20:24 / 03.06.2019
14199

Маккажўхорида учровчи зараркунанда бутун дунё қишлоқ хўжалигига хавф солмоқда

Фото: Frank Peairs / Wikimedia

Бутун дунё бўйлаб жадал тарқаётган зараркунанда ҳашаротлар фермерларни касодга учратиб, очарчиликка олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Гап маккажўхори барги тунлами (Spodoptera frugiperda) ҳақида кетмоқда. Унинг қурти Америкадан Африка ва Осиёга тарқала бошлаган. Баднафслиги сабабли “чўнтак маҳлуқлари” деб аталган ушбу қурт 186 турдаги ўсимликни, жумладан, гуруч, маккажўхори, сабзавотлар, пахта, буғдой, соя дуккаклари ва шакарқамишни еб қуритади.

Таъкидланишича, яқин орада ушбу зараркунанда Европа, Австралия ва Жануби-Шарқий Осиёни босиб олиши мумкин. Маълум қилинишича, ҳашарот Африкада тарқала бошлаганидан кейинги 3 йил ичида фермерлар 13 млрд доллар зарар кўришган.  

Ҳашарот бир тунда 100 кмгача йўлни босиб ўтиши, унинг қурти маккажўхори ҳосилдорлигини 50 фоизга пасайтириши мумкин. Тунлам илк бор Африкада 2016 йилда аниқланган, ҳозирда у қора қитъанинг Саҳрои Кабирдан жанубдаги барча давлатларида учрайди. 

2018 йил июлда у Ҳиндистон ва Яманда, 2019 йил январида эса Бангладеш, Мьянма, Шри-Ланка, Таиланд ва Хитойда аниқланган.

Шу билан бир вақтда ҳашарот Американинг шимоли томон йўналмоқда. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозларига кўра, зараркунанда мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалиги ҳудудларини босиб олиши мумкин. 

Шуниси маълумки, ушбу ҳашарот совуқ ҳароратни кўтара олмайди.

Top