22:06 / 04.06.2019
8987

Барча коммунал хизматлар учун уйдан тўлаш мумкин – Watercontrol биллинг тизими ҳақида

Ўзбекистонда барча коммунал хизматлар учун онлайн тарзда ҳақ тўлаш, тўловлар тушумини онлайн назорат қилиш тизими жорий этилмоқда. Бунинг натижасида турли ташкилотлар ва мижозлар ўртасида турли хил тушунмовчиликларнинг олди олинади ва тўловлар ҳамда коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятининг шаффофлиги таъминланади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан яратилаётган янги тизим бунга имкон беради. 2019 йил 4 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига жорий этилган Биллинг тизими ва ундан фойдаланиш тартиби» мавзусида матбуот анжуманида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларида ягона мижозлар базаси, ҳисоб-рақамларни қўйиш ва тўлаш тизимини, шунингдек, ташкилотлар балансида фаолият натижаларини автоматик равишда акс эттиришни ўз ичига олган дастурий маҳсулотларни жорий қилиш бўйича амалга оширилган ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди. 

Шу билан бирга, “Интеллект Сервис” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган ва вазирлик тизимида жорий этилган Watercontrol ва “Обод уй” автоматлаштирилган биллинг тизими имкониятлари, ундан фойдаланиш тартиби онлайн тарзда намойиш этилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлик Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қаҳҳоровнинг сўзларига кўра, Watercontrol автоматлаштирилган биллинг тизимига республика бўйича жами 3 319 559 та абонент қамраб олинган. Шулардан 3 294 658 жисмоний шахс бўлган мижоз, 24 901 юридик шахс истеъмолчиларидир. 

Биллинг тизимида истеъмолчиларнинг ҳисоб китобларини автоматлаштирилган онлайн тарзда юргизишга ва маълумотларини реал вақтларда кўра олиш имкониятлари яратилган бўлиб, Сувоқова корхоналарига татбиқ этилаётган автоматлаштирилган биллинг тизими Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.

Шунингдек, истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар тақдим этиш мақсадида ичимлик сув ва оқава сув хизматлари учун тўловларни онлайн тарзда CLICK, UPAY, PAYME, PAYNET ва Марказий Банкнинг МУНИС электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имкониятлари яратилган.

Мажбурий Ижро Бюроси ахборот портали МИБ иловаси ҳамда Адлия вазирлигининг “НОТАРИУС” тизимига ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича маълумотларни олиш юзасидан уланган ва биллинг тизимига ҳисоблагич кўрсаткичлари ва хатлов маълумотларини онлайн тарзда жўнатиш, истеъмолчилар хонадонларни олди-сотди қилиш жараёнида қарздорликларни автомат тарзда кўриш имкониятлари яратилган.

Республика бўйича барча сувоқова корхоналарининг истеъмолчиларга етказилган ичимлик сув ва оқова сув хизматлари учун ҳисобланган тўловлар миқдорини ва улардан қанча тўловлар келиб тушганлигини йиғма ҳисоботларини кўриш имкониятларини беради. Келгусида ушбу маълумотларни чоп этиш имконияти ҳам тақдим этилади. 

Top