12:07 / 25.05.2019
4151

2025 йилга бориб дунёда семизликдан азият чекаётган болалар сони 70 миллионга етиши мумкин

Жорий йилнинг 25 май, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб “Семиз бола – соғлом болами?” акцияси доирасида фаол юриш бўйича оммавий тадбирлар уюштирилди. Хусусан, ушбу тадбир пойтахтимизнинг Сергели тумани (5А-даҳаси)да ҳам бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, бундай оммавий тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини кучайтириб, жисмоний фаол бўлишга ундамоқда.

ХХI асрда жамият дуч келадиган энг жиддий муаммолардан бири болалар ўртасида семиришдир. Бундай болаларда қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари, таянч-ҳаракат касалликлари, айниқса, остеоатрит каби айрим инфекцияли касалликлар кичик ёшда пайдо бўлиши мумкин. Энг ёмони, болаларда семириш эрта ўлим ва ногирон бўлиш эҳтимолининг ортишига сабаб бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2013 йилда 5 ёшгача бўлган 42 миллион нафар бола ортиқча вазнга эга. Агар чора кўрилмаса, бу кўрсаткич 2025 йилга бориб 70 миллионга етиши мумкин.

Иштаҳаси яхши, қўл ва оёқчалари думбоққина бола ота-онанинг қувончи. Аммо бу қувонч фақатгина боланинг гўдаклик вақтида бўлиши керак. 5-6 ёшдан кейин эса оз бўлса-да семизлиги ота-оналарни хавотирга сола бошлаши лозим. Боланинг вазнига таъсир этувчи биринчи омил – бу кам ҳаракатли ҳаёт тарзидир. Болалар мактабда 6 соат, дарс тайёрлаш учун 2 соат, телевизорда қаршисида 2 соат, компютерга 2 соат ажратади. Тоза ҳавода сайр қилишга эса 1,5-2 соатгина вақт қолади Кўриниб турибдики, боланинг кўп вақти камҳаракатликда ўтади.

Иккинчи омил – нотўғри овқатланишдир. Бугунги кунда дўкон токчаларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, тез тайёрланувчи егуликлар, газли ичимликлар ва турли ширинликларнинг аксарияти болалар учун зарарли ҳисобланади. Бу болаларнинг семириб кетишига сабаб бўлиши баробарида, турли касалликларга ҳам дучор этиши мумкин. Фаол ҳаёт тарзи эса мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларда семизликнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Дарҳақиқат, болалардаги семизлик асосан нотўғри овқатланиш ва жисмоний фаолиятнинг паст даражаси билан боғлиқ. Болаларда семириш эпидемиясининг олдини олишда профилактика энг мақбул усул ҳисобланади. Жумладан, калорияли маҳсулотлар истеъмолини чеклаш, ёғлар ва шакар миқдорини камайтириш, мева ва сабзавотлар, шунингдек, дуккакли маҳсулотлар истеъмол қилишга эса эътибор қаратиш ва, энг муҳими, ҳар куни камида 60 дақиқа жисмоний фаол бўлиш лозим. Вазнни назорат қилиш жиддий жисмоний фаолиятни талаб қилади.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган фаол юриш тадбирларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Бунда фаол юриш тадбирларидан ташқари, болалар учун қизиқарли спорт тадбирлари ҳам ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Top