Жамият | 18:50 / 09.10.2019
81982
5 дақиқада ўқилади

Бобо бўлиш ҳам, ҳоким бўлиш ҳам қийин — ёхуд Миришкор туман ҳокими ва «ўғри бобо» воқеаси қандай бўлган?

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов фермер даласидан маккажўхори сўталарини юлиб чиққан бобони неваралари олдида изза қилгани тасвирланган видео юзасидан ўрганиш ишлари олиб бориш учун воқеа жойида бўлди. Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов воқеа юзасидан Kun.uz’га маълумот берди.

Воқеа жорий йил 29 сентябрь куни туманнинг «Гулистон» ҚФЙ ҳудудида рўй берган. Туман марказидан неваралари билан қайтаётган фуқаро Сайфулла Муҳаммадиевнинг сўзларига қараганда, неваралари маккажўхори даласидан маккажўхори териб, уйга олиб бориб, қайнатиб беришини сўраган. Шу мақсадда «Данагидан мағзи ширин» деганларидек, Сайфулла ака ҳам машинасини йўл четига олади. Маккажўхори эгасини излай бошлайди (ёши олтмишга борган инсон 5–10 дона маккажўхори учун ёлғон гапирмаса керак).

— Неваралар ҳоли-жонимга қўйишмаганидан кейин «фермер қишлоқдошим бўлса, уни кўрганимда сўта олганимни айтаман», деб фикр қилдим, — дейди Сайфулла ака. — Унгача невараларим далага кириб, ўн донача маккажўхорини териб чиқишганди. Шу пайт туман ҳокими келиб қолди. Бир томондан ҳокимнинг «қаттиқ» гаплари тўғри. Хато мендан ўтди. Аммо, асл бўлган воқеани сўзлаб беришга имконият бермади. Турли камситувчи ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан «сийлади».

Бобонинг бу ҳикояларидан сўнг биз ҳам тақа-тақ тўхтадик. Неваралари қувончи учун «ўғри» деб лақаб олган бобо ҳақми ёки туман ҳокими?

Шу жойда масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокими Равшан Комиловга ҳам юзландик.

— Инкор этмайман, — деб сўз бошлади туман ҳокими. — Ҳақиқатдан ҳам қизишиб кетдим. Сабаби — «Миришкор строй центр» МЧЖ тумандаги ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин сифатида маккажўхори, сабзи ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш бўйича фермерлар билан шартнома тузган. Унга кўра, 1 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар ноябрь ойига қадар Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилган. Аммо, ҳозиргача 417 минг долларлик дуккакли маҳсулотлар экспорт қилинди.

Воқеа содир бўлган жойда «Қурбонов Холмурод» фермер хўжалиги «Миришкор строй центр» МЧЖ билан шартнома тузгач, МЧЖ 100 гектар майдонга 15 минг АҚШ доллар эвазига фермер хўжалигига Испаниядан 1 тонна 800 кг маккажўхори уруғини етказиб берган. Айни пайтда фермер хўжалиги етиштирган 600 тонна маккажўхори дони чет элга экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.

Кўп марта маккажўхори далаларида ўғирликлар (тунда маккажўхориларни териб кетиш ҳолатлари кузатилган экан) содир бўлганини эшитганим сабабми, билмадим, қизишиб кетдим. Сайфулла ака вазиятни ойдинлаштиришига ҳам имкон бермадим. Кейин, ушбу видеони «Миришкор строй центр» МЧЖ раҳбарига жўнатдим. Жамият раҳбарлари ушбу видеони ходимларига «эътиборли бўлинглар», деган мақсадда жўнатган.

Натижада, ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетган. Асл ҳолатни билиб бўлганимда эса — кеч бўлганди. Тўғри, ҳоким сифатида қўпол сўзларни умуман ишлатмаслигим керак эди. Хато қилдим ва хатомни англаб етдим. Бунинг учун халқимиздан узр сўрайман ва бу ҳолат такрорланмаслигига ваъда бераман. Менга нисбатан қонуний чора кўрилишига ҳам розиман, — деди Миришкор туман ҳокими Равшан Комилов.

Кўриб турганингиздек, масала юзаки қаралганидан жиддий. Чунки, қонуний жиҳатдан кўриб чиқиладиган, муҳокама қилинадиган жиҳатлар анчагина. Бугунги ахборот асрида «ҳоким — ҳақ, бобо — айбдор» десангиз ҳам, «бобо — ҳақ, ҳоким — айбдор» десангиз ҳам муҳокамага сўз топилади.

Онлайн нашрлардан бирида таъкидланганидек, «Туман ҳокимининг маҳсулот экспорти ҳақида қайғуриши таҳсинга лойиқ, албатта, аммо у фуқарога нисбатан тилга олиб бўлмайдиган қўпол сўзларни ишлатмаслиги ва изза қилмаслиги керак, назаримизда. Хусусан, буни кузатиб турган ёш болалар қаршисида».

Бироз аввал мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан ҳам текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани Бош прокуратура ахборот хизмати томонидан маълум қилинди. Шундай экан, энди прокуратуранинг хулосасини кутамиз.

 

Мавзуга оид