16:30 / 19.05.2019
3245

Абдулазиз Комилов Россия Федерал мажлиси юқори палатаси раиси ўринбосари билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

19 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) битирувчиларининг V Халқаро форумида иштирок этаётган Россия Федерал мажлиси федерация кенгаши раисининг ўринбосари Иляс Умаханов билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Суҳбатда икки томон кун тартибининг, хусусан унинг таркибий қисми бўлган икки давлат ҳокимиятининг қонунчилик органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди”, дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия парламентлари палаталари даражасидаги бўлажак икки томонлама учрашувларга тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.

Иляс Умаханов МГИМО битирувчиси сифатида Ўзбекистон раҳбариятига V форумни ташкил этгани ва меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик изҳор этди.

Top