20:55 / 22.05.2019
8327

«Исроилда бундай муаммо йўқ». Одам савдоси муаммосини матбуотда ёритиш билан боғлиқ камчиликлар айтилди

Бугун, 22 май куни “Пойтахт” бизнес марказининг «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коворкинг марказида «Istiqbolli Avlod» ижтимоий ахборот маркази ташкилотчилигида одам савдоси муаммоси бўйича ОАВ вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, «Istiqbolli Avlod» ижтимоий ахборот маркази раҳбари Нодира Каримова ҳамда раҳбар ўринбосари Шоҳида Қосимова йиғилганларга марказ фаолияти ва олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шоҳида Қосимованинг сўзларига кўра, марказ ташкил этилганига 18 йил бўлди. Кўплаб одамларга ёрдам қўли чўзилди, бироқ марказ фаолияти ҳақида ҳали-ҳануз одамларда тушунча кам. 

“2001 йилдан бошлаб 2014 йилгача Тошкент шаҳар "Istiqbolli Avlod" ёшлар ахборот-маърифат маркази бўлган. 2014 йилда Тошкент шахар "Istiqbolli Avlod" ижтимоий-ахборот маркази сифатида аҳолининг барча қатламлари доирасида иш юритишни бошладик. 2018 йилда Республика "Istiqbolli Avlod" ижтимоий-ахборот маркази мақомига эга бўлдик. Одам савдоси бўйича кўплаб ишлар ўрганилган. Бундай ишларнинг 65-70 фоизи Россия ва Қозоғистон ҳудудига ишлаган кетганлар орасида кузатилмоқда. Аёлларни алдов йўли билан Таиланд, БАА, Туркия каби давлатларга олиб кетиш ҳоллари мавжуд. Бизда психологлар, юристлар суҳбат қилишади. Бу жуда ҳам оғир жараён. Жабрланувчининг дардини, бошидан кечирганларини эшитиш оғир жараён. Журналистлар келиб «бизга жабрланувчи топиб беринглар» дейишади. Одам савдосига учраган шахс руҳиятида кўплаб жароҳатлар бўлади. У уйига қайтиб, бошдан кечирганлари энди эсидан чиқиб қўли ишга борганда яна чақириб нима бўлганини сўраймизми? Жабрланувчиларга ёрдам бериб чет давлатдан олиб келамиз, айбдорлар жазоланади, лекин жабр кўрганларнинг кейинги тақдири нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

Бундай масалалар ОАВда ёритилиши суст ҳолатда. Фаолиятимиз давомида 800 дан ортиқ жабрланувчи аёлларга ёрдам бердик. Бизда «Долзарб алоқа» телефон хизмати ишга туширилган» дейди марказ раҳбари ўринбосари Шоҳида Қосимова.

«Биз бундай муаммоларга қарши кураш бўйича халқаро тажрибани ўргандик. Исроил давлатидаги ҳолатни ўрганган вақтимизда бу давлатда одам савдоси борасида муаммо умуман йўқ эканлигини кўрдик. Уларнинг айтишича, курашда икки омилга қаттиқ эътибор қаратилган. Булар: жазонинг қатъийлиги ва ОАВнинг иштироки. Бу турдаги жиноятларга жазо жуда қаттиқ қилиб қўйилган. Аҳоли орасида тарғиботни журналистлар, яъни ОАВ бажарган», деди марказ раҳбари Нодира Каримова.  

Тадбирда журналистлар ва марказ вакиллари билан савол-жавоблар ўтказилди. Журналистлар бу борадаги муаммолар ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз таклифларини беришди.

Top