекиннинг сўзларига кўра, улар масала юзасидан элчихонага мурожаат этишган. Бироқ элчихона вакиллари ҳам чорасиз эканликларини билдиришган.

«Биз мана 26 кундирки, Ўзбекистон чўлларида оч, чорасиз ҳолатдамиз. Туркия ҳукумати бунга лоқайдлик билан қарашадими? Биз бу ерда касалликлар ва илонлар билан курашмоқдамиз. Барча мутасаддиларга мурожаат қиламанки, бизни бу чўлларда кимсасиз ташлаб қўясизларми? Эроннинг ҳам шундай 3та юк машинаси қолиб кетган эди. Эрон элчихонаси ўртага тушди ва масала дарров ҳал этилди. Юк ташувчиларни олиб чиқиб кетишди. Биз эса яқин 30 кундирки шу ердамиз», дейди туркиялик ҳайдовчи.

Kun.uz масала юзасидан тегишли ташкилотлар билан боғланди.

«Навбатда турган юк машиналари мавжуд. Лекин чегарада юзлаб машина эмас, 50га яқин машина тўпланган. Бу икки давлат ўртасидаги масала бўлиб, Ўзбекистон томонининг бу масалага боғлиқлиги йўқ. Икки давлат ўртасида нима бўлгани бизга қоронғи», дейилади манба маълумотида.

Транспорт агентлиги билан ушбу масала юзасидан боғланиб жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Туркия элчихонаси матбуот хизмати ҳам изоҳ берди: «Туркманистон чегарасидан ўта олмаётган туркиялик юк ташувчиларга аввал ҳам тушунтирилган. Яъни, уларнинг ҳолатида Қозоғистон чегараси орқали ўтиш тавсия этилган. Бу ҳолатда бизга эмас, Туркманистон Республикасидаги Туркия элчихонасига мурожаат этишлари лозим».

Туркия сайтларида келтирилган мурожаатда юк ташувчилардан бири Жиҳан Тунчнинг сўзлари келтирилган.

«Ўзбекистон масъуллари билан бу масалада гаплашдик, аммо масала Ўзбекистон тарафига боғлиқ бўлмагани учун ёрдам беролмасликларини айтишди. Тожикистонга қатнаш Туркманистон йўлига муқобил вариант  сифатида Қозоғистон йўлини ҳам кўриб чиқдик. Қозоғистондаги виза муаммоси, бу давлат 22 тоннадан ортиқ юки бўлган машиналарни қабул қилмаслиги ва ортиқча пул талаб қилиниши каби жиҳатлар туфайли у йўлдан воз кечилганди. Ҳамкор фирмалар билан ҳам мулоқот қилинди ва афсуски улар ҳам бу масалада ожизликларини айтишди. Ҳар куни саҳрода 3-4 илон ўлдирамиз. Гигиеник аҳвол ёмон», дейди туркиялик ҳайдовчи.

Top