Ўзбекистон | 22:49 / 26.06.2023
9055
4 дақиқада ўқилади

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди 

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Фото: senat.uz

26 июнь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисни Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Тадбирда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Қайд этилишича, 2022 йилда соҳага оид 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Конституция ҳамда Меҳнат кодексига меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид янги нормалар киритилди, хусусан, мажбурий меҳнатнинг, шунингдек болалар меҳнатининг уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгилаб қўйилди.

Соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг позициясини янада мустаҳкамлаш мақсадида Миллий комиссия томонидан тасдиқланган «Йўл хариталари» ижросини таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилганлиги қайд этилди.

2022 йил мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўзбек пахтасига қўйилган кўплаб тақиқлар олиб ташланган йил сифатида ёдда қолди.

Танзила Норбоева амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, соҳадаги муаммоли масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Фото: senat.uz

– Олдимизда меҳнат муносабатларини халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш, норасмий бандликни қисқартириш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қолаверса, гендер тенгликни таъминлаш ва бошқа шу каби масалалар бўйича вазифалар турибди. Тасдиқланган «йўл хариталари»даги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш зарур. Ишларимиз қайсидир рақамларни тўғрилаш эмас, балки аниқ натижага йўналтирилган бўлиши лозим. Белгиланган чоралар биринчи навбатда инсон ҳуқуқларини таъминлашга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга, фуқаролар учун хавфсиз, муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган», деди комиссия раиси. 

Тадбирда эришилган натижалардан келиб чиқиб, пахта-тўқимачилик саноатидаги корхоналар фаолиятига халқаро стандартларни кенг татбиқ этиш ва бу орқали корхоналарда муносиб меҳнат тамойилларига эришиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. 

2022 йилда ушбу тармоқ корхоналари фаолиятига «Better work» ҳамда BCI халқаро стандартларини татбиқ этиш бўйича бошланган ишларни изчиллик билан давом эттириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. 

Шунингдек, халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Миллий комиссия қошида «Better Cotton» стандартларини татбиқ этиш бўйича Миллий маслаҳат Кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди ҳамда қўллаб-қувватланди. 

Мажлисда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича Ички ишлар вазирлиги, мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарлари, ҳудудий комиссиялар вакилларининг ҳисоботлари эшитилди ҳамда муҳокама қилинди. 

Мавзуга оид