13:35 / 23.05.2019
37131

Яқин Шарқда яна кескинлик. Пентагон Эронни тийиб туриш учун 10 минг аскар жўнатишга тайёрланмоқда

Пайшанба куни Пентагон Оқ уйга Яқин Шарққа АҚШ Қуролли кучларининг қўшимча контингентини жўнатиш режасини тақдим этади. Гап минглаб ҳарбийлар ҳақида бормоқда - бу аскарлар минтақада АҚШ ва Эрон ўртасида таранглик юзага келгани муносабати билан «ҳимоя мақсадлари»да юборилиши кўзда тутилмоқда. 

Эрон қирғоқлари яқинида аллақачон «Авраам Линкольн» авиаташувчиси навбатчилик қила бошлади
Фото: CATI CLADERA

Associated Press агентлиги ва CNN телеканали бир вақтда ўз шахсини очиқлашни истамаган бир неча америкалик амалдорларга асосланган ҳолда хабар бердики, Мудофаа вазирлиги (Пентагон) АҚШ президенти маъмуриятининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ходимларига АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий қудратини кучайтириш ҳақидаги режани тақдим этган. Гап бу ҳудудга 10 минг нафар аскар жўнатиш ҳақида кетмоқда.

Reuters мухбирларининг аниқлашича, аввалига АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Пентагонга қўшимча 5 минг ҳарбий жўнатиш бўйича сўров юборганди.

CENTCOM масъул бўлган ҳудудларда 21 мамлакат жойлашган: шу жумладан, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман ва Ўрта Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон.

Бундан ташқари, CENTCOM Қизил денгизи, Форс кўрфази ва Ҳинд океанининг ғарбий қисмидаги халқаро сувларини назорат қилади.

CENTCOM Осиёдаги 21 давлатга, жумладан Форс кўрфазига масъул
Фото: REUTERS

Оқ уй Пентагоннинг ташаббускори CENTCOM бўлган сўровини қаноатлантирадими? Бу ҳозирча мавҳум.

Биринчидан, АҚШ Мудофаа вазирлиги одатда бутун дунё бўйлаб жойлашган қўмондонликларидан қўшимча ресурслар юбориш ҳақидаги сўровларга рад жавоби беради.

Иккинчидан, Оқ уй ва Пентагон Яқин Шарқда ҳарбийлар сонини ошириш керак эмас ёки ҳозирча керак эмас деган қарорга келиши мумкин.

Учинчидан, бирданига 10 минг ҳарбий жўнатишга зарурат бўлмаслиги мумкин. Уларнинг бир қисми Эронни тийиб туриш учун зудлик билан ҳудудга ташланиши, қолгани вазият ўзгаришига қараб жўнатилиши мумкин.

Қайд этиш керакки, Пентагон аввалига агар Эрон минтақадаги америкалик ҳарбийларга ҳужум қилгудек бўлса ёки ядровий қурол яратиш ишларини жадаллаштиргудек бўлса, 120 минг аскар жўнатиш билан таҳдид қилганди.

АҚШ 11 май куни Эрон томонидан кучайиб бораётган «хавотирли аломатлар ва огоҳлантиришлар»га жавобан Форс кўрфазига «Авраам Линкольн» авиаташувчиси, «Арлингтон» десантчи кемаси ва камида 5та бомбардимончи самолётдан иборат оператив гуруҳини жўнатганди.

«Арлингтон» десантчи кемаси ҳам Форс кўрфазида
Фото: GETTY IMAGES

Бундан кўзланган мақсад Эрон томонига «аниқ ва бехато сигнал» йўллашдан иборат.

Қатардаги Америка базасига Б-52 бомбардимончи самолётлари учиб келган. Бундан ташқари, агар Эрон агрессив ҳаракатлана бошласа, АҚШ ҳудудга баллистик ва қанотли ракеталарни, шунингдек, энг замонавий типдаги ҳарбий самолётларни уриб туширишга мўлжалланган Patriot ракета мудофаа тизимини жойлаштиради.

Patriot зенит-ракета мажмуаси қанотли ракеталарни ҳам, баллистик ракеталарни ҳам уриб тушира олади
Фото: GETTY IMAGES

Москванинг позицияси қандай?

Чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий Вашингтонни Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди.

«Асосийси - вазиятни кескинлаштириш керак эмас, лекин афтидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Форс кўрфазида кимнингдир асаблари дош бермаслигини истамоқда», деди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков.

«Америка Қўшма Штатлари томонидан вазиятни кескинлаштиришга қаратилган ҳаракатлар жуда хавфли тус олди. Бу ерда муҳими томонлар ўз ҳиссиётларини бошқара олиши. Бу вазиятда айрим сиёсатчилар соғлом фикрдан устун келишига йўл қўймаслик зарур», деди Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин.

Трамп Эронга уруш билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 май куни Эронни яксон этиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Эрон биз билан урушмоқчи бўлса, бу улар учун расман якун бўлади. АҚШга таҳдид қилиш яхшиликка олиб келмайди», деди Трамп уруш бўлса, АҚШ Эронни кунпаякун қилажагига ишора қилиб.

Икки кун ўтиб АҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шэнахан (Жеймс Мэттис ўтган йил декабрида Пентагон раҳбарлигидан истеъфога чиққанди) АҚШ Эрон билан уруш қилиш ниятида эмаслигини маълум қилди. «Гап фақат Яқин Шарқдаги манфаатларимиз ва миссияларимиз ҳимояси ҳақида кетмоқда», деди у.

Ўша куни, 21 майда Трамп Теҳрон билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди. «Агар улар қўнғироқ қилишса», деди у.

«Авраам Линкольн» Ироқ урушида иштирок этган, ундан минглаб парвозлар амалга оширилган.
Суратда F/A-18E Super Hornet кўп мақсадли қирувчи-бомбардимончи
Фото: AFP

«Эрон ҳеч қачон мажбурликдан музокара ўтказмайди. Эронликларга таҳдид қилиб ҳамкорликка мажбурлаш тўғри бўлмайди», деди Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф CNN учун берган интервьюсида.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бригада генерали Амир Али Ҳожизода эса АҚШ Форс кўрфазида фаол ҳаракатлар олиб борадиган бўлса, Эрон бунга зудлик билан бунга жавоб қайтаражагини айтди. Ҳожизоданинг сўзларига кўра, илгари Эрон қирғоқлари яқинида АҚШ ҳарбийлари бўлиши таҳдид эди, ҳозир эса бу «имконият»га айланган. У, шунингдек, агар америкаликлар тажовузкорона ҳаракатларни бошласа, Эрон «уларнинг калласига уриши»ни қўшимча қилган.

ИИҚК бош қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саломий АҚШ минтақада психологик уруш бошлаганини билдирган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ ва жаҳон давлатларининг бошқа етакчилари бир неча марта музокарага чорлагани, АҚШ Давлат департаменти эса Теҳронга 8 марта расмий сўров юборгани ҳақида маълум қилди. У ҳам мавжуд шароитларда мулоқот бошлаш тўғри бўлмаслигини айтмоқда.

Барчаси нимадан бошланганди?

Трамп 2018 йил май ойида АҚШ 2015 йилги ядровий келишувдан (Обама президентлиги даврида тузилган келишувда АҚШ ва Эрондан ташқари Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой қатнашганди) бир томонлама чиқишини эълон қилганди. Вашингтон бунга изоҳ сифатида Теҳрон келишув мажбуриятларини бузганини келтирган, Трамп эса келишув шартлари Эроннинг ядровий амбицияларни чеклай олмаслигини қайд этиб ўтганди.

Келишув шартларига кўра, Эрон уранни бойитиш дастурини чеклаши ва ўз ҳудудига халқаро экспертларни киритиши зарур эди. Бу шартлар бажарилмагани учун АҚШ Теҳронга қарши санкцияларни қайта тиклади ва муносабатлар яна совуқлашди. Ушбу санкциялар ноябрь ойидан кучга кирган. Санкциялар нефть экспортини тақиқлашдан ташқари, саноат, савдо-сотиқ ва Эрон Марказий банкининг долларда амалга оширадиган операцияларига нисбатан ҳам жорий этилган.

Апрель ойида Эрон парламенти CENTCOM таркибидаги америкалик ҳарбийларни террорчилар деб атади
Фото: EPA

Апрель ойида бу чекловлар Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Туркия каби ишлаб чиқариши Эрон нефтига боғлиқ бўлган давлатларга ҳам жорий қилинди - энди Эрон бу давлатларга ҳам нефть сота олмайди.

Ҳасан Руҳоний АҚШ томонидан қилинаётган босимни «бемисл» деб атади.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти Эрон ислом инқилоби соқчиларини, яъни мамлакатнинг энг қудратли қўшинларини террористик ташкилотлар рўйхатига киритди.

Оқ уй Эронни Ислом инқилоби соқчилари корпусидан халқаро террорчилик кампанияси ўтказишда фойдаланишда айблади ва бу корпусни ядровий қурол ва баллистик ракеталар ишлаб чиқариш, Эроннинг бошқа мамлакатлар, масалан Суриянинг ички ишларига ҳарбий аралашувга масъул деб топди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳозирги вазиятда Вашингтон билан музокара ўтказишни имконсиз деб ҳисобламоқда
Фото: EPA

Бунга жавобан Эроннинг миллий хавфсизлик олий кенгаши АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигини (CENTCOM)  террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритди, АҚШни эса террорчиликка ҳомий давлат деб тан олди.

Вашингтон Теҳронга босим ўтказиш орқали Эрон билан янги икки томонлама келишув тузишга интилмоқда. Унга кўра, Теҳрон нафақат ядровий фаолиятидан воз кечади, балки ракета дастурларини ва хориждаги ҳарбий амалиётларини ҳам тўхтатади.

Бунга жавобан Эрон Форс кўрфазини океанлар билан боғловчи Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда - бутун дунёдаги нефть хомашёсининг нақ 20 фоизи айнан мана шу бўғоз орқали ўтади.

Расмий Теҳрон шунингдек, 2015 йилги келишувнинг барча мажбуриятларни бажаришдан бош тортишини эълон қилди ва 60 кун ичида уранни бойитиш ишларини бошлаш билан таҳдид қилди.

Бундан ташқари, айрим хабарларга кўра, Эрон ўзининг Форс кўрфазидаги кемаларига жанговар каллаклар жойлаштирган. Экспертлар фикрича, айнан шу кемалар орқали АҚШнинг Форс кўрфазида, БАА ҳудудий сувларида турган 4та танкерига ҳужум қилинган.

Эрон ҳукумати бу айбловни тан олмаяпти.

19 май куни Бағдоддаги яшил ҳудудга - ҳукумат бинолари ва хориж давлатлари элчихоналари жойлашган ҳудудга ракета учирилди, ракета АҚШ элчихонаси ёнидаги бўш ҳудудга тушди.

Бу ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ. Бу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким зиммасига олмади, аммо АҚШ Давлат департаменти бу ҳужум учун айбни Эронга юклади. Америкалик дипломатларга Эрондан чиқиб кетиш буюрилди.

Top