17:00 / 24.05.2019
133089

Водий ва воҳа аҳли ёпирилиб келаётган Чуст суви ҳақида ҳақиқатни излаб. Сув ичишга яроқлими ёки йўқ?

Чустдаги адир бағридан тортиб чиқарилаётган сувнинг овозаси қандай қилиб бутун Ўзбекистонга тез тарқалганига ҳайрон қолмай илож йўқ.

«Минг бор эшитгандан бир марта кўрган маъқул» дейишади. Интернетда тарқалган хабарларга аниқлик киритиш учун ўша жойнинг ўзига бориб маълумотлар олишга ҳаракат қилдик.

Наманган вилояти, Чуст тумани адирлари ичидаги жойни бизга «Қодиробод» деб айтишди.

Маълум бўлишича, «Чуст ижара» ММТП ҳудудининг 25 контури дала майдонида Тўрақўрғон туман Есин қишлоғи, Кўкқайрағоч маҳалласи ҳудудидаги «Томчи замин» фермер хўжалиги раҳбари Абдусаттор Йўлдошев тасарруфидаги 20 гектарли боғ ва бошқа экинларни суғориш учун 500 миллион сўм маблағ сарфлаб, 350 метр чуқурликда артезиан қудуғи тушириб чиқарган суви кутилмаганда шундай машҳур бўлиб кетган. Миш-мишларда бу сув турли касалликларга, ҳатто саратонга даво бўлиши айтилди.

Бундан тўрт кун олдин биров юрмайдиган адирлик йўли айни пайтда жуда гавжум. Автомашиналар рақамларига қараб, бу ерда бутун Ўзбекистон ҳудудидан меҳмонлар борлигини кўрасиз.

Қир тепасидаги сув чиқаётган жойга тўрт километр қолганида машина ва одамлар учун тирбандлик бошланди. Атрофда қўлида турли сув идишлари билан ёпирилиб адир тепасига интилаётган турли ёшдаги одамларнинг саноғига етиб бўлмайди.

Охири ўша сув чиққан жойга етиб бордик. Эҳ-ҳе-е... Тумонат одам. Водий вилоятларини қўйинг, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ҳатто Қорақалпоғистондан сув олиб кетишга келганларни учратдик.

Видео: Youtube

Адир тепасидан фермер 350 метрдан кавлаб чиқарган сув «насос» орқали тортилади. Бир-икки йил давомида чиқаётган ва биров шифобахшлигини билмаган сув булоғи ҳозир минглаб одамлар билан тўлган. Электр насос юрганда сув чиқа бошлайди. Икки кун мобайнида икки марта сув берилибди. Фақат бу ердаги минглаб одамларнинг тартибсиз ҳаракатлари бизни ҳайрон қолдирди.

Тепалик томон ўрмалаб чиқаётган ҳар бир одам тўғри навбатсиз, сув олиш учун булоқ олдига шошган. Бир пайт ускуна юриб, сув чиқишни бошлаши билан бақир-чақир, ур-тўполон ичида қолиб кетдик. Худди, умрни узайтирувчи «оби ҳаёт»ни талашаётган одамларни кўргандек бўласиз.

Тўрт-беш минг одам йиғилган. Ҳамма ўз «юксак маданияти»ни намойиш қилиб, олдинга интиляпти.

Маҳаллий аҳоли, яъни чустликлар оз, тартибсизликни асосан меҳмонлар келтириб чиқармоқда.

«Сувнинг шифобахшлиги» қандай аниқланди?

Еридан «шифобахш»лиги айтилаётган сув чиққан «Томчи замин» фермер хўжалиги раҳбари Абдусаттор Йўлдашевдан фикр сўрадик.

«Нафақага чиққач, «боғ қиламан» деб, адир ичидаги ташландиқ ерни ҳоким қарорига асосан олиб, иш бошладим. Сув йўқ эди. Қудуқ қазиб 350 метрдан чиқардик. Шу сув билан экинларни суғора бошладик. Ўтган йили яқин одамимиз келиб, сувдан оз-оз ичиб юрди. Унинг астмаси бор экан, тузалиб кетибди. Мен буни сувга эмас, жойнинг ҳавоси тозалигига йўйдим. Оёғида тузалмайдиган яраси бор одам ҳар ўтганда мана шу сувда ювиб турар экан. У ҳам тузалиб кетибди. Укамнинг юзида узоқ йиллардан бери давоси топилмаётган яра-чақаси бор эди. Яхши ният билан олиб бориб бердим. Бир ҳафта ювганди, пешанасидаги йигирма йиллик яра тузалиб кетди. Ўзимнинг дўстим бор, юрак етишмовчилиги билан оғрирди. Тинмай ҳансирарди. Шунга бир катта идишда олиб бориб бердим. Ҳозир тузалиб кетган, кетмон чопяпти.

