Ўзбекистон | 08:02 / 22.09.2023
19827
2 дақиқада ўқилади

Чустда 71 нафар бола шифохонага ётқизилган

Шифохонага ётқизилган болаларнинг ҳеч бирида реанимацион, яъни оғир ҳолат йўқ. 

Фото: Kun.uz

Наманган вилоятининг Чуст туманида 71 нафар боланинг соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Чуст тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 23-сонли ДМТТнинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган.

Бўлим мутасаддилари воқеа жойига етиб борган ва дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик шикоят қилувчилар сони ортиб борган. 

Шунга кўра, 23-МТТдан 35 нафар, 51-МТТдан 20 нафар, 18-МТТдан 5 нафар, 36-МТТдан 3 нафар, 7- ўрта таълим мактабидан 1 нафар, 43-МТТдан 1 нафар, 21-ўрта таълим мактабидан 1 нафар, 30-МТТдан 2 нафар, 35-МТТдан 1 нафар 34-МТТдан 1 нафар, оилавий МТТдан 1 нафар, жами - 71 нафар боланинг  соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар шифохонага ётқизилган.

Кўрилган чора-тадбирлар, хусусан, тез тиббий ёрдам туфайли болаларнинг 9 нафари соғломлаштирилиб, яшаш уйига қайтарилган.

Қолган болаларнинг ҳам аҳволи мўътадил, улар шифокорлар назоратига олинган.

Шифохонага ётқизилган болаларнинг ҳеч бирида реанимацион, яъни оғир ҳолат йўқ. 

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларнинг ҳолати қониқарли экани, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилгани ҳақида хабар қилганди.

Мавзуга оид