Қисқаси, сув таркибини аниқлаш учун Тошкентдаги Минерология илмий-текшириш институтига олиб бордим. Улар, тўрт кунда таҳлилларни чиқаришибди. Менга, «сувингиз шифобахш экан, таркибида инсон учун шифобахш бўлган «Селен» минерал моддаси топилди», дейишди. Айтишларича бу инсон соғлиги учун роса керакли минерал экан», дейди Абдусаттор ака.

Мутахассислар фикри: «Сув ичишга яроқли эмас...»

Чуст туман  давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) мазкур артезиан қудуғидан олинган сув устида таҳлиллар олиб борган экан. Биз тиббиёт муассасаси бош шифокори Зайлиддин Анорқуловга таҳлил натижалари бўйича мурожаат қилдик.

«Аввало, туманимиздан мана шундай шифобахш сув чиққанидан хурсандмиз. Шов-шувли хабарлар тарқалгач, ходимларимиз билан намуна учун сув олиб, лабораторияда таҳлиллар ўтказдик. Кеча дастлабки хулосалар чиқди. Унга кўра, сувнинг айни пайтдаги қаттиқлиги ва лойқалиги, сульфат ва минераллар таркиби бўйича давлат стандартларига тўғри келмайди. Истеъмол учун яроқсиз.

Ҳозир қўшимча таҳлиллар давом этяпти. Агар бу сувни қайта ишлаб қаттиқлиги юмшатилса, лойқалиги тиндирилиб, микроблар зарарсизлантирилса, гигиеник ҳолати яхшиланиб, яроқлилик сертификати олинса истеъмол учун рухсат берилади. Ҳозирги ҳолатида ичиш эса ошқозон-ичак тизими касалланишига олиб келиши мумкин.

Мен ўзим яқинларимга бу сувни истеъмол қилишни тавсия этмасдим. Қачонки, мазкур сув иншоотига тегишли ускуналар қўйиб, тозалаб, тегишли гигиеник рухсатнома олиб, қадоқлашганидан сўнг истеъмол учун рухсат берган бўлардим», дейди у.

Наманган вилоят Давлат санитария эпидемиология маркази ҳам сув таркиби ҳақида ижобий хулоса бермаган.

«Сувнинг шифобахшлик хусусияти шошилинч хулоса бериладиган жиҳат эмас. Чунки у маълум бир касалликларга даво бўлса, бошқа бир дардларни қўзғаб юбориши ёки ҳар бир инсоннинг индивидуал кўрсаткичларига боғлиқ бўлиши мумкин. Демак, ушбу сувнинг шифобахш хусусияти тўғрисида ҳам чуқур лаборатория текширувларидан ўтказилишидан ташқари, муолажа амалиётидаги кўп йиллик тажрибалар натижаларига асосан хулоса бериш мумкин. Ҳозирча, бизнинг дастлабки тезкор текширувимиз натижаларига кўра, артезиан қудуғидан насос орқали тортиб олинаётган бу сув истеъмолга яроқсиз эканлигини маълум қилишимиз мумкин. Сувнинг таркибини чуқур таҳлил қилиш тегишли илмий муассасалар ҳамкорлигида давом эттирилади», – деган марказ бош шифокори ўринбосари А.Чўлпонқулов.

Хулоса ўрнида

Кўриб турганингиздек, ҳозирча сувнинг шифобахшлиги аниқ эмас, бу ердаги сув шифобахшлиги ҳақидаги гаплар фақат фермернинг сўзларига асосланган – сув у айтганидек чиндан ҳам беморлар дардига даво бўлганми, йўқми буниси мавҳум. Ҳатто сув соғлиқ учун зарарли бўлиши ва уни истеъмол қилиш ёмон оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Одамлар эса юзлаб, минглаб километрлар йўл босиб, даво илинжида сувга интилишда давом этишмоқда, дала ўртасида чиққан сувга ҳосил бўлган навбатларнинг охири кўринмаяпти. Бу ердаги тартибсизликка, юзага келаётган тиқилинч ҳолатларига ҳам эътибор йўқ.

Тана билан бирга руҳиятимизни, маданиятимизни, одобимизни ҳам даволашимиз керакка ўхшайди.

Ўйлаймизки, тез кунларда Чуст суви билан боғлиқ саволларга жавоб топамиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
тасвирчи: Аҳрорбек Яқубжонов
Наманган-Чуст

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